ЎзА Ўзбек

16.05.2018 18:07 Чоп этиш версияси

Чинозда иккита корхона иш бошлади

Чинозда иккита корхона иш бошлади Тошкент вилоятининг Чиноз туманида “СHINZARA TEXTILЕ” ҳамда “FURAN TEXTILЕ” тикувчилик корхоналари иш бошлади.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туман фаоллари ҳамда корхоналар ишчи-ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда енгил саноат тармоғини ривожлантириш, тўқимачилик корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, пахта хом ашёсини қайта ишлашни янада кенгайтириш ва сифатли маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Вилоятда бундай замонавий корхоналар барпо этилиши, биринчи навбатда, тикувчилик йўналишидаги фабрикалар томонидан арзон, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, “СHINZARA TEXTILE” масъулияти чекланган жамияти ҳудуд тадбиркорларининг 300 миллион сўмлик маблағи эвазига ташкил этилди. Йилига 296 миллион сўмлик тайёр трикотаж маҳсулотлари, махсус спорт кийимлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада кластер усулидан кенг фойдаланилади. Хориждан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхона иш бошлаши билан 150 кишининг доимий бандлиги таъминланди.

“FURAN TEXTILE” корхонаси эса ўз фаолиятини турли ўлчамдаги болалар кийимларини ишлаб чиқаришдан бошлади. Ушбу лойиҳа маҳаллий тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан 480 миллион сўмлик сармоя ҳисобига амалга оширилди. Корхонада йилига 320 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Хориждан 150 та замонавий тикув машинаси келтирилиб, 200 янги иш ўрни яратилди.

4.jpg

– Ҳар икки корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилинади, – дейди туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Ш.Мамажонов. – Мазкур корхоналарнинг ишга туширилиши тумандаги Бешкапа ҳамда Алишер Навоий номидаги маҳаллалар аҳолисини доимий иш билан таъминлади.

Тадбир давомида иштирокчилар янги корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёни, ишчиларга яратилган меҳнат ва бошқа ижтимоий шароитлар билан танишди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
6 607