ЎзА Ўзбек

25.08.2018 15:37 Чоп этиш версияси

Чанг кўтариб кезади сурув, яйлов борар чўлга айланиб...

Чанг кўтариб кезади сурув, яйлов борар чўлга айланиб...
Шимолий Нурота тоғлари этаклари бепоён яйлов. Эрта баҳорнинг ҳавоси очиқ кунларида тоғнинг Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятлари ҳудудларини туташтирувчи Қўйтош тоғидаги телеантенна жойлашган чўққидан атрофга назар солсангиз, узоқ узоқлардаги қора нуқталарга кўзингиз тушади. Бу нуқталарнинг ҳар бири ўтлаб юрган сурув-сурув қўй эканлигини унинг ҳаракатланишидан илғаб олишингиз мумкин. 

Шу кунларда ўша нуқтадан қарасангиз, кенг яйловларда осмонга тутунга ўхшаб кўтарилаётган ғуборга кўзингиз тушади. Бу қўй сурувлари ҳаракатидан ҳосил бўлаётган чанг. Бугун яйлов чангга тўла.

Очиқ адирлардаги майдонларда ҳафта кунларининг номи билан “Сешанба”, “Чоршанба”, “Пайшанба” “Жума”, “Шанба” “Якшанба” деб аталадиган мол бозорлари бор. Бундай бозорлар барча лалмикор ҳудудларда учрайди.

Ғаллаорол тумани Гулчамбар қишлоғидаги “Пайшанба” мол бозори Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятлари оралиғида жойлашган. Бу очиқ адирдаги на девори, на дарвозаси бўлган майдонда йил давомида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни мингдан зиёд қўй, қорамол сотиладиган катта бозорлардан бири ҳисобланади. Молдан ташқари, кейинги йилларда энг катта савдо чорва озуқаси бозорнинг асосий маҳсулотига айланди. Ҳар пайшанбада 250-300 машинада сомон-пичан келтирилади.

Айни пайтда бу ерда 10-12 килограмм келадиган прессланган сомон ўрами нархи 12 мингдан 15 минг сўмгача, беда пичани ўрами 15 минг сўмдан 17 минг сўмгача сотилмоқда.

Битта қўйга бир кунга 5-6 килограмм озуқа кераклиги ҳисобга олинса, бир ойда 15 та пресс ўрами сарфланади. Бу 150-170 минг сўм. Фақат сомон еб ўлиб қолмаслиги учун кунига 200 грамм арпа ҳам бериш керак. Бу бир ойга 10 минг сўм. Агар қиш уч ойга давом этса 600 минг сўм озуқанинг ўзига харажат қилиш керак. Қўйнинг ўртача нархи шунча. Демак, фақат қишловдан олиб чиқиш учун иккита қўйдан биттасини сотиб иккинчисини сақлаб қолиш мумкин. Бу аҳвол гўшт нархининг ошишига асосий омил бўлмоқда.

DSC_8207 (16).JPG

– Кейинги йилларда яйловлар унумдорлиги кескин пасайиши туфайли молнинг насибаси ушбу бозорга боғлиқ бўлиб қолди, – дейди кекса чорвадор Наврўз Тўйжонов. – Арзон гўшт етиштиришнинг асосий манбаи бўлган яйловдан ота-боболаримиз авайлаб, алмашлаб фойдаланиб келган. Ёзда сурувни тоғ яйловларида боқиб, кеч кузда адирдаги яйловга қайтиб қишга ҳозирлик кўрган. Бу даврда яйловда ўтлар ўсиб, уруғини тўкиб улгурган. Чорва молларининг сони кўпайиши яйловдан тўрт фасл ҳам узлуксиз фойдаланишга олиб келди. Йил давомида молнинг туёғида топталаётган тупроқда ўт кўкариб улгурмайди, яйлов ҳақиқий чўлга айланиб бораётир.

Чорва молларининг кўпайиши аҳоли турмуш фаровонлигини оширади. Бироқ, чорвачиликни ривожлантириш, гўшт етиштиришни кўпайтириш ҳақида гапирганда арзон маҳсулот етиштиришнинг манбаи бўлган яйлов муаммоси четда қолмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 582 минг гектар яйлов фондига эга бўлган Жиззах вилоятида 867,6 минг қорамол, 2 миллион 100 минг бошдан зиёд қўй-эчки мавжуд. Биологик меъёрларга кўра, бир бош қорамолга 3 гектардан, бир бош қўй-эчкига 1 гектар яйлов зарурлиги ҳисобга олинса, мавжуд яйлов майдони бу меъёрга нисбатан беш-олти марта камлиги вазиятнинг нечоғли оғир эканлигини кўрсатиб турибди.

Чорва моллари, айниқса қўй сони аҳоли сонига мутаносиб равишда кўпайиб бораётир. Яйловдан йил бўйи фойдаланиш натижасида ўсимликларнинг нормал ўсиб ривожланиши ва уруғ ҳосил қилиши, тупроққа уруғларнинг тўкилиши каби муҳим табиий жараёнлар йўқолиб бормоқда. Уруғ йўқ, демак, ўсимлик ҳам бўлмайди. Бу эса ўз навбатида яйлов ҳосилдорлигининг пасайиши, чўлланишга олиб келади.

Илмий тавсияларга кўра, адир яйловларида 200 турдан ортиқ ўсимликлар ўсиши биологик хилма-хилликни сақлаш учун меъёрий ҳол ҳисобланади. Аммо бугунги кунда ўсимликлар хилма-хиллиги адирларда 45-50 турдан ошмайди.

Инсоннинг кўп йиллик фаолияти туфайли табиий яйловда юз берган бу ўзгаришларни ўрганиш учун катта тадқиқот ўтказиш шарт эмас. Табиий яйловни атрофи девор билан ўралган қишлоқ қабристони билан таққослашнинг ўзи етарли. Қишлоқлар атрофларида яйловлар ҳосилдорлиги девор билан ўралган қабристон ҳудудига қараганда 40-60 фоизга камайган.

DSC_8207 (14).JPG

Бунинг бош сабаби қишлоқлардаги чорва моллар сони яйлов сиғимига нисбатан 5-6 маротаба ортганидадир. Шу сабабли ҳам йирик қишлоқлар атрофларида яхши озуқабоп ўсимликлар ўрнига бегона ўтлар кўпайган ва кўп ҳолларда улар янги ўсимликлар гуруҳларини ҳосил қилган.

— Қўй боқиш учун шароит йилдан йил оғирлашиб бораётир, — дейди Ғаллаорол туманидаги “Қоранғул” фермер хўжалиги раҳбари Бойхўроз Ярашев. – Апрель ойидаёқ яйловлар қуриб қолади. 300 бош қўйни пахтакор туманидаги ғалладан бўшаган майдонларда бир бош қўй учун 3-4 ойга 17 минг сўмдан тўлаб боқамиз. Ёзнику амаллаб ўтказамиз, олдиндаги қиш мавсуми кишини кўпроқ ташвишга солади. Бир тележка сомон 1 миллион сўмга чиқди. Чорва хўжаликлари учун озуқа базаси ташкил этилиши масаласи ҳал қилиниши зарур.

Жиззах вилоятининг Фориш ва Ғаллаорол, Навоий вилоятининг Нурота, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманлари яйловларида ҳолат шундай. Уларнинг кўпчилиги Жанубий Қизилқум, Арнасой кўллари бўйидаги яйловларда қўй боқмоқда. Аммо энди у ерлар ҳам торлик қилиб бирдан-бир озуқа манбаи бўлган табиий янтоқзорлар ва шувоқзорлар ҳам камайиб бораётир.

Ҳозир лалмикор қишлоқ аҳолисининг чорвачиликдан бошқа даромади йўқ. Қўй, қорамол қишлоқ аҳолиси учун ҳам маош, ҳам жамғарма воситаси бўлиб турибди.

Иккинчи катта муаммо – лалмикор қишлоқлардаги аҳолининг ёқилғига бўлган эҳтиёжидир. Табиий газ тармоғига уланмаган қишлоқларда ёқилғига бўлган эҳтиёжнинг бир қисми чорва гўнги, бир қисми эса тоғ адирларда ўсадиган дарахт ҳамда буталар билан қондирилади. Шу сабабли ҳам тоғларда илгаригидек қалин бутазор ва чангалзор ҳозир йўқ. Улар аллақачон аҳолининг тандир ва ўчоқларида ёниб кетган. Яккам дуккам қолган шувоқ, янтоқ, жинғил, ёввойи бодом ва бошқа дарахт ва буталар томири билан кавлаб олинаётир.

Шунинг учун яйлов табиатини асраб қолишда чорва боқишни тартибга солиш биринчи масала бўлса, иккинчиси аҳолининг ёқилғига бўлган эҳтиёжини қондиришдир. Аҳолининг ёқилғи муаммосининг ҳал этилиши табиатга етказилаётган зарарни камайтириши аниқ.

Яйлов муаммоси республиканинг барча ҳудудларида мавжуд. Шунинг учун бу ҳолат халқаро ҳамжамиятнинг, хусусан, БМТ таркибидаги халқаро экологик ташкилотларнинг ҳам диққатини тортаётир.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонинг БМТга аъзо бўлиб, 1995 йилда биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Халқаро Конвенцияга қўшилиши табиатдан фойдаланишда ҳам янгича ёндашувларни юзага келтирди. Бу соҳада 2000-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Глобал экологик жамғарма билан ҳамкорликда Жиззах вилоятининг Фориш тумани, Самарқанд вилоятининг Пойариқ, Навоий вилоятининг Нурота туманлари ҳудудини қамраб олган “Нурота-Қизилқум биологик резерватини барпо этиш” лойиҳаси амалга оширилиши одамларнинг табиатдан фойдаланиш ҳақидаги қарашини ўзгартирди.

БМТ Тараққиёт дастури, Глобал Экологик Жамғарма ва Ўзбекистон Республикаси “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларнинг рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳадан мақсад – чорвадор аҳолининг яйловдан фойдаланиш маданиятини ўзгартиришдир.

Жиззах вилоятининг Зомин ҳамда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманларида 2014-2018 йилларга мўлжаллаб амалга оширилаётган ушбу лойиҳа табиат муҳофазасига доир қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, экологик мавзуда қўлланма ва тарқатма материаллар чоп этиш, ер ости ва усти бойликларидан самарали фойдаланишда ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, биохилма-хилликни асраш, аҳолининг экологик маданияти, экологик таълим сифатини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Лойиҳани амалга оширишда ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, фермерлар билан яқин ҳамкорлик қилинмоқда. Лойиҳа мақсадига мувофиқ келадиган ташаббуслар, кичик лойиҳалар молиявий қўллаб-қувватланаётир.

Зомин туманидаги “Тутак Карим даласи” фермер хўжалиги томонидан ушбу лойиҳа асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

— Хўжалигимизда 200 бошга яқин қўй ва 20 бош йирик шохли мол бор, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Абдулла Жўраев. — 74 гектар майдонда лалми ғалла етиштираяпмиз. 200 гектарлик яйловимизнинг 30 гектарига бу йил баҳорда чогон, изен, терезкен каби 6 хил озуқабоп экинлар ҳамда минг туп саксовул экдик. Бу ишларимиз БМТ Тараққиёт дастури, Глобал Экологик Жамғарма ҳамда республика “Ергеодезкадастр” давлат қўмиталарининг қўшма лойиҳаси томонидан молиялаштирилди.

Лойиҳа доирасида ушбу тумандаги “Рустамнома” чорвачилик фермер хўжалигида ҳам 7 гектар майдонга изен, терескен, чогон, черкез, қандим, коврак каби озуқабоп экинлар ҳамда 7 мингта саксовул экилди. Фермер етарли ем-хашак етиштиришдан ташқари ўт- ўланларнинг уруғини сотишдан ҳам фойда олишни мўлжалламоқда.

Табиатни муҳофаза қилиш талабларини ҳисобга олиб бундай янгича ёндашув натижасини бундан бир неча йил аввал яланғоч қолган қирлар бағрини аста секинлик билан яшил ўт-ўланлар қоплаб бораётгани кўрсатиб турибди. Дала ўсимликларининг эркин ўсиши типратикан, тошбақа, илон каби жониворлар ва турли ҳашаротларнинг бу ерда макон тутишига, қушларнинг қўним топишига, тупроқ кўчишининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Биологик хилма-хиллик тикланаётир.

Ушбу лойиҳани амалга оширишдан кўзда тутилган асосий мақсад битта-иккита фермерга ёрдам кўрсатишнинг ўзигина эмас, тоғли, ярим чўл ва чўл ҳудудларидаги суғорилмайдиган қурғоқчил ерлардан фойдаланишда табиатни муҳофаза қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини жалб этишдир. Бу мақсадни амалга оширишнинг ишончли йўли одамларни хўжалик юритишдан даромад олиш билан бирга табиатни ҳимоя қилишга ундаш, ушбу йўналишдаги илғор тажрибаларни тарғиб қилиш. Энди бу ишда эришилаётган натижаларга мисоллар ҳам етарли. Демак, вазиятни ўнглашнинг, яйловларни тиклашнинг ечими бор.

Лалмикор ҳудудларда яшовчи аҳолини хўжалик юритишнинг ноанъанавий усулларига жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш даркор. Экологик туризмни ривожлантириш орқали аҳоли даромадини оширишга эришиш керак.

Буни Глобал экологик жамғарманинг кичик грантлар дастури кўмагида амалга оширилаётган “Фориш ва Нурота туманларида экологик туризмни ривожлантириш” лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Унга кўра ҳудудларда экотуристлар жалб этилиб, йўл бошловчилик, меҳмонхона хизматлари кўрсатиш тизими яратилмоқда.

Фақат чорвачилик орқасидан тирикчилик ўтказган одамлар эндиликда сайёҳларга хизмат кўрсатишдан даромад қилмоқда, табиатни асрашга ҳисса қўшмоқда. Ҳозир туман марказида меҳмонлар учун “Ташриф маркази”, Синтоб, Ҳаёт, Ухум, Андаген қишлоқларида ўндан зиёд уй меҳмонхоналар фаолият кўрсатаётир. 

Халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг муҳим жиҳати бу ҳудудда яйлов эрозиясининг, чўлланишнинг тўхталиши баробарида одамларнинг табиатга бўлган муносабати ўзгараётганидадир.

Яйловлар ҳосилдорлигини ошириш борасида Жиззах давлат педагогика институти ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимликлар ва ҳайвонот олами генафонди институти ходимлари ҳамкорлигида ҳам изланишлар олиб борилмоқда. Фориш туманининг “Қизилқум” ва “Боғдон”, Ғаллаорол туманининг “Лалмикор”, Нурота туманининг ”Ғозғон” ва “Янги бино” хўжаликларида қурғоқчиликка чидамли бўлган изен, кейрук, котрон, чогон, терескен каби ўсимликлар экилган. Бу яхши натижа берган. Демак, инқирозга учраган яйловларнинг ҳосилдорлигини тубдан яхшилаш борасида экиб, синаб кўрилган усул бор

– Яйлов чўлланишининг олдини олишнинг энг ишончли йўли – алмашлаб фойдаланишни йўлга қўйиш, – дейди Ғаллаоролдаги Ўзбекистон лалмикор деҳқончилик илмий тадқиқот институти илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ҳасан Юсупов. – Бироқ ҳозир мол сонини ҳисобга олганда бу усулни тўлиқ амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун чорвачиликни ривожлантиришнинг табиатга зарар етказмайдиган усулларидан фойдаланиш йўлларини топиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, гўшт етиштиришга мўлжалланган чорва молларини тўлиқ махсус бўрдоқихоналарда боқишга ўтиш, яйловда урчитиладиган молларни режали боқишни йўлга қўйиш зарурлиги кўриниб турибди. Шундай қилинганда яйловнинг юкини бироз камайтириш, унинг асосий озуқа базаси ҳосилдорлигини фитомелиорациялаш ишларини амалга ошириш учун имконият яратилади.

Албатта, аҳволнинг тобора мураккаблашиб боравермаслиги учун, биринчи навбатда, ҳукумат, парламент зарур чоралар кўриши табиий. Аммо масаланинг асосий ечими ушбу муаммоли ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимият ва хўжалик органларига, жамоатчиликка, барча аҳолига боғлиқ бўлиб қолади.

Яйлов инқирози кўриниб турибди, соҳадаги уринишлар муаммони уни ҳал этишнинг ечими борлигини ҳам кўрсатиб турибди. Демак, яйловни ҳам сақлаб қолиш, гўшт етиштиришни ҳам кўпайтириш учун куч ва имкониятларни тезроқ бирлаштириш зарур.

ЎзАдан: ушбу мақолани чоп этиш арафасида мақолада кўтарилган муаммолар билан боғлиқ янги ҳужжат – Орол денгизи ҳудуди, Қизилқум чўли ва республикамизнинг сув танқис бўлган бошқа чўл ҳудудларини кенг ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг чўл ҳудудларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони лойиҳаси тайёрланганини хабар қилган эдик. Ҳужжат иловасида “Яшил чўл лабораторияси” Концепцияси келтирилган.

Лойиҳа амалга тушгач, чўл ҳудудлардан унумли фойдаланиш натижасида республика ҳудудларида ўсимликлар қоплами кенгайиши ва чўлланиш ҳолатлари камайиши кутилмоқда. Шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари ва тажриба лабораторияси ўртасида амалий ҳамкорлик ташкил қилинади. Кенг майдонларни кўкаламзорлаштириш ва чорвачилик учун озуқа базасини яратиш чоралари кўрилади. Экотуризм ва агротуризмни ривожлантириш устида иш олиб борилади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 854