ЎзА Ўзбек

23.11.2019 Чоп этиш версияси

“China Investment”: Ўзбекистон инвестиция киритишга қулай мамлакат!

“China Investment”: Ўзбекистон инвестиция киритишга қулай мамлакат!

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари, икки давлат раҳбарларининг тез-тез рўй бераётган учрашувлари туфайли мутлақо янги юксак даражага кўтарилди. Мамлакатга Хитой инвестицияси оқими кўпайди. Натижада ўнлаб қўшма корхоналар пайдо бўлди. Буни биргина Фарғона вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хитойнинг “China Investment” энг оммабоп журналларидан бири ўзининг 2019 йил 10 сонида Фарғона вилояти ҳокими Шухрат Ғаниевнинг “Қисқа вақт ичида, Хитой капитали иштирокидаги компаниялар сони кескин кўпайди” сарлавҳали мақоласи чоп этилган. Унда дастлаб вилоят ҳақидаги маълумот берилган.

  • Мен икки томонлама ҳамкорлигимизни, савдо-сотиқ ҳамда инвестицион алоқалар кучаяётганидан жуда мамнунман, - деб ёзади Шуҳрат Ғаниев мақола аввалида. – Фарғона Ўзбекистон жанубий-шарқида жойлашган Марказий Осиёнинг гавҳаридир. У мамлакатнинг энг саноатлашган ва маданий марказларидан биридир. Фарғона вилояти ўзининг бой табиий ресурслари, хусусан унумдор тупроқ, уран, гранит, мармар ва гипс кабилар билан шунингдек, гўзал табиати ва минтақавий, ўзига хос иқлими билан ажралиб туради.

photo5958634376189292835.jpg136 та ўзига хос архитектура лойиҳаси асосида, 113 та археологик ва 38 та бошқа турдаги маданий обидалар бутун дунёдан сайёҳларни жалб қилиб келмоқда. Риштон сополи, Марғилон ипаги ва Қўқон ҳунармандчилик намуналари ҳам бутун жаҳонга машҳур. Вилоятда металлургия-кончилик, кимёвий, нефтни қайта ишлаш, механика ва нефтни қайта ишлаш, механика ва қурилиш материаллари соҳасида кўплаб корхоналар муваффақиятли иш юритиб келмоқда. Шунингдек, вилоят йиллик 3 миллион тонна нефт маҳсулотлари, 500 минг тонна турли хил кимёвий воситалар ва минерал ўғитлар (нитрат, суперфосфат ва карбамид) ишлаб чиқариш қувватига эга”.

Мақолада Фарғонанинг саноат салоҳияти ҳақида ҳам маълумот берилган. Жумладан, бугун Фарғонада тикувчилик ва тўқимачилик саноати ривожлангани, 2018 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 3 миллиард долларга тенг бўлгани, экспорт ҳажми 600 миллион долларни ташкил этгани баён қилинган.

Фарғона вилояти Ўзбекистон бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ҳам энг илғор вилоят ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган 564,4 гектар ер бўлиб, пахта ва ғалладан ташқари гилос, ўрик, нектар боғлари, полиз эканлари, картошка, арпа ва сабзавотлар етиштирилади.

Биламизки, муштарак ҳамкорликдаги равон ва жадал ривожланиш шерик давлатлар учун глобал муаммоларни ечишда истиқболли йўлларни очишда катта рол ўйнайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакат тараққиёти учун бор куч ва салоҳиятини сарфламоқда. Кенг салмоқли ислоҳотлар давлат иқтисодиётини ривожлантириш учун йўналтирилди ва натижада бизда хорижий инвесторлар билан бевосита ишлаш имконияти юзага келди.

2017 йилдан буён амалга оширилган ишлардан сўнг халқаро валюта бозоридаги тўсиқлар олиб ташланди ва миллий валютанинг эркин ҳаракати таъминланди.

Импорт таърифлари бўйича кўплаб тўсиқлар бартараф қилинди ва импорт товарлар учун божлар кескин пасайтирилди. Шунингдек, деярли барча экспорт чекловлари олиб ташланди ва Жаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлиш ҳаракатлари қайта бошланди. Давлат ишлаб чиқарилган маҳсулотларни эркин савдолар орқали сотилишига аралашмасликни йўлга қўйди.

Булардан ташқари қўшимча ислоҳотлар тадбиркорлар ва инвесторларни солиқлардан қисман озод қилишга, бизнесни ҳимоя қилишга, текширувларни чеклашга, бошқарув идоралар аралашувини камайтиришга ва тадбиркор, инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи Омбудсман институтини такомиллаштиришга эришилди.

- Шу ўринда, Фарғона вилояти тадбиркорлари ва Хитой Халқ Республикаси корхоналари ўртасидаги тез суръатда ўсган савдо ва инвестициявий алоқалар ҳақида таъкидлаб ўтмоқчиман, - деб ёзади Шуҳрат Ғаниев. - Қисқа вақт ичида, Хитой капитали иштирокидаги компаниялар томонидан моддий-техника базаси ва интеллектуал мулк кўринишида киритилган инвестициялар 250 миллион доллардан ошди. Ушбу корхоналар вилоят иқтисодиётининг турли секторларида муваффақиятли иш юритиб келмоқдалар. Мисол учун, қўшма корхона сифатида ташкил этилган кафель ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона аллақачон халқаро бозорга кириб олди ва ҳозирда бошқа истиқболли лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда. Шунингдек, 2 миллион тонна қувватли цемент ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади. Умумий қиймати 100 миллион долларлик Хитой инвестицияси иштирокидаги яна 14 та йирик лойиҳа ҳам ҳаётга татбиқ этиш арафасида турибди.

Мақолада дипломатик муносабатларнинг самарали натижалари алоҳида тилга олинади.

- Хусусан, ХХР даги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ҳам юқоридаги ишларда катта ҳиссасини қўшиб келаётганига мен қатъиян ишонаманки, будай қўшма лойиҳалар икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини янада мустаҳкамлайди,-дейди вилоят ҳокими.

Эътироф этиш жоизки, 2018 йилда Хубеи ва Шанси вилоятлари билан дўстона алоқалар ўрнатилди ва сўнгги давр мобайнида ўзаро расмий ташрифлар амалга оширилди. Фарғона шаҳри ва Вухан шаҳри ўртасида биродарлик мақоми ўрнатилди. Яна бир муҳим жиҳат бу Хитой ва Ўзбекистон алоқаларининг икки минг йиллик тарихга эга эканлиги яъни, Буюк ипак йўли орқали шаклланган биродарлик анъаналари билан боғлиқдир.

- Шу ўринда ХХР Президенти Си Цзинь Пин томонидан“Бир макон, бир йўл” концепциясининг таъсис этилгани ҳам давлатлар ўртасида янги имкониятлар эшигини очди, - дея фикрини давом эттиради вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев. - “Бир макон, бир йўл” 2-халқаро форумидаги иштирокимиз чоғида “China Civil Engineering Construction Corporation” билан эришган Фарғона вилоятидаги канализация тизимини модернизация қилиш бўйича келишувимиз ҳам бунга исбот бўла олади.

Сўзим охирида айтмоқчиманки, мен, бундан кейин Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама манфаатли ҳамкорликнинг янада кенгайишига ишонаман ва бунинг учун барча кучимизни сарфлаймиз. Бунда ХХР даги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ёрдамига таянамиз, - деб якунлади мақолани Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.


6 639
ЎзА