ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

“Чинор” ЙПХ масканида қалбаки долларлар аниқланди

“Чинор” ЙПХ масканида қалбаки долларлар аниқланди

Тирикчилик баъзан тошдан қаттиқ бўлади. Аммо ҳалол меҳнат, пешона тери ана шу тошни ҳам майдалаб ташлайди. Афсуски орамизда ҳалол луқмани ҳаромга алмаштиришни, меҳнат қилмай бойлик топишни орзу қиладиганлар учраб туради.

Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли “Чинор” мунтазам йўл патруль хизмати маскани “Қамчиқ” довонининг бошланиш қисмида жойлашган. Бу маскан ҳамиша транспорт воситалари билан гавжум. Ана шу серқатнов жараёнда инспекторлар юзлаб транспорт воситалари ва уларнинг йўловчиларини назорат қилишади. Лозим топилган вақтда текширади, камчиликларни аниқлайди.

Йўл патруль ходими инспекторлари “Нексия” русумидаги автомобилни тўхтатади. Ҳайдовчи билан биргаликда автомобиль юкхонасини кўздан кечирган ЙПХ инспектори, сафдор Яҳё Тошев у ердаги бошқа транспорт воситасига тегишли бўлган давлат рақам белгисини кўриб қолади. Ҳайдовчи бу давлат рақам белгиси корхонасига қарашли юк автомобилига тегишли эканини айтади.

Шундан сўнг ходимлар автомобиль салонида бўлган йўловчилар билан суҳбатлашади ва уларнинг ҳужжатларини текширади. Йўловчилардан бири текширув давомида ўзини ғалати тута бошлайди. Ходимлардан кўзини яширишга ҳаракат қилади. Бу ҳолат синчков ходимлар эътиборидан четда қолмайди. Гувоҳлар иштирокида ушбу йўловчи тўлиқ текширилганида эса безовталик сабаби ойдинлашади.

Маълум бўлишича ушбу йўловчи ўзи билан 1200 АҚШ долларини олиб кетаётган экан. Долларлар ходимларда шубҳа уйғотади ва улар тезкор хизмат вакилларини чақиради. Текширув вақтида бу долларлар қалбаки экани аниқланади.

Автомобиль, йўловчилар ва улардан олинган ашёвий далиллар билан биргаликда Оҳангарон туман ички ишлар бўлимига топширилади. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Рустам АСҚАРОВ,
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ 
Ахборот хизмати раҳбари.

1 977
ЎзА