ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Чиқиндиларни бошқариш соҳасида кластерлар дуч келаётган муаммолар ҳал бўладими?

Чиқиндиларни бошқариш соҳасида кластерлар дуч келаётган муаммолар ҳал бўладими?

Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича кунлик ташланаётган маиший чиқиндиларнинг фақат учдан бир қисми қайта ишланади. Шу боис чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳақида сўз борар экан, давлатимиз раҳбари хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва кенг жорий этиш зарурлигини бир неча бор таъкидлагани бежизга эмас.

Бугун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган чиқиндилар муаммоси миграция ва аҳоли сонининг ўсиб бориши, истеъмол эволюцияси, экологик саводсизлик каби омиллар ҳисобига янада чуқурлашмоқда. Шунинг учун қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда инфратузилма билан бирга технология танлаш масаласига масъулият билан ёндашиш лозим. Зеро, бу инсон саломатлиги ва табиат муҳофазаси билан чамбарчас боғлиқ.

Президентнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг 9 та марказий шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс бошқариш кластерлари ташкил этилди. Бу борада Сурхондарёда жойлашган кластер фаолияти намуна бўла олади. Шунингдек, Фарғона водийси, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида амалга ошириладиган чиқиндини қайта ишлаш лойиҳалари бўйича инвесторлар билан битимлар имзолаш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва молиялаштириш юзасидан “Йўл харитаси” ҳам ишлаб чиқилди.

Мазкур кластерлар учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан махсус техника ва технологик ускуналар харид қилиш учун жами 39,2 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Лойиҳа доирасида маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш ускуналари ҳамда махсус техникалар олиб келинди. Жумладан, 79 та технологик қайта ишлаш ва саралаш ускуналари, 360 та махсус техника келтирилди. Лойиҳалар доирасида 9 та чиқиндиларни қайта ишлаш заводининг қурилиш ишлари якунланиб, саралаш ва қайта ишлаш ускуналари ишга туширилди.

Бугунги кунда мазкур кластерлар томонидан уларга бириктириб берилган ҳудудлардаги 1,7 миллион аҳолига маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатилмоқда. Шунингдек, кластерларнинг ташкил этилиши натижасида қўшимча 1 минг 375 та янги иш ўрни яратилди.

Бироқ ушбу кластерлар дуч келаётган бир қатор муаммолар ҳам бор. Давлат экология қўмитасида уларни муҳокама қилиш ва муаммоларга ечим излаш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда кластерларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган бир қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ташиб кетиш хизматлари учун белгиланган тарифлар қийматлари амалдаги харажатлардан паст. Бюджет ташкилотлари харажатлар сметасига маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловлар етарли даражада киритилмаган. Лойиҳа кам даромадли ва ижтимоий аҳамиятга эга экани боис, олинган кредитларни қайтариш муддатини узайтириш зарур бўлмоқда.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг 9 ойлик натижаларига кўра, аҳолига кўрсатилган санитар тозалаш хизматлари учун 15,8 миллиард сўм ундирилмай қолган қарздорлик бор. Ҳудудларда ноқонуний иккиламчи хомашё қабул қилиш шохобчалари фаолият юритгани носоғлом рақобат муҳитини вужудга келтирмоқда. Лойиҳа асосида бугунга қадар чиқиндиларни қайта ишлаш технологик ускуналари тўлиқ етказиб берилмаган, етказиб берилганларининг ҳам салмоқли қисми ўрнатилиб, ишга туширилмаган. Шу туфайли юқорида қайд этилган масалаларни ҳал этиш юзасидан Давлат экология қўмитаси тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат қилиши, мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш юзасидан келишиб олинди.

– Маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш тизимини ташкил этиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларда давлат бошқаруви ва экологик назоратни такомиллаштириш ҳамиша долзарб масала ҳисобланади, – дейди Бухоро вилояти Бухоро, Когон шаҳарлар, Бухоро туманида чиқиндилар билан боғлиқ соҳадаги ишларни амалга оширувчи кластер "Аҳоли транс" МЧЖ таъсисчиси Насриддин Рашидов. – Атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, бу борада идоралараро ҳамкорликни янада кучайтириш пайти келди. Мамлакатимиздаги экологик ва атроф-муҳит ҳолатини баҳолашнинг аниқ кўрсаткичларига асосланган маълумотлар базаси яратилиши керак. Шунингдек, мазкур йўналишда ишлаётган кластерларда учраётган муаммолар тизимли равишда бартараф этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Мақсадимиз чиқиндиларни қайта ишлаб, даромад олиш эмас, балки табиатни соф ҳолда сақлаш ва келгуси авлодга қолдиришдир.

Кўрилаётган чора-тадбирларнинг барчаси инсон саломатлиги, миллат генофондини асрашга, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

Соҳадаги инфратузилманинг қониқарсиз ҳолатда эканлиги, мавжуд қаттиқ маиший чиқинди полигонларининг санитария талаблари ва экологик меъёрларга мувофиқ келмаслиги мазкур соҳада комплексли чора-тадбирларни қабул қилишни талаб этмоқда. Бу жараёнда аҳолининг экологик маданиятини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида кенг кўламли тарғибот фаолиятини ташкиллаштириш муҳимдир.

1 199
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА