ЎзА Ўзбек

14.08.2019 10:39 Чоп этиш версияси

“Чарм тўп” бош соврини тошработликларда

“Чарм тўп” бош соврини тошработликларда

Ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳоратини ошириш мақсадида маҳаллаларнинг 13-14 ёшли ўсмирлари ўртасида “Чарм тўп” анъанавий футбол мусобақаси Бухоро вилояти биринчилиги якунланди.

Тадбир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши томонидан вилоят Футбол федерацияси, вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мусобақанинг маҳаллалар босқичида 544 та, туман ва шаҳарлар босқичида 53 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари қатнашгани турнирнинг оммавийлик касб этганига далил, албатта. Беллашувларнинг вилоят даврасига 13 та жамоа ғолиблик учун баҳс юритди. Мусобақа ҳал қилувчи сўнгги ўйинида Ромитан туманидаги “Тошработ” ва Бухоро туманининг “Маданиятработ” ёш футболчилари учрашдилар. Унда ромитанлик ўсмирларнинг қўли баланд келди ва улар мусобақанинг минтақавий финал босқичига йўлланма олди.

Шунингдек, баҳслар якунида “Маданиятработ”ликлар ва “Ниёзҳожи” маҳалласи (Когон тумани) жамоаси тегишли равишда иккинчи, учинчи ўринларни эгаллади.

Мусобақа совриндорлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

– Тошработ маҳалласида биз, ёшларнинг футбол билан шуғуллланишимиз учун барча шароитлар яратилган, – дейди ғолиб жамоа сардори Тўймурод Рамазонов. – Биргина Челонғу қишлоғимизда сунъий қопламали тўртта минифутбол майдончаси бор. Шунингдек, ҳудудимиздаги футбол майдонлари ҳам доимо гавжум. Шунинг учун миллионлар ўйини янада оммалашган. Жамоамиз юзлаб ҳамқишлоқ тенқурларимиз орасидан сараланган истеъдодлардан иборат. Биз “Чарм тўп” мусобақасининг Хоразмда бўлиб ўтадиган минтақавий финал босқичида ҳам муваффақиятли қатнашишни ўз олдимизга катта мақсад қилиб қўйдик.

Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА мухбири
2 066