ЎзА Ўзбек

29.08.2018 12:18 Чоп этиш версияси

Чегарадан ўқ ва қуроллар олиб ўтаётган шахсларнинг мақсади нима?

Чегарадан ўқ ва қуроллар олиб ўтаётган шахсларнинг мақсади нима?

Осуда осмон остида тинч ва фаровон ҳаёт кечирарканмиз, бунинг қадри ҳақида доим ҳам ўйлаб кўравермаймиз. Қачонки нотинч ўлкалардан нохуш хабарларни эшитганда осойишталигимизга шукрона келтиришимиз мумкин. Бироқ ҳушёрлик ҳеч қачон зарар қилмаслигини унутмаслигимиз зарур.

Чунки атрофимизда, орамизда хотиржам ҳаётимизни кўра олмайдиган ёки тинчликни пулга сотишга тайёр кимсалар йўқ, дея олмаймиз. Хориждан қайтаётган ҳамюртларимиздан бирининг қўл юклари орасидан бир литрли ҳажмдаги елим идишда 6,3 килограмм сочма ўқлар (дробь) борлиги аниқлангани шундан далолат эмасми?

Божхоначиларнинг ҳушёрлиги туфайли бундай ҳолатларга вақтида чек қўйилмоқда. Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали юртимизга кириб келаётган фуқаролар ҳамда уларнинг юклари рентген аппарати ёрдамида божхона кўригидан ўтказилган. Бу жараёнда Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Х.Д. га тегишли бўлган қўл ва бошқа юклар орасида шубҳали темир жисмлар борлигини аниқлаган. Очиб қаралганда, улар ўқлар экани фош бўлди.

Мазкур пост ходимлари томонидан бир неча ой муқаддам пневматик қурол олиб ўтилиши ҳолати аниқланиб, бунга ҳам вақтида чек қўйилган эди.

Лекин бундай ҳолатларга йўл қўяётган шахсларнинг мақсади нима? Чегаралардан хорижий давлатларга эмин-эркин бориб келиш учун яратилаётган шароитлардан наҳотки одамлар ғараз ниятларда фойдаланишга уринса?!

Шукрки, чегараларимиз дахлсиз ва давлат ҳимоясида, уни қўриқлаш ишончли посбонлар қўлида.

Н.Абдураимова, ЎзА
4 277