Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.07.2018 12:34 Чоп этиш версияси

Чегара билмас мудҳиш жиноят

Чегара билмас мудҳиш жиноят

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Европа давлатларида одам савдоси кескин ривожланди.

XXI аср инсон учун жуда кўп салбий унсурларни олиб келди. Терроризм, гиёҳвандлик, қурол-яроғ, одам савдоси, фоҳишабозлик муаммолари, миссионерлар найранглари шундай иллатлар жумласидандир. Кейинги йилларда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жиддий ташвиш ва хавотирларни келтирмоқда.

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Европа давлатларида одам савдоси кескин ривожланди. Таҳлилчиларнинг фикрича, жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши, транспорт тараққиёти, маҳаллий ва давлатлараро миграция жараёни одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг фаолияти авж олишига сабаб бўлди. XX асрнинг 80-90-йилларига келиб уюшган трансмиллий жиноят сифатида одам савдоси дунё миқёсида долзарб муаммолардан бирига айланди. Кейинги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, дунёнинг қатор мамлакатларида бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда.

Одам савдосининг уюшган трансмиллий жиноий фаолият сифатида асосий фарқ қилувчи хусусияти бўлиб, уни содир этиш оқибатида жисмоний шахслар товарга айланадилар. Яъни одамлар сотиб олиш ёки сотиб юбориш, ҳадя қилиш, топшириш учун объект бўлишлари мумкин. Бошқача қилиб айтганда, улар жонсиз буюмларга тенглаштириладилар.

Жабрланувчилар асосан ўз юртидан бошқа давлатларга транзит қилиш, чегаралардан ўтказиш орқали сотиб юборилади. Бу иллатга қарши барча давлатлар ҳамкорликда фаолият юритишлари зарурлиги сабабли, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг энг кўп эътибор қаратаётган фаолият йўналишларидан бирига айланди. Айни шу иллатга қарши курашиш мақсадида БМТ одам савдосига қарши кураш ҳаракати борасида глобал режасини қабул қилди. Ҳужжатда замонавий қулликни йўқ қилиш мақсадида жаҳон ҳамжамияти уюшган жиноий гуруҳларни йўқ қилишда биргаликда курашиш кераклиги таъкидланади. Режада жиноий гуруҳлар фаолиятига барҳам бериш мақсадида аниқ чора-тадбирлар кўриши белгилаб қўйилган.

Айни дамда БМТнинг одам савдосига қарши кураш борасидаги глобал режаси кучга кирди. Маълумики, бу режа, БМТ Бош Ассамблеясининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинган эди. Лекин фактлардан кўз юмиб бўлмайди. Ҳозирча жаҳон ҳамжамияти одам савдоси билан боғлиқ жирканч иллатнинг илдизини йўқ қилишга муваффақ бўлганича йўқ. Халқаро таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, ҳар йили ер юзида 4 миллиондан ортиқ катта ёшдаги киши ўз хоҳишларига қарши ушланадилар, сотиладилар, сотиб олинадилар. 21-асрнинг шармандали кўриниши бўлмиш одам савдоси туфайли ҳар йили катта ёшдаги кишилардан ташқари 10 миллион бола қулликка гирифтор бўлмоқда.

Ҳар йили ўртача 2 миллионга яқин аёл ўз мамлакатлари чегараларидан олиб ўтилиб, қулликка сотилади. Маълумотларга кўра, ҳозир дунё бўйича тахминан 27 миллион киши одам савдоси туфайли қуллик ҳолатига тушиб қолган. Бу борада Непал, Судан, БАА, Ҳиндистон, Габон, Гаити каби давлатларда энг оғир ҳолатлар кузатилмоқда.

Бугунги кунда жиноий бизнес деб аталмиш одам савдоси кенг қамровли тус олгани боис мазкур иллат орқали топилаётган даромадлар ноқонуний қурол-яроғ ва олмос савдоси келтирадиган даромадларга тенглашди. Халқаро ҳамжамият маълумотларига кўра, ҳар йили одам савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳлар 32 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад топишади.

Маълумки, БМТ томонидан одам савдоси (айниқса, аёл ва болалар савдоси)га тўсиқ қўйиш мақсадида ҳужжат қабул қилинган эди. Бу ҳужжатга кўра, одам савдоси оғир жиноят ва инсон ҳуқуқларини қўпол суратда бузилиши сифатида кўрилади. Одам савдосидан дунёдаги бирор бир давлат четда қолмагани айтилади. Яъни қайсидир давлатдан тирик товарлар олиб чиқилса, иккинчи давлатга одам савдоси қурбонлари етказиб берилади. Жинсий экспулатация, мажбурий меҳнат, кўчаларда тиланчилик қилиш ва инсон органларини трансплантация қилиш мақсадида тирик одамларни сотиш одам савдоси дея аталмиш иллатнинг - замонавий қулликнинг кўринишидир.

Ҳисоботларга кўра, айни дамда Европа Иттифоқи мамлакатларида тахминан 880 000 киши мажбурий меҳнатга жалб қилинган. “Қўҳна қ
итъа”да 3600 халқаро уюшган жиноий гуруҳ фаолият юритаётгани айтилади. Бу гуруҳлар бир йилда одам савдосидан 25 миллиард евро, инсон организмлари савдоси ва ёввойи экзотик ҳайвонлар ноқонуний савдосидан эса 18-26 миллиард евро даромад кўрмоқда.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган – она тилимизга, миллийлигимизга мутлақо ёт бўлган “одам савдоси” деб аталмиш трансмиллий жиноятнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Шунингдек, мамлакатимиз парламенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга ҳамда одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча ҳужжатлар имзоланди. 2008 йилнинг 17 апрелида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг ҳамда 2008 йилнинг 8 июлида “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан қонун нормалари амалга янада самарали тадбиқ этилмоқда.

Хавфсизлигимизга таҳдид солаётган терроризм, одам савдоси ва бошқа трансмиллий жиноятларга қарши муросасиз курашишимиз, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз лозим. Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида иллатнинг ҳавфли оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш, фуқароларни мавжуд ҳолатдан огоҳ этиш муҳим.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
5 198