ЎзА Ўзбек

14.06.2019 10:58:38 Чоп этиш версияси

Чиноз тумани ҳокими нега ўз хулосасида оқсоқолнинг номзодига салбий хулоса билдирди?


Бу йил 73 ёшни қаршилаган Калмон ота мана, 36 йилдирки, “Ёввош” МФЙга раислик қилиб келади. Хўш, бунинг боиси нимада...

Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак! Одамлар билан очиқ мулоқот қилиш, халққа яқинроқ бўлиш, элнинг ишончини қозониш лозим”, деган даъвати бугун ҳар бир давлат идораси ва ташкилоти ходимининг шиорига айланди.

Айни шиор асосида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари устуворлик касб этиб, одамлар дардига қулоқ тутилмоқда. Йиллар давомида ўз ечимини кутаётган муаммолар ижобий ҳал этилиб, турмуш фаровонлиги юксалиб бораётир. Ўз навбатида, одамларнинг давлатга, бугуни ва келажагига ишончи янада мустаҳкамланмоқда.

Дарҳақиқат, халқ ишончини қозониш, уларни эзгу мақсадлар ортидан эргаштириш шарафли, шу билан бирга, мураккаб вазифа. Бунга эл-юрт тараққиётига бефарқ бўлмаган, ўзгалар манфаати учун қайғуриб, уларни амалий саъй-ҳаракати билан ташаббусларга ундаган кишигина эришиши мумкин. Президентимизнинг одилона сиёсати, халқпарварликка асосланган ислоҳотлари фикримизни амалда исботлаб турибди.

Яқинда республикамиздаги барча маҳаллаларда бўлиб ўтган фуқаролар йиғини раислигига сайловларда номзодларнинг ана шундай хислатларга эга эканига алоҳида эътибор қаратилгани қувонарли. Таассуфки, ушбу жараёнда айрим мутасаддиларнинг ўз ҳаловатини ўйлаб, муносиб номзодлардан кўз юмгани, таъбир жоиз бўлса, тўғрисўзлиги ва ҳалоллиги билан баъзи раҳбарларнинг “курсисини қимирлатиб” қўйишга журъат топадиган фидойиларга йўл бермаётгани аччиқ ҳақиқат.

“Ёввош”нинг виждони

Бундан 36 йил илгари Чиноз тумани қурилиш материаллари ва конструкциялари корхонаси директори ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган Калмон Эргашевни обрў-эътибори, шахсий ибрати ва жонкуярлиги учун маҳалладошлари “Ёввош”га оқсоқол этиб сайлашди. Калмон раис шу кундан бошлаб ҳудудни обод қилишга киришди. Ўтган йиллар мобайнида маҳалла кўчалари асфалтланди, кўприк қурилди, масжид солинди, хонадонларга ичимлик суви қувурлари тортилиб, табиий газ таъминоти яхшиланди. 2002 йилда Калмон отанинг ташаббуси, ҳомийлик кўмаги ва ҳашар йўли билан барпо қилинган 21-умумтаълим мактаби ёввошлик ўғил-қизларнинг қўшни маҳалла ҳудудидаги мактабга қатнашига чек қўйди. Шундан бери ота ҳар йили мактаб фонди учун ўзи раҳбарлик қилаётган “Эргашев Калмон” фермер хўжалиги ҳисобидан маблағ ажратади. Қувонарлиси, йиғиндаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз ва ногирон кексаларга моддий ёрдам бериб келади. 

Бу йил 73 ёшни қаршилаган Калмон ота мана, 36 йилдирки, “Ёввош” МФЙга раислик қилиб келади. Унинг чўрткесарлиги, қаттиққўллиги, муҳими, катта ҳаёт тажрибасига эга экани ҳудудда ажримлар сони кескин камайишига, жиноятчиликнинг олди олинишига, аҳоли турмуш фарвонлигининг яхшиланишига хизмат қилмоқда. Шу боис бу йилги сайловда ҳам аҳоли бир овоздан маҳалла раислигига Калмон Қаршиевнинг номзодини кўрсатди. Бироқ Чиноз тумани ҳокими Акмалхон Мадиев ўз хулосасида негадир оқсоқолнинг номзодига салбий хулоса билдирди. 

Ўйлаб қоласан киши, 36 йил давомида маҳаллани обод қилган, ҳар бир оиланинг турмуши, ижтимоий аҳволи, одамларнинг ўй-фикр¬ларидан хабардор инсоннинг номзоди қандай сабабларга кўра рад этилди?

Коса тагида нимкоса

Ҳокимнинг хулосасига юзланамиз. Унда йиғинлар зиммасидаги вазифалар кўлами туну кун масъулият билан меҳнат қиладиган, ўз вазифасига виждонан ёндашадиган, фидойи кадрларни талаб қилаётгани, Калмон Қаршиевнинг кексайиб қолгани инобатга олиниб, маҳалла раислигига ёш номзод кўрсатилиши кераклиги айтилади.

Тўғри, Калмон оқсоқол бугун улуғ ёшда. Соч-соқолига оқ оралаган. Аммо руҳи тетик. Эл дарди билан яшашни ҳаётининг мазмуни, деб билади. Унинг эзгу мақсадлари қаршисида моддиятнинг аҳамияти йўқ. Акси бўлганида, шунча йил ҳеч қандай маошсиз эл ишига бел боғламас, одамларнинг оғирини енгил қилиш учун мутасаддилар эшигида сарғаймас эди. Айниқса, оқсоқолнинг неча йиллардан бери одамларни қийнаб келаётган муаммо¬ — “Гулзоробод”, “Ёшлик”, “Тинчлик” ҳамда Ҳамза номидаги маҳалла фуқаролар йиғинидаги 71 та кўп қаватли уйнинг оқова ҳамда ичимлик суви тармоқларидаги авария ҳолатини бартараф қилиш йўлида мутасаддилар, жумладан, туман ҳокими билан “олишиб” келаётгани сир эмас. Зотан, аҳоли оқова сувнинг бадбўй ҳидидан, айниқса, ушбу ифлос сув ичимлик сувига аралашиб кетаётганидан азият чекаётгани Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Kun.uz ва бир нечта республика нашрларида ёритилди. 

Дарвоқе, раиснинг ҳаловатини ўғирлаган муаммолар фақат шу эмас. Мактаб¬лардаги шарт-шароитлар, йўлларнинг ачинарли аҳволи, коммунал хизматлардаги узилишлар, хуллас, санаса бармоқ етмайдиган масалалар ҳам борки, Калмон ота уларнинг ечими юзасидан эшигини қоқмаган мутасадди қолмаган. Баъзида “Раис бува, маҳаллангизнинг йўли текис бўлса, чироқ ва газ ўчмаса, бировларнинг муаммоси билан нима ишингиз бор?”, деган таънали саволларни ҳам эшитади. Аммо ортга қайтмайди. Негаки, унинг учун бегона маҳалла, бегона киши, бегона муаммонинг ўзи йўқ. 

Савол туғилади. Бировнинг дардини ўзиники деб билган, қарийб ярим аср умрини маҳалласига бахшида этган, устига-¬устак, бутун йиғин аҳли қўллаб-қувватлаб турган инсонга “Энди кексайиб қолди”, деган асоссиз важ билан салбий хулоса бериш қанчалик тўғри? Ёки юқоридаги муаммоларнинг юзага чиқарилаётгани баъзи мутасаддиларнинг пайтавасига қурт туширдимикан? Наҳотки, ҳоким наздида маҳалла раисига қўйилган талабга ҳақиқат учун курашаётган фаоллар эмас, камчиликларни кўриб кўрмаганга оладиган, вазифасига панжа орасидан қарайдиган, қўл синса енг ичида қабилида иш тутадиганлар муносиб саналса? Наҳотки, давлатимиз раҳбарининг “Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши керак. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул – ҳаммасини билиши лозим”, деган гапларидан хабари бўлмаса? Ахир, бугун ҳайрбаракачилик билан иш тутиб бўлмаслиги, касалликни яширган билан иситмаси ошкор қилишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди-ку.

Букилган, аммо синмаган ҳақиқат Сайловолди жараёнида К.Эргашевнинг номзоди олиб ташлангани ёввошликларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Аҳолининг илтимосномаси билан Калмон оқсоқол “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгаши кўмагида номзодлар рўйхатига киритилди ва у энг кўп — 96,2 фоиз овоз билан яна “Ёввош” маҳалласига раис этиб сайланди.

Ўттиз олти йил... Бу шунчаки кўз очиб-юмгулик фурсат эмас. Бир инсон туғилиб, вояга етиб, ҳаётнинг пасту баландини англаб оладиган давр. Калмон оқсоқол эса умрининг ана шу ёрқин фаслларини, энг навқирон дамларини маҳалласига бағишлади. Тағин шунча йил давомида маош олмасдан, жамоатчилик асосида ишлади. Аслида, шу эмасми маҳалла раисидан кутганимиз — фидойилик.

— Одамларнинг биргина “раҳмат”, деган сўзи, юз-кўзидаги мамнуниятни кўрсам, боримни бергим келади. Агар улар: “Раис, бўлди, энди ишни ташланг, шунда бизга яхши бўлади”, дейишса, мен ҳеч иккиланмай раисликдан кетган бўлардим, — дейди оқсоқол.

Аммо аҳоли: “Калмон оқсоқолнинг борига шукр. У бор экан, маҳалламиз обод, ташвишимиз кам”, дейди бир овоздан.

Дарҳақиқат, нуронийлар ҳақида гап кетганда, давлатимиз раҳбари уларнинг катта ҳаёт тажрибасидан унумли фойдаланиш, кўмаги ва маслаҳатига таяниш лозимлигини уқтиради. Шундай экан, нафақат Чиноз тумани, балки республикамиздаги барча туман ҳокимлари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ораганлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси сифатидаги фаолиятида Калмон оқсоқол сингари ҳалол ва фидойи фахрийлар кераклигини унутмасликлари лозим.

Аслзода НУСРАТЖОН қизи
Манба: “Nuroniy” газетаси