Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 17:32 Чоп этиш версияси

Чегарачилар аҳоли билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари масъул ходимлари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида Сурхондарё вилоятидаги чегараолди маҳаллаларида учрашувлар ўтказмоқда.

Музработ туманида бўлиб ўтган шундай тадбирда фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, таълим муассасалари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятига бағишланган мулоқотда Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, сарҳадларимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Жойларда халқ билан юзма-юз мулоқот ўтказилиб, мавжуд муаммолар чуқур ўрганилаётгани фуқаролар томонидан ўртага ташланаётган масалаларга ўз вақтида ечим топиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини тубдан яхшилаш, жамиятимизда тинч ва осуда ҳаётни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттириш, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Учрашувда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунда белгиланган мажбуриятлар, чегараолди ҳудудларида хўжалик ишлари билан шуғулланиш тартиб-таомиллари ва фуқароларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

– Маҳалламизда 3 мингдан зиёд аҳоли аҳил ва фаровон турмуш кечирмоқда, – дейди Ат-Термизий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси С.Нурмаҳматов. – Ҳудудда фаолият юритаётган 50 га яқин тадбиркорлик субъекти, 15 фермер хўжалиги маҳалламиз ободлиги ва оилалар тўкинлигини таъминлашда етакчи кучга айланган. Учрашувда чегараолди ҳудудларида хўжалик ишлари билан шуғулланиш тартиби тўғрисида етарли маълумот берилиб, аҳоли томонидан ўртага ташланган масалалар ўз ечимини топганидан мамнун бўлдик.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 755






Все о погоде - Pogoda.uz