ЎзА Ўзбек

10.07.2018 18:26 Чоп этиш версияси

Чегарада ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилди

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси ходимлари яқинда белгиланган тартибда 334-сонли “Саратов – Тошкент” йўналишидаги йўловчи поездининг ресторан вагонини текширувдан ўтказди. 

Текширувда уч нафар йўловчининг божхона декларациясига ёзилмаган, оғзаки сўровда айтилмаган, умумий нархи 205 миллион сўмлик 188 дона газ ҳисоблагичларни ноқонуний турда ресторан вагонининг ювиниш хонасида яширин ҳолатда олиб келаётганлиги аниқланди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси ахборот хизматининг тақдим этган маълумотига кўра, 2018 йилнинг ўтган олти ойи ичида Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси ходимлари томонидан шундай 310 ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, фуқаролардан 680 миллион 747 минг сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. 

Масалан, 330-сонли “Москва-Куляб” йўналишидаги йўловчи поезди божхона текширувидан ўтказилганида, қўшни давлат фуқароси И.С. 5-вагоннинг ҳожатхонасига 25 дона 12 калибрли ов милтиғининг гильзаларини, 1991 дона капсюльни, Альбумин, Нейрокс ва Конкор номли дори-дармонларни ноқонуний равишда Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига яширинча олиб келаётганлиги маълум бўлган. 

Е.Қаноатов, ЎзА
12 455