ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

Чиқинди қутиларини жойлаштиришга ким жавобгар?

Чиқинди қутиларини жойлаштиришга ким жавобгар?

Бугун матбуот, интернет нашрларида ҳамда Facebook ижтимоий тармоғида чиқинди қутилари, шунингдек, кўчаларга “чиқинди қутиларини жойлаштиришга ким жавобгар” мазмунида кўплаб баҳс-мунозаралар бўлмоқда, масала юзасидан турли фикрлар билдирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати мазкур баҳс-мунозараларга қўйидагича аниқлик киритади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бу борада ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ҳужжатга асосан чиқинди қутиларини жойлаштиришга қуйидаги ташкилотлар масъул:

ободонлаштириш объектларида – шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан;

кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда – хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бошқарувчи ташкилотлар томонидан;

якка тартибдаги турар жой уйлари ва ташкилотларнинг ер участкаларида ажратилган ер участкаси доирасида – жисмоний ва юридик шахслар (ер участкалари эгалари, мулкдорлари ёки доимий фойдаланувчилари, шунингдек, ижарага олувчилар) томонидан;

автомобиль йўллари ва сунъий йўл иншоотларида ажратилган ер участкаси доирасида – ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (балансда сақловчилар) томонидан;

темир йўлларда ажратилган ер участкаси доирасида (чуқур қиялик ва кўтармалар, темир йўлни кесиб ўтиш ва айланиб ўтиш жойлари ва ҳ.к.) – ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи темир йўл ташкилотлари томонидан;

бозорлар ҳудуди ва уларга туташ ҳудудларда – бозорлар маъмурияти томонидан;

жамоат йўловчи транспорти бекатларида жойлашган вақтинчалик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида – ушбу объект эгалари томонидан, агар ижара шартномаларида бошқалар назарда тутилмаган бўлса);

савдо дўконлари ёки бошқа савдо нуқталарига, шу жумладан, кўчма шохобчаларга туташ ҳудудларда 5 м радиусда – кичик чакана савдо ва умумий овқатланиш (озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва умумий овқатланиш соҳасида хизматлар кўрсатиш палаткалари, дўкончалари), шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш (пойабзал таъмирлаш ва шу кабилар) соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилади.

Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳрида бу борадаги ишлар тизимли бажарилмоқда. Масалан, қўмита ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида 13.500 та контейнер харид қилинган. Ҳозирги кунда чиқинди тўплаш шохобчалари 100 фоиз контейнерлар билан таьминланган. Айни чоғда шаҳар кўчаларида, жамоат жойларида чиқинди қутиларини жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

4 259
ЎзА