Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 15:20 Чоп этиш версияси

Чегарачиларга уй топширилди

Чегарачиларга уй топширилди Мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун замонавий уй-жойлар, ётоқхоналар, замонавий тарзда жиҳозланган ўқув масканлари, спорт мажмуалари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли Қарши шаҳридаги ҳарбий қисмнинг чегара постларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларидан бир гуруҳига топширилган хизмат уйлари ҳам ана шу эътибор самарасидир.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг ота-оналари, яқинлари, “Ёш чегарачилар” клуби аъзолари иштирок этди.

Мустақиллик йилларида миллий армиямиз чинакам тараққиёт йўлини босиб ўтгани, Қуролли Кучларимизнинг моддий-техник базаси замонавий тарзда мустаҳкамланиб, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ҳарбийлик касбига қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди.

– Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини асрашдек масъулиятли вазифа зиммамда экани мени доимо ҳушёр ва сергак бўлишга ундайди, – дейди бухоролик кичик сержант Ҳасан Муродов. – Мана шундай эзгу ишга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Бугун ҳамкасбларим қаторида менга ҳам хизмат уйи ажратилди. Насиб этса, бу уйда оила аъзоларимиз билан бахтли ҳаёт кечирамиз. Бунинг учун Президентимиздан миннатдормиз.

4.jpg

Жазирама чўл ўртасида жойлашган чегара постида ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар таҳсинга сазовор. Чегара постида кунни кун, тунни тун демай хизмат қилаётган оддий аскарлар, сержантлар, офицерлар ва уларнинг оила аъзолари учун ҳамма қулайликлар яратилган.

Бир пайтлар қум барханлари қоплаб ётган қип-қизил чўлу биёбонда шинамгина яшил гўша ташкил этилган. Янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган уй-жойлар атрофи ободонлаштирилиб, чўл ҳавосига мос манзарали ва мевали дарахтлар экилган. Болалар майдончаси ташкил этилиб, турли аттракционлар ўрнатилган.

14.jpg

– Ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи бўлганимдан фахрланаман, – дейди сурхондарёлик кичик сержант Шерзод Жабборовнинг аёли Феруза Жабборова. – Бу уйда фаровон яшашимиз учун ҳамма шароит мавжуд. Айниқса, уй бекалари учун яратилган қулайликларни кўриб, хурсанд бўлдим. Шаҳарникидан сира қолишмайди. Муҳташам уйда иссиқ-совуқ сув, электр жиҳозлари, иситиш мосламалари барча-барчаси рисоладагидек. Чўл дейишга тилинг бормайди.

Ҳарбий оркестр ижросидаги Ватан, тинчлик ва дўстликни мадҳ этувчи мардонавор руҳдаги куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
6 728






Все о погоде - Pogoda.uz