ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Чиқинди ташлаётганларга қонуний чора кўрилмоқда

Чиқинди ташлаётганларга қонуний чора кўрилмоқда

Кейинги пайтларда мамлакатимиздаги каналлар атрофини ободонлаштириш, бу ерларда одамлар дам оладиган, болалар чўмиладиган сўлим ва хавфсиз ҳудудлар ташкил этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Эндиликда каналларни санитар тозалашга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилмоқда. Бундан ташқари, каналларнинг шаҳардан ўтадиган қисмини реконструкция қилиш, қирғоқ бўйларида замонавий ландшафт меъморчилиги усулларини қўллаган ҳолда рекреацион ҳудудларни шакллантириш, махсус техника ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш каби ишлар бажарилади. Ушбу саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад аҳоли дам олиши ва ҳордиқ чиқариши учун “Сув бўйи сайилгоҳлари” инфратузилмаси яратилишига эришишдир.

Бироқ ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг атрофидан ўтувчи айрим каналларга ноқонуний равишда чиқиндиларни тўкиш ҳолати акс этган видео тасвирлар тарқалаётгани кузатилмоқда. Бу каби салбий ҳолатларни ўз вақтида бартараф қилиш, қонунларни бузган шахсларга тегишли чора кўриш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 25 март куни Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг каналлардан фойдаланиш ва уларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш бошқармаси ходимлари, Юнусобод тумани Оқтепа маҳалласи масъуллари ва профилактика нозири иштирокида “Бўзсув” каналига ноқонуний равишда чиқиндиларни тўкиш ҳолати бўйича ўрганиш олиб борилди. Унга кўра, Тошкент вилояти Тошкент туманида яшовчи фуқаро М.Ф.га тегишли бўлган юк машинаси ва пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи фуқаро Х.Б.га тегишли бўлган юк машинаси ёрдамида ноқонуний равишда чиқиндилар олиб келинганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига “Бўзсув” каналига чиқиндиларни ташлаганлиги учун қонунда белгиланган тартибда маъмурий жарима қўлланилди.

Тўкилган чиқиндилар ҳуқуқбузарлар томонидан тозаланиб, салбий ҳолат бартараф этилди.

Шунингдек, Чирчиқ дарёси муҳофаза ҳудудида ноқонуний чиқиндихоналарнинг юзага келгани, ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар ҳамда фуқаролар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига риоя этилмагани юзасидан мурожаатлар, ижтимоий тармоқларда хабарлар пайдо бўлмоқда.

Қўмита томонидан муаммони самарали ҳал этиш мақсадида Чирчиқ дарёсининг муҳофаза зонасида жойлашган объектлар хатловдан ўтказилганда маълум бўлдики, Тошкент вилоятида Чирчиқ дарёсининг 250 метрлик муҳофаза минтақасида 2 минг 652 та ишлаб чиқариш ва автотранспорт корхонаси, дала ҳовлилар, ошхона ва ресторанлар ва бошқа объектлар жойлашган.

Давлат инспекторлари томонидан рейд тадбирлари ташкил этилди. Хусусан, 14 март куни Қибрай тумани “Чингелди” МФЙ ҳудудида Чирчиқ дарёсига номаълум шахслар томонидан ноқонуний равишда тўкиб кетилган (тахминан 50 та машина) қурилиш ва маиший чиқиндилар тозаланиб, 1 гектарга яқин майдонда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун “Тошвилйўлсаноат” ва “Автойўл” акциядорлик жамиятларининг техникалари жалб этилди. Бундан ташқари, 16 март куни Қибрай туманидаги “Роҳат” ва Юқори Чирчиқ туманидаги “Болта” МФЙ ҳудудидан ўтувчи Чирчиқ дарёсининг 2 километр масофасида чиқиндилардан тозалаш ва ободонлаштириш ишлари ўтказилди. 20 март куни мутасаддилар томонидан экологик рейд олиб борилганида, худди шу маҳаллада Паркент туманида яшовчи фуқаро С.У томонидан юк машинасида қурилиш чиқиндилари олиб келиниб, ноқонуний равишда Чирчиқ дарёсининг муҳофаза зонасига тўкилаётгани аниқланди. Ҳолат бўйича фуқарога нисбатан қонунда белгиланган тартибда маъмурий жарима қўлланилди.

– Бугунги кунда қўмитамиз томонидан мазкур ҳудудда ободонлаштириш ишларини тизимли олиб бориш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил этилган, – дейди Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси етакчи мутахассиси Собиржон Машрабов. – Улар томонидан Чирчиқ дарёсининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ўтувчи қисми назоратга олинди. Дарё атрофида жойлашган корхоналар, маиший хизмат кўрсатувчи мажмуалар ва маҳаллий аҳолига чиқиндиларни ташламаслик бўйича огоҳлантиришлар берилмоқда. Хусусан, 20 дан ортиқ фуқаро чиқинди ташлаш, сув ва сувдан фойдаланиш қоидаларини бузгани учун жаримага тортилди. Мазкур ишларни амалга оширишда маҳаллий ҳокимликлар билан тегишли равишда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Режага кўра, жорий йилнинг 4 апрелига қадар назоратимиздаги ҳудуд чиқиндилардан тозаланади. Ҳозиргача 10 минг тоннадан ортиқ зарарли чиқинди олиб кетилди.

Мутахассисларининг таъкидлашича, ободонлаштириш, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари ўтказилаётган бўлса-да, айрим корхоналар томонидан қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш ҳолатлари ҳали ҳам учрамоқда. Сабаб Тошкент шаҳри ва унинг атрофида қаттиқ чиқиндиларини ташлайдиган махсус ер ажратилмаганидир. Қўмита томонидан бу масалага ижобий ечим топиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат қилинган. Агар жой берилса, қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш имкони бўлади. Аҳоли учун ҳам қулайлик яратилади.

Жойларда рейд тадбирлари давом этмоқда.

1 404
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА