Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.08.2017 12:05 Чоп этиш версияси

Чеварга янги уй берилди

Жорий йилнинг июнь ойи ўрталарида самарқандлик 24 нафар имконияти чекланган, моддий кўмакка муҳтож хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш мақсадида уларга тикув машиналари берилган эди.

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг Самарқанд вилояти ҳудудий филиали томонидан бу хотин-қизларга тикув машинаси билан бирга, янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйлардан олиши учун иш ҳақидан бўнак сифатида уйларнинг бошланғич тўлови тўлаб берилди.

Нарпай туманининг Тоткент маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногирони Соҳиба Қувонова ҳам ана шундай имкониятга эга бўлди.

– Қизимнинг тикувчиликка уқуви бор, ўзим ёнимга олиб ўргатганман, – деганди ўшанда Соҳибанинг онаси Зумрад опа. – Қўни-қўшнига кийим-кечак ва бошқа уй-рўзғор буюмлари тикиб беради. Янги, замонавий тикув машинаси берилиши ва намунавий уй ажратилиши биз учун катта имконият бўлди. Бундан самарали фойдаланиб, албатта, ишончни оқлаймиз.

Орадан икки ой ўтиб, Соҳибага аталган уй қурилиши якунланди. Нарпай тумани ҳокимлиги ва ҳудуддаги корхоналар янги уй учун янги жиҳозлар, уй-рўзғор буюмлари совға қилди. Чевар қиз онаси билан янги уйга кўчиб ўтди.

– Тикув машинасини уйга олиб келиб, ғайрат билан ишга киришдим, – дейди қувончдан кўзлари порлаб Соҳиба. – Ҳар ҳафта туман пахта тозалаш корхонаси вакиллари зарур хомашёни келтириб, тайёр маҳсулотни олиб кетмоқда. Ҳозиргача теримчилар учун мингдан ортиқ этак тикдим. Мавсум бошлангунга қадар шартномада кўзда тутилган миқдорда маҳсулот тайёрлаб беришга имкониятим етади. Айниқса, янги уй берилганидан руҳланиб, яна ҳам кўпроқ ва яхшироқ ишламоқдаман. Тўғри, мен ҳам замонавий уй олишни орзу қилардим, лекин бунчалик тез рўёбга чиқишини сира кутмагандим. Қишлоқ жойда шундай замонавий шароитдаги хонадонда яшаш – ишониш қийин бўлган мўъжизадек туюлмоқда менга. Қувончу ҳаяжонимнинг чеки йўқ. Бизнинг бошимизни силаб, оталарча ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиздан миннатдорман.

Соҳибанинг янги уйини кўришга вилоят ва туман ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари келиб, уни табриклади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 775






Все о погоде - Pogoda.uz