ЎзА Ўзбек

12.12.2019 Чоп этиш версияси

Чингиз Айтматов Хитой императорларининг авлоди бўлганми?

Чингиз Айтматов Хитой императорларининг авлоди бўлганми?

12 декабрь – Чингиз Айтматов таваллуд топган кун​

Туркий халқларда ўғил бола етти ота-бобоси ким бўлгани, эл-юртда улар тўғрисида қандай хотира қолганини билиши, яхши ишларини эслаб юриши қатъий одат бўлган.

Оқсоқоллар кўчада нотаниш болани кўриб қолишса, “Қани, ботир бола, кимнинг ўғлисан, отангнинг отаси ким, бобонгнинг бобоси ким бўлган?” деб сўрашган. Бола ўзининг сулоласини билмаса, “Ўғлига боболари кимлигини ўргатмаган қандай ота бўлди”, дея афсусланишган.

“Мен ўзим ҳақимда ёзаётганимда, гапни бугун “феодал ўтмиш” деб аталаётган ўтмиш ҳаётимдан бошлашим мумкин, – дейди Чингиз Айтматов. – Мен шекер уруғиданман. Бу уруғ шажарамизнинг боши. Отамнинг исми Тўрақул, унинг отаси Айтмат, Айтматнинг отаси Кимбилди, Кимбилдининг отаси Қўнжижўқ...”

Таниқли қирғиз олими Ўсмонохун ИбраимовнингЧингиз Айтматовга бағишланган китобида ёзувчининг олис авлодлари ҳақида ғоят қизиқарли маълумотлар келтирилган.

Уларга кўра, Чингиз оға туғилган Шекер овули шу ном билан аталувчи қирғиз уруғи номидан олинган бўлиб, “қитай” уруғининг чап қанотидан тарқаган. Ёзувчининг синглиси Роза (Розалия) Айтматованинг хотираларида келтирилишича, “қитай” уруғининг тарихи бундай: “Бир гал уруғнинг асосчиси бўлмиш Кубанинг набираси Қаранай қўшни ҳудудларда жойлашган хитой қабилалари билан жангда ғолиб келиб, овулига ўлжа билан қайтаётганида чопарлар унга ўғиллик бўлганини хабар қилишади.

Ўша тунда осмонда янги ой кўринади. Чақалоққа “қутлуғ” ва “ой” сўзларидан келиб чиқиб, “Қут-ой” деган исм беришади. Кейинчалик бу исм “қитай” (қирғизча ёзилиши “қытай”) тарзида қўлланилиб, йирик сулолага асос бўлади.

Чингиз Айтматов бир гал суҳбатдошларининг кўп такрорланадиган саволига жавоб бериб, “Мен Хитой императорлари уруғиданман” деган экан. Ў. Ибраимов “Ўшанда аввалига ҳаммамиз ҳайрон бўлганмиз, кейин адибнинг бу ҳазилидан мириқиб кулганмиз. Чунки, қитай уруғининг бугунги этник хитойларга мутлақо алоқаси йўқ. Аммо... кейинчалик бу жавоб ҳазил эмасдир, деб ҳам ўйлаганмиз”, дейди.Бунда у адибнинг қуйидаги ҳикоясини назарда тутгани аниқ.

Қадимда қирғиз қабилалари қўшни ҳудудларда яшайдиган хитойлар устига тез-тез бостириб бориб, уларнинг мол-мулкини аёвсиз талашар экан. Хитойлар босқинчиларни тинчитиш, қўлга тушганларини жазолашга ҳар қанча уринишмасин, уларнинг бу ҳаракатлари натижа бермаган. Чунки, қирғизлар зудлик билан орқага қайтиб, баланд тоғ чўққилари орасида ғойиб бўлиб қолишар экан. Хитойлар улар яшаётган ҳудудларгача келсалар-да, талончиларни топа олмай, сарсон бўлиб орқаларига қайтиб кетишар экан.

Хитой императори талончиларнинг қилмишларидан хуноб бўлиб, бир куни яқинларини ёнига чорлабди-да, уларга қирғиз хони билан учрашув уюштиришни буюрибди. Учрашув пайти томонлар муросага келишибди: қирғизлар талончиликни бас қилишади, Хитой императори эса ўзининг суюкли қизларидан бирини хонга тортиқ қилади. Орадан бир йил ўтгач, Хитой келин ўғил туғади. Чақалоқни бошқа хотинлардан туғилган болалардан фарқлаш учун аввалига “Хитой келиннинг ўғли”,кейин “Қитай бола”, бора-бора “Қитай” деб атайдиган.

Қитайдан туғилган болага Тулку деб исм қўйишади. Тулкудан Байтике, Буудай ва Богожуу туғилади. Байтикенинг фарзандлари Тонтогор ва Қийра. Тонтогорнинг ўғли Шакер. Шакернинг ўғли Қудайназар. Қудайназарнинг ўғиллари Асан-Усен. Асеннинг ўғли Табилди. Табилдининг ўғиллари Қонжужоқ ва Танабой. Қонжужоқнинг ўғиллари Жанали ва Тинали. Тиналининг ўғли Кимбилди. Кимбилдининг ўғиллари Биримқул ва Айтмат.

Биримқул (Айтматнинг акаси) икки хотиндан учта фарзанд кўради: Алимқул, Озубек, Керимбек. Айтмат ва Ойимхондан беш фарзанд туғилган. Айимгул, Тўрақул, Қорақиз, Гулойим ва Рисқулбек. Тўрақул ҳам беш фарзанднинг отаси бўлган: Чингиз, Илгиз, Люция (Люся) ва Розалия (Роза).

“БОЛАЛАРИНГДАН БИРИ ДУНЁ ТАНИЙДИГАН ОДАМ БЎЛАДИ”

Роза Айтматованинг хотираларига қайтамиз. “Бизнинг шажарамиз она томондан Х1Х асрда Ўрта Осиёга кўчиб келган мусулмон татарларга бориб тақалади. Қариндошларимизнинг айтишларича, онамизнинг авлодлари илм-маърифатли ўқитувчилар, коммерсантлар, диний арбоблар бўлишган. Бобомиз Ҳамза Абдувалиев 2-гилдияли рус савдогари, таниқли мулкдорбўлиб, ҳомийлик ишлари билан ном қозонган. Унинг қалин қор тагида қолиб, ем-хашакдан қийналаётган чорвадорларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаати босилиб чиққан маҳаллий газета сақланиб қолган.

Ҳамза Абдувалиев мадрасада таълим олган, араб тилини билган, рус тилида сўзлаша олган. Шу боис фарзандларини саводли қилишга, рус тилида гапиришга, ўша пайтнинг маданиятли ва маърифатли кишилари қилиб тарбиялашга астойдил ҳаракат қилган. Рус, қирғиз ва татарлар яшайдиган Қоракўл посёлкасига кўчиб келиб, шу ерда муқим яшаб қолгач, болалари учун уй қуради, маҳаллий аҳолининг таниқли кишилари билан яқинлашади, меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлиги сабаб, уларнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлади. 1916 йилги қўзғолонлар пайти ҳукумат томонидан аёвсиз жазоланган маҳаллий аҳолига ачиниш ҳисси билан қарайди.Қоракўлда совет тузуми ўрнатилгач, мол-мулкини болшевикларга топширади. Ўз қўли билан қурган икки қаватли уй сақланиб қолган, боғи эса бугун ҳам “Абдувалиевлар боғи” деб аталади”.

Ёзучининг онаси Нагима Ҳамзаевна Айтматова (Абдувалиева) қалбан гўзал, ўз даврининг илғор ғоялари билан қуролланган маърифатли, турмуш ўртоғи Тўрақулга садоқатли аёл бўлган. Ўғли Чингизнинг тақдирида унинг тарбияси ва беадоқ меҳри муҳим аҳамият касб этган, энг оғир пайтларда, масалан, эри қамоққа олиниб, рўзғор ташвишларидан қадди букилганида ҳам болалари тўғрисида ғамхўрлик қилишдан тўхтамайди.

Бир гал Нагима фолбин аёлга учраб, ундан турмуш ўртоғининг тақдири тўғрисида сўрайди. Фолбин Тўрақул тўғрисида ҳеч нима демайди, аммо “Болаларингдан бири дунё танийдиган одам бўлади”, дейди.

Абдувалиевлар оиласининг шажараси қуйидагича: Йосиф – Халил – Габдрашит – Гайса – Габделвали (1800) – Ҳасан-Ҳамза (1850-1932) – Нагима (1904).Шажарада Абдувалиев ва Утямишевлар сулоласи Татаристонда таниқли Ишманлар сулоласининг ёнма-ён икки новдаси дейилади.

Роза Айтматова бу сулоладан икки юзга яқин таниқли кишилар етишиб чиққани тўғрисида ёзма ҳужжатлар борлигини айтади. Уларга кўра, Ишманнинг отаси– Тўқтарғали ўғли, Тўқтарғали – Кучукнинг ўғли, Кучук – Табежнинг ўғли, Табеж – Қудашнинг ўғли, Қудаш – қул Сулаймоннинг ўғли, Қул Сулаймон – Сулаймоннинг ўғли. Бу икки сулола асосчиларининг илдизлари булғорларга бориб тақалади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Қирғизлар бобо ва буви (момо)ни “Тай ата”, “Тай эне” (“Катта ота”, “Катта буви”) дейишади. Водийда эндигина йўлга кирган болани “Той бола” деб эркалатиш одат. Қадимги хитой юришлари Фарғона водийсида бўлганини эсласак, Ў. Ибраимовнинг иккиланишида жон борга ўхшайди. У адиб шажараси ҳақидаги фикрини шундай якунлайди:“Айтматовнинг томирларида қандай қон оқишидан қатъий назар, Ўлжас Сулаймонов ҳақ гапни лўнда қилиб айтиб қўйган: “Чингиз – руҳнинг хоқони, сўзнинг подшоси”. Бу мартаба императорликдан баланд”.

БАХТЛИ ОНЛАР УЗОҚҚА ЧЎЗИЛМАДИ

Ёзувчининг онаси Нагима Ҳамзаевна ҳақида кўп ёзилмаган. Аммо бу муштипар аёл бошига тушган азоб-уқубатлар озмунча эмас. Тўрақул билан танишгач, оила ҳаёти ҳавас қиларли даражада бошланади. Икки ёш самимий муҳаббат билан бир-бирларига суянадилар, фарзандлари улғайиб, ёнларига киришларини орзу қилишади. Аммо... бахтли онлар узоққа чўзилмайди. Тўрақул оиласи ва болаларини Москвадан поездга ўтқазиб, юртга қайтараётганидаёқ Нагиманинг кўнглида машъум хавотир уйғонади. Нега энди ота қолиб, биз қайтаяпмиз? Кутилмаганда, ҳеч бир тайёргарликсиз йўлга чиқишимизнинг сабаби нима? Тўрақул нега хаёлчан бўлиб қолди, бир нимани сездимикан? Ишидан хато топишган бўлса-чи? Ундай деса, хато қилганига, янглишганига ишониш қийин. Болшевиклар ишига садоқатли, Ленин асарларини тинимсиз ўқиган, Москвада марксизм-ленинизм институтида, қизил профессура курсларида таълим олган, Қирғизистонда партия-совет идораларида юқори мансабларда ишлаган кишида қандай хато бўлиши мумкин?

Чингиз Айтматовнинг “Болалигим” хотира қиссасида қуйидагиларни ўқиймиз: “1937 йилнинг боши. Сиёсий таъқиблар кўплар қатори отамнинг ҳам гирибонидан тутиб, бўға бошлаган пайт эди... Отамнинг кўнгли бирон нохушлик бўлишини олдиндан сезгандек, бизни юртимизга қайтариб юборишга ҳаракат қила бошлади. Назаримда, у тақдири азалнинг ҳийла-найрангларидан, қисматдан қочиб қутуладиган йўл йўқлигига кўзи етиб, бундан бизни асраш зарурлигини ҳис қилганча оиласини шу тақдир гирдобидан узоқлаштиришни ўйларди...

Биз нима учун кимдан ва нимадан қочиб кетаётганимизни ўшанда унчалик англамаганмиз. Бироқ... юрагим бир нималарни сезгани аниқ. Кўнглим аллақандай нохушликни сезди. Буюмларимизни йиғиштираётган отам билан онамнинг қайғули чеҳралари, қўрқув тўла кўзлари бундан ишора бериб тургандай эди. Отам биз билан уйга қайтмоқчи эмасди. Унга иш жойидан рухсат беришмаганини билардим...”.

Нагима шубҳа-гумонлар гирдобига ғарқ бўлганча, турмуш ўртоғи билан поезд перронида хайрлашиб, болаларини бағрига босиб, уйга қайтади. Адибнинг укаси Рисқулбекнинг уйида яшашади, Тўрақулнинг қайтиб келишини узоқ кутишади. Умид чироғи бир куни ёниб қолар, деб ўйлашади. Она топган бир бурда нонини тўрт боласи билан баҳам кўрди. Очликка чидашдан кўра, “Халқ душманининг болалари” деган тамғага дош бериш қийин кечади. Нагиманинг буюк хизмати – болаларини ўкситмай катта қилгани, уларга муносиб таълим-тарбия бергани десак, хато бўлмайди.

“ОТАМ ҲАҚИДА ЎЙЛАСАМ...”

photo5442731554657905667.jpg

Адиб ўзининг шу асарида болалик йиллари отаси билан Фарғона ва Андижонга борганини эслайди. “Отам ҳақида ўйласам, у кўз ўнгимда ҳамиша кўмирдек қоп-қора, бир жойида озроқ оқи бор қуюқ сочли, далада киядиган кўйлаги, қўнжли булғор этиги билан гавдаланади. У кўпинча қўш от қўшилган чарм ўриндиқли аравада юрар, олдинда эса аравакаш ўтирарди.

Отамнинг қиёфаси билан бирга, Фарғона тарафдаги пахса ёки гувала билан ўралган томи текис, бир-бирига ўхшаб кетадиган пастқам уйларни ҳам эслайман. Фарғоналикларнинг туриш-турмуши ўзига яраша эди.

Бу ерда одамлар аҳил-иноқ кун кечиришади. Қишлоқларда кексаларнинг ҳурматини жойига қўйишади. Оқсоқолларнинг гапи эркагу аёл, катта-ю кичик – ҳамма учун қонундай гап. Яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам қишлоқдошлар бир-бирларини ёлғизлатиб қўйишмайди. Ўзбекистонда ҳозир ҳам шундай...”, “Бир марта отам билан Андижонга бордик. Болалигимдаги бу сафар сира ёдимдан чиқмайди... Узоқ йўл юрдик, чарчасак оз-оздан дам олиб, яна юрардик. Йўлда одамлар отамга бир нималарни айтишар, ундан маслаҳат сўрашарди. Жуда ғариб яшаётганлари, кўмакка муҳтожликлари кўриниб турарди. Отам уларнинг саволига жавоб берар, маслаҳатини аямасди...”

ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ ШАЪНИНИ ҲИМОЯ ҚИЛГАН АДИБ

Бу ва бошқа кўплаб ҳолатлар боис бўлажак адибнинг онг-шуурида ўзбек халқига ҳавас, ҳурмат-эҳтиром юзага келади, кейинчалик бу туйғу бадиий ва публицистик асарларига, таъсирчан маърузаларига кўчади, эл-юртимизнинг оқибатли дўсти, оғир дамларда ёнида тура оладиган қадрдонига айланади, кўплаб ижодкорлар учун устоз мақомига кўтарилади.

Унинг юртимизга ҳар бир келиши адабиёт, санъат, театр соҳаси фидойилари учун чинакамига байрам бўларди. Буюк адиб билан ижодий мулоқотда бўлиш, унга сафардошлик қилиш бахтига муяссар бўлганлар оз эмас. Уларнинг ҳаммаси, ишончим комилки, адибнинг ҳаётда ўта камтар ва оддийлигига, суҳбатдоши ким бўлишидан қатъий назар, уларни эътибор билан тинглашига,баъзан, ноқулай вазият юз берганида ҳам ўзини босиқ ва ўйчан тутишига, ортиқча дабдаба, мақтов, ўринсиз мулозаматни ёқтирмаганига эътибор беришган, деб ўйлайман.

Энг оғир пайтда ўзбек халқининг шаънини жасорат билан ҳимоя қилгани, халқимизнинг ўтмиш маданияти ва унинг минтақа халқлари маданияти ва турмуш тарзига таъсирини юксак баҳолагани,садоқатли сафдоши Одил Ёқубовга мактуб йўллаб, уни асоссиз айбловлардан сақлаб қолгани, “Адил, тарихий мавзуда роман ёзишда сен мендан ўтдинг” дейишининг ўзи, Пиримқул Қодировга ҳам зарур пайтда елкасини тутгани ҳамма нарсани айтиб турибди.

Чингиз оғанинг яқин сафдошлари унинг ҳаёти бир текисда кечмаганини таъкидлашади. Чўлпон-отада халқаро Иссиқкўл форумида қатнашар эканмиз, отахон адиблардан бири: “Чикем (қирғиз тилида Чингиз исмининг қисқартириб айтилиши) кўп ва хўб ийлади-да, укажон, ҳаммамиздан кўп ийлади (йиғлади)”, деди. Баданим жимирлаб кетди. “Қанақа йиғи, Чингиз Айтматов-а? – дейман. Ҳа, ёдимга тушди. Қўлига милтиқ олиб, сигир ўғриларини ўлдирмоқ ниятида чопиб бораётган болакайнинг йиғиси. Мактабда “Сен нари тур, халқ душманининг боласи”, дея қўлини бигиз қилиб кўрсатишганида, кўзига келган ўкинч ёшлари. Онаси ҳаётдан кўз юмганида, балерина Бибисора Бейшеналиевани тупроққа қўйишаётганида, икки ўғлининг онаси, ҳаётининг оғир дамларида дилдош ва дарддош бўлган Керез Шамшибоева вафот этганида йиғлагани.

Отасининг хоки солинган қутичани ўз қўли билан “Ота бейит”да қабрга қўяётганида ич-ичидан келган аламли нола. Собиқ тузумнинг сўнгги кунларида боши узра бир вақтлар отаси бошида айланган қора булутларни кўриб кўзлари ёшлангани... Ҳа, бунча дард ва аламни кўтариш осон бўлмаган.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ ижодкорлар адиб таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Бишкек ва Чўлпон-отада ўтказилган форумида қатнашар эканмиз, “Ота-бейит”да мангу қўним топган Чингиз оға қабрини зиёрат қилдик.Олатоғ этакларида жойлашган бу зиёратгоҳда улуғ устоз бу ёруғ оламнинг не-не талотўпларига гувоҳ бўлган виқорли тоққа елкасини тутиб, бошқа ҳеч қачон уруш бўлмасин, қиёмат қўпмасин, тоғлар қуламасин, одам боласи бир-бирига қурол ўқталмасин, бири-бирининг уйига ўт қўймасин, боласини ўлдирмасин, қарғалар жаҳаннам узра бошқа ҳеч қачон фарёд қилмасин, илдизи, тили ва дили бир эллар бир-бирларидан узоқлашмасин, бир-бирини танимай қолмасин, дея яратган Эгамга илтижо қилиб ётганга ўхшаб кетди.

Чингиз оға орамиздан кетганида дунё титраб кетмади. Чунки, бу ёруғ олам бундан-да оғир йўқотишларни, заҳри асрларга етиб боргудек талотўпларни кўп кўрган. Дийдаси қотиб кетган. Аммо... орадан йигирма йил ўтгач, ўшанда биз кимдан ва нималардан жудо бўлганимизни англаб, мана энди, аста-секин ўзимизга келаётганга ўхшаймиз.


Аҳмаджон Мелибоев

Манба “Ҳуррият” газетаси


7 247
ЎзА