ЎзА Ўзбек

18.07.2018 17:08 Чоп этиш версияси

Чекка қишлоқ тадбиркорлари солиқ тўлашдан озод этилдими?

Чекка қишлоқ тадбиркорлари солиқ тўлашдан озод этилдими?
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида иш ўрни яратган чекка қишлоқ тадбиркорлари учун имтиёзлар белгиланди.

Қишлоқ туманларида, бундан аҳоли сони 5 минг кишидан кўп бўлган аҳоли пунктлари мустасно, сартарошхона хизматларини, якка тартибдаги буюртмалар бўйича кийим тикиш хизматларини, пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этган, шунингдек, жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлгача барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилди.

Эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳар бир ёлланган ходимга тўланадиган қатъий белгиланган солиқни тўламайди.

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъектлари 3 нафаргача доимий ишчиларни ёллашга, улар билан меҳнат шартномаси тузишга, шунингдек, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган бошқа яқин қариндошларини, шу жумладан, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган болалари ва невараларининг эр-хотинларини, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган ака-укалари ва опа-сингилларини, уларнинг эр-хотинларини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъекти иштирокчилари сифатида жалб қилишга ҳақлидир.

Ушбу қарорда белгиланган шартларга мувофиқ, биринчи марта микрокредит олган якка тартибдаги тадбиркорлар уни олган санадан бошлаб 6 ой мобайнида қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади.

ЎзА
6 227