Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2018 11:09 Чоп этиш версияси

Чет тилини ўқитишда янгича ёндашув

Чет тилини ўқитишда янгича ёндашув Фарғона вилояти Бағдод туманидаги 45-умумтаълим мактабида чет тилларни ўқитиш самарадорлигини ошириш, ўқитишнинг замонавий услубларини жорий этиш масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Бугун мамлакатимизнинг қайси бир ҳудудига борманг, чет тилида бурро-бурро сўзлашаётган ёшларни кўриб, ҳавасингиз келади. Бағдод тумани Оқчангал қишлоғидаги 45-умумтаълим мактабида чет тилларни ўқитиш борасида бой тажриба тўпланган. 400 ўқувчи таҳсил олаётган мактабда инглиз тили хоналари талаб даражасида жиҳозланган. 

6 (1).JPG

Дарс жараёнига жорий этилган инглиз тилидаги видеодастурлар, мультфильмлар, ранг-баранг расмлар, қўшиқ ва шеърлар болаларга тушунарли ва қизиқарли бўлмоқда. Бошланғич синф ўқувчилари дарсдан бўш вақтларида чет тили тўгаракларига жалб этилади. Бунда улар содда сўзлардан тузилган эртаклар асосида саҳна кўринишлари ижро этади, машғулотларни ота-оналар ҳам кузатиб боришади.

– Дарс жараёнини қизиқарли ташкил этиш билан бирга, янги педагогик технологиялардан кенг фойдаланамиз, – дейди инглиз тили фани ўқитувчиси Одина Солиева. – Биз чўплар ёрдамида дарс ўтишни йўлга қўйдик. Чўплар асосида дарс ўтиш методини қўллашдан мақсад, барча ўқувчилар дарсга тайёр бўлади, чунки ўқитувчи қўлидаги чўплардан бирини тортганда исталган ўқувчининг номи чиқиши мумкин ва ўша ўқувчи жавоб бериши шарт. Ўқитувчи вақтдан унумли фойдаланади. Энди кимдан сўрасам экан, деб ўйланмайди. Дарс давомида барча ўқувчилар билан бирдай ишлайди, чунки чўпларда барча ўқувчининг исми ёзилган бўлиб, тортилган чўп алоҳида қўйилади ҳамда барчаси фойдаланиб бўлингач, яна барча чўплар қўлга олинади. Бу ўқувчиларнинг диққатини жамлаш ва мавзуни тўла ўзлаштиришига ёрдам беради. 

8.JPG

Иштирокчилар чет тилларни ўқитиш бўйича илғор усулларни жорий этиш, хорижий тиллар ўқитилишини сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтариш борасида ушбу таълим даргоҳида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Семинарда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

1 (1).JPG

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
3 404