Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.09.2017 14:10 Чоп этиш версияси

Чегаралар мустаҳкамлиги – тинчлик гарови

Чегаралар мустаҳкамлиги – тинчлик гарови Оддий аскар Ҳасан Йўлдошев "Дик" лақабли хизмат ити билан чегара бўйлаб юра бошлади. Сал тепаликка чиқиб, дурбин орқали ўткир нигоҳлари билан чегаранинг олис нуқталарини кузатди. Тинчлик. Ҳаммаси жойида. "Дик" вовуллаганча ён-атрофга бир-икки бориб келди. Сўнг эгасини тушунгандек тинчланди. “Бу Ватанимиз остонаси. Уни ҳамиша сергак туриб қўриқлаш сен ва бизнинг муқаддас бурчимиз” хаёлидан ўтказди оддий аскар...

Ватан ҳимояси унинг сарҳадларини мустаҳкам, ҳар қандай хавф-хатардан ишончли қўриқлашдан бошланади. Шу боис мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ давлатимиз чегараларини, унинг дахлсизлигини сақлашга устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилди.

...Мазкур чегара маскани асосан тоғли ва чўл ҳудудлардан иборат. Бу ерда ҳарбий хизмат ўташнинг ўзига яраша масъулияти ва машаққатлари бор. Буни чуқур ҳис қилган чегарачилар сарҳадларимиз дахлсизлиги юртимизда тинчлик ва осойишталикнинг муҳим шарти эканини яхши билади.

Чегаралар мустаҳкамлиги – тинчлик гарови

Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан биридамиз. Чегара пости мажмуаларида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланган ҳарбий хизматчилар мамлакатимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқда.

Чегара пости чўл ўртасида жойлашган бўлса-да, ҳарбийлар учун замонавий шароитлар яратилган. Чегара постида туну кун ҳушёр хизмат қилаётган оддий аскарлар, сержант ва офицерлар, уларнинг оила аъзолари учун ҳамма қулайлик муҳайё.

Бу ҳақда чегара пости бошлиғи, катта лейтенант Камол Холмуродов тўлқинланиб сўзлаб берди.

– Ҳарбий хизмат кишидан, аввало, мустаҳкам ирода ва матонат талаб қилади, – дейди у. – Бундан 9 йил аввал тантанали ҳарбий қасамёд қабул қилганимдан буён ҳарбийлик ҳаётим мазмунига айланган. Чўлнинг ўзига хос инжиқликлари бор. Бошида бироз қийналдик, аммо Ватан сарҳадларини қўриқлашдек масъулиятли ва шарафли вазифа зиммамизда турган экан, ҳар қандай шароитда бунга тайёр бўлишимиз лозим. Бўлинмамизда хизмат қилаётган аскар ва офицерлар, уларнинг оила аъзолари учун барча шароит яратилган. Жумладан, ўтган йили 4 офицер учун бўлинманинг ўзида замонавий 2 ва 3 хонали уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ичимлик суви ва газ тармоғи тортилди. Чегара постида хизмат қилаётган офицерларнинг барчаси тўлиқ уй-жой билан таъминланган.

Дарҳақиқат, сув келган жойда ҳаёт қайнайди. Бир пайтлар қум барханларидан иборат бўлган қип-қизил чўлда шинамгина яшил гўша ташкил этилган. Янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган уй-жойлар атрофи ободонлаштирилиб, чўл ҳавосига мос манзарали ва мевали дарахтлар экилган. Мўъжазгина болалар майдончаси барпо этилиб, турли аттракционлар ўрнатилган.

Аскарлар ётоқхонасида жиҳозлар батартиб. Бир қарашдаёқ ҳарбийча руҳ ва интизом уфуриб туради. Бир гуруҳ аскарлар маънавий-маърифий тайёргарлик хонасида. Кутубхонада ҳарбий илмлардан ташқари турли бадиий ва илмий адабиётларни мутолаа қилиш илмга чанқоқ аскарларнинг севимли машғулотига айланган. Улардан бири тошкентлик оддий аскар Самариддин Султонмуродов.

– Тошкент транспорт коллежини тамомлагач, ҳарбий хизматга келдим, – дейди Самариддин. – Сержант ва офицерлардан ҳарбий билимлар ўрганяпман, чиниқаяпман. Шаҳарда ўсганим боис, очиғи, чўл ҳавосига мослашиш бошида бироз қийин бўлди, лекин ҳаммаси ортда қолди. Ҳозир ўзимни гўё бутун умр чўлда яшагандек ҳис қиламан. Бўш вақтимда кутубхонада мутолаа қилиб, билимларимни ошириб боряпман. Мақсадим – имтиёзли тавсиянома олиш ва қизиққан соҳам бўйича ўқишни давом эттириш.

Чегаралар мустаҳкамлиги – тинчлик гарови

Ҳарбий қисм таркибидаги иккинчи постга сим тўсиқлар тортилган чегара бўйлаб борарканмиз, қум барханларининг поёни йўқдек. Шамолдек елиб бораётган ҳарбий машинада гоҳ нишабликка чиқсак, гоҳ ўткир қияликка шўнғиймиз. Айни туш пайти. Сахий қуёш оловли тиғи билан бутун заминни ёндираётгандек. Жазирамада илиб қолган сувдан ҳўплаймиз. “Мана шу сим тўсиқларни ҳам аскарларимизнинг ўзи тортяпти. Боиси иккинчи пост янгидан ташкил этилган. Ўша постгача тортиб борилади, насиб этса”, деб изоҳ беради ҳамроҳимиз кўнглимиздагини сезгандек. Ҳақиқатан ҳам, аскарлар йўлда сим тўсиқ тортмоқда экан. Шундай иссиқ ва дим ҳавода ишлаётган чегарачиларнинг матонати таҳсинга лойиқ.

– Чегара постимиз ўтган йили ташкил этилган, – дейди чегара пости бошлиғи, капитан Темур Аллабаев. – Мамлакатимизда ҳарбийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг оила аъзолари учун муносиб турмуш ва меҳнат шароити яратиш йўлида қилинаётган ишлар бизни янада руҳлантирмоқда. Постимизда аскарларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун замонавий мини-футбол майдончаси, барча инвентарлар билан жиҳозланган спорт зали барпо этилган. Булар ҳарбийларимизнинг жисмонан соғлом ва бақувват бўлишига хизмат қилаётир.

Дарвоқе, капитан Темур Аллабаев барчага ўрнак. У 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимидаги “Энг илғор взвод командири” кўрик-танлови ғолиби сифатида махсус диплом билан тақдирланган.

Мамлакатимизда МХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун кўркам уй-жойлар, ётоқхоналар, замонавий компьютер ва телекоммуникация воситалари билан жиҳозланган ўқув масканлари, спорт мажмуалари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Сержант ва офицерлар учун қурилган уй-жойлар атрофини айланар экансиз, турли анвойи гуллар ҳиди димоғингизга урилади, кайфиятингиз янада кўтарилади. Ҳудудга ўзгача фусун бағишлаган манзарали дарахтлар чўл шамолида оҳиста тебранади. Болалар майдончаларида қувноқ кулги ҳукмрон...

– Турмуш ўртоғим бизга уй беришди, энди чўлда бирга яшаймиз, деганида аввалига қаттиқ қаршилик кўрсатганимдан ўзим уялиб юраман, – дейди кулиб наманганлик катта лейтенант Авазбек Тешабоевнинг турмуш ўртоғи Шодия Абдужабборова. – Бу ерга кўчиб келаётганимизда йўлда қум барханларини кўриб йиғлаб юборганман. Лекин манзилга келиб қарасам, бари бошқача, гўё шаҳар дейсиз. Уйимиздаги шароит ҳам шаҳарникидан асло қолишмайди. Бу ердаги шароитларни кўриб, “Худога шукур-ей” деб юборганимни билмай қолибман. Табиий газ, ичимлик суви, электр таъминоти, ҳаммаси муҳайё. Хуллас, оиланинг бахтиёр ҳаёт кечириши учун барча қулайлик бор.

– Ҳарбий либос кийиш болалик орзуим, – дейди шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи, оддий аскар Дилшод Менглиев. – Касбим билан фахрланаман. Ахир, юрт тинчлиги, халқимиз осойишталиги, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашдек энг шарафли ва олижаноб иш билан машғулман. Давлатимиз томонидан ҳарбийларга қаратилаётган алоҳида эътибор сабаб, бизнинг оиламизга ҳам постимиздаги 2 хонали замонавий уйлардан бирини беришди. Хизматдан уйга қайтганимда ўғлим Ришодбек югуриб, истиқболимга чиқади. Бошимдан фурашкамни ечиб унга кийдираман. У ҳарбийча салом беради. Тўлқинланиб кетаман. Бор чарчоғим чиқиб кетади.

Мамлакатимизда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор, яратилаётган қулай имкониятлар чегарачиларимизни хизмат вазифасини шараф билан бажариш, юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги учун мудом масъул ва фидойи бўлишга ундайди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
1 874






Все о погоде - Pogoda.uz