Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2017 11:47 Чоп этиш версияси

Чаман кулди ҳатто тошлардан

Чаман кулди ҳатто тошлардан
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам улкан иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Она табиат ер юзига сеп ёйганда, юртимиз заминига алоҳида “сахийлик” қилган, деган гапда заррача муболаға йўқ. Мана, Сирдарё вилоятини олинг. Қадим Сайхун соҳилларидаги сўлим воҳа мустақиллик йилларида чирой очиб, замонавий қиёфа касб этди. Бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бепоён ҳудуд ўзлаштирилиб, замонавий шаҳару қишлоқлар бунёд этилди, тараққиёт кириб келди.

Мустабид тузум даврида бутун республикамиз аҳолиси қатори сирдарёликларнинг ҳам қадри топталган. Машаққат билан етиштирган маҳсулотлари сувтекинга собиқ марказга олиб кетилган. Оғир шароитда тер тўкиб, мўл ҳосил етиштирган захматкаш инсонлар раҳмат ўрнига туҳмат ва маломатга қолган, “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деган қатағонларга дучор бўлган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб юритган оқилона сиёсати туфайли бу замин, унинг одамлари эркинлик ҳавосидан, ҳалол меҳнати самарасидан баҳраманд бўлди. Суяги далада қотган, қийинчиликларда тобланган, иродаси мустаҳкам, бағрикенг Сирдарё аҳли бу ҳақиқатни теран англаб, унинг қадрига етиб, ўз юртини янада обод, турмушини фаровон этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Биргина мисол: “Дўстлик” каналининг Гулистон шаҳридан ўтган қисми бетон билан қоплангач, сизот сувлар сатҳи кескин пасайди. Ёпиқ ва очиқ коллекторларни тозалаш, тик дренаж қудуқлар тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўнлаб кўп қаватли янги турар жой бинолари ўз эгаларига топширилди.

Бугун воҳанинг қай гўшасига борманг, қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари устидан чиқасиз. Аҳоли бунёдкорлик ишқи билан яшамоқда. Бўлаётган ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшиш пайида. Таъбир жоиз бўлса, ҳамма “уйғонган”. Гулистон шаҳридан қиёс: янги деҳқон ва буюм бозори ҳадемай тўлиқ ишга туширилади. Ижтимоий, маданий муассасалар, саноат корхоналари, маданият ва спорт иншоотлари барпо этилаётир. Йўллар таъмирланиб, кенгайтирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Гулистон ўз номига монанд шаҳарга айланмоқда.

Сирдарё вилояти иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти, географик жойлашуви билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин тутади.

Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 2010 йилдан буён 1,6 баробар ошган. Кейинги беш йилда унинг таркибида саноат маҳсулотлари 1,6 марта ўсган.

Биласиз, илгари воҳада битта иссиқлик электр станцияси ва пахта тозалаш заводидан бошқа саноат корхонаси йўқ ҳисоби эди. Мустақиллик йилларида Сирдарё вилоятида саноатнинг илғор, замонавий тармоқлари шаклланди ва ривожланди. Саноатнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши охирги беш йилда 21 фоиздан 28 фоизга ўсди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг Сирдарё филиали бу борада муҳим рол ўйнамоқда. Вилоятда мавжуд 66 қўшма корхонанинг 38 таси охирги беш йилда ташкил этилгани, шунинг 8 таси илгари бундай корхоналар умуман бўлмаган туманлар ҳисасига тўғри келаётгани янада эътиборлидир.

Жараён 

“Автомобиль таъмирлаш” давлат акциядорлик корхонасидан фойдаланилмас эди. “Guliston med texnika” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасига “ноль” қийматда берилди. Бу, ўз навбатида, маҳаллий ишбилармон ва хорижий сармоядорлар зиммасига яқин икки йилда ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун 7 миллион 300 минг доллар инвестиция киритиш мажбуриятини юклади.

Ишбилармонлар сармояни корхона фаолиятини йўлга қўйиш, қурилиш ва таъмирлаш, четдан замонавий ускуналар олиб келиш учун йўналтирди. 65 киши ишга қабул қилинди. Лойиҳага кўра, бу ерда босқичма-босқич янги тармоқлар очилиб, фаолият кўлами кенгайтириб борилаверди. Корхонада айни пайтда бир марталик шприц ҳамда инфузион система ишлаб чиқарилмоқда.

Қўшма корхона раҳбари Алишер Тўйчибоев қуюв, трафарет, йиғув, қадоқлаш цехларидаги жараён билан бирма-бир танишиб чиққач, қўлига калькулятор олиб кунлик маҳсулотларни хомчўт қилди. Натижа ёмон эмас. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан шприц ва инфузион система олди-сотдиси бўйича олиб борилаётган музокаралар ижобий ечим топса, яна 150 ёш йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлади.

* * * 

Импорт ва экспортчи корхоналарнинг олтин қоидасига кўра, ички бозорда муайян маҳсулотга бўлган талабни бирдай ушлаб туришда қуйидаги таомил қўл келади: маҳсулотнинг сотув баҳоси сақлаб қолинган ҳолда таркиби, ҳажми, истеъмолга яроқлилиги, сифати харидор фойдасига ўзгариши керак. Ташқи бозорнинг талаби катта. У кутиш нималигини билмайди. Мувозанатни сақлашда сифат, нарх, муддат уйғунлиги таъминланса, бас. Бунинг учун корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати катта бўлиши керак.

Гулистон шаҳридаги “Neo cotton” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари мазкур қоидага амал қилиб янглишмаган экан. Улар тақдим этган шартнома хорижлик ҳамкорлар томонидан имзоланди. Келишувга мувофиқ, умумий қиймати 306 минг долларлик маҳсулот харидорларга март-апрель ойларида етказиб берилиши лозим. Вақт тиғиз. 150 га яқин ишчининг қўли-қўлига тегмайди: ҳамма пайпоқ тайёрлаш билан банд.

Ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Сарвиноз Жалолиддинова дастгоҳлар ва уларга жамғарилган табиий ва синтетик толани бирма-бир кўздан кечириб чиққач, ходимларнинг чаққон ҳаракатини кузатади. Улардан бири сенсорли таблога нималарнидир қайд этади. Зум ўтмай, тўқимачилик дастгоҳлари бир маромда ишлай бошлайди. Ускуналар Италиядан келтирилган. Компьютер “буйруғи” билан ишлайди. Масалан, махсус дастурий тизим орқали улар хотирасига тўқилиши керак бўлган янги маҳсулот эскизи сканер орқали киритилса бас, бир зумда ҳақиқийси қўлингизда бўлади.

Сарвиноз линиядан шундоқ елим саватчага келиб тушаётган деярли тайёр ҳолдаги тўқима маҳсулотни олиб, қўлидаги рангли чизмага солиштиради. Ҳаммаси рисоладагидек. Бичимию ранглари жой-жойида!

* * * 

“Баққол дон савдо” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган дастлабки йилларда ун ишлаб чиқарар эди. Яқинда унинг тармоғи яна биттага кенгайди. Бунинг учун 3 миллиард 518 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Ишчилар сони 38 нафарга етди. Айни пайтда бу ерда тайёрланаётган писта ёғи ва ун истеъмочиларга пешма-пеш етказиб берилаётир.

Корхона таъсисчилари жорий йилда аҳолига қарийб 2 миллиард сўмлик хизмат кўрсатишни мақсад қилган. Шунинг учун яна 30 нафар ишчига эҳтиёж бор. Тез орада бу масала ҳам ижобий ечим топади.

Ёғ қуйилган елим идишнинг ёрлиғи кўзимга алланечук иссиқ кўринди.

Ошпаз ошнамиз бор: ҳалфаналарда қозон бошига ҳеч кимни йўлатмайди. Буни қарангки, оғзини тўлдириб реклама қиладиган “российский” ёғи “Баққол дон савдо”ники экан. Қизиқ-да, кийим-кечак харид қилаётганда унинг ёрлиғи, савдо белгисига қараймиз-у, озиқ-овқат маҳсулотларига келганда бунга кўпам эътибор беравермаймиз. Фармонбибининг келинларига қилган ўша машҳур кесатиғида ҳикмат кўп.

* * * 

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2000 йилдан буён қиймати 5,5 миллиард доллардан ортиқ 2,8 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилган. Илгари четдан келтирилган 4,8 мингдан зиёд янги маҳсулот турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Натижада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг умумий ҳажмида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улуши 20 фоиздан кўпроқни ташкил этди.

2016 йил 26 декабрь. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Мазкур ҳужжат бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш ва изчил давом эттириш учун муҳим дастуриламал бўлиш билан бирга, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулот тайёрлаш истагида юрган кўплаб тадбиркорлар қатори Эркин Ҳамроев учун ҳам айни муддао бўлди.

У Хитойдан 6,5 миллион долларлик инвестиция жалб этиб “Wangda metal” масъулияти чекланган жамиятини барпо этишга киришди. Таъсисчининг сўзларига кўра, завод йилига 16 минг 250 тонна металлдан қишлоқ хўжалиги техникаси, барча турдаги саноат корхоналарига бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари тайёрлашга ихтисослашган. Агар бу маҳсулотларни бозор нархига чақсак, 21 миллиард сўмга айланади. Шундан 960 миллиони бюджетга тушади. 400 янги иш ўрни яратилади. Айни пайтда бу ерда пардозлаш ишлари авжида. Очилиш маросими Наврўз умумхалқ байрами арафасида ўтказилиши режалаштирилган.

* * *

Наврўз айёмини муносиб кутиб олиш ҳамда кўтаринки кайфиятда кенг нишонлаш учун Сирдарё вилоятида ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳар ва туманлар, маҳалла ва қишлоқлар, кўча ва хиёбонлар байрамона безатилиб, ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Янги боғ-роғлар, гулзорлар барпо этилаётир.

Март-апрель ойлари мамлакатимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилинган. Ойлик доирасидаги тадбирларда вилоят аҳли, айниқса, ёшлар ҳамжиҳатлик билан фаол иштирок этмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш жараёнида манзарали кўчатлардан кўпроқ фойдаланилса, кейинчалик айрим экологик муаммолар бартараф этилади, инсонларда нафас йўли билан боғлиқ касалликларнинг олди олинади, бир қатор ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳам ижобий ҳал этилади. Бунинг учун манзарали кўчатлар экилаётган ҳудуднинг табиий ҳолати, иқлими, тупроқ унумдорлиги каби хусусиятлар инобатга олиниши лозим.

Арчадан қиёс. Тянь-Шань, Чотқол, Қурама тоғларида кўп учрайдиган сарвдошлар оиласига мансуб мазкур дарахт жуда кўп фойдали хусусиятларга эга. Унинг ёғочи меъморлик ва ўймакорлик ишлари, қалам ясашда ишлатилади. Қуббаларидан эфир мойи, қанд, мум ва органик кислоталар олинади. Қуббасининг дамламаси табобатда пешоб ҳайдовчи, балғам кўчирувчи ва овқат ҳазмини яхшиловчи малҳам сифатида кенг ишлатилади.

Соҳа мутасаддилари мазкур жиҳатларни инобатга олиб, асосий эътиборни вилоят иқлими шароитига мос арча, қайрағоч, оқ қайин каби манзарали дарахтлар экишга қаратмоқда...

Тараққиёт ва юксалиш

Сирдарё вилоятига хизмат сафари давомида гувоҳ бўлдик бу жараёнга. Таажжубланганимиз рост. Ҳамроҳимиздан “Бу ер чиндан ҳам Сирдарёми”, деб сўрадик. У табассум билан биз томонга бир қарадию, “Албатта-да...”, деди.

Унинг айтишича, биз ҳозир сўнгги уч-тўрт ой ичида амалга оширилган ишларнинг айримларигагина гувоҳ бўлибмиз, холос. Бундан ташқари, шу вақт ичида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашаган “Sirdaryo best fashion”, темир бетон тайёрлайдиган “Соҳил уммон барака” масъулияти чекланган жамиятлари сингари ўнлаб лойиҳалар ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилган. Умуман, жорий йилда саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги каби тармоқларда қиймати 1,5 триллион сўмлик 1499 лойиҳа амалга оширилади ва қарийб 22 минг иш ўрни яратилади.

Мезбон йўл-йўлакай Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Сирдарё вилоятида келгуси беш йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Унинг айтишича, вилоятда умумий қиймати қарийб 59 миллион доллар бўлган бешта инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Масалан, келгуси икки йилда Сайхунобод туманида тўқимачилик соҳасида катта бир лойиҳани жорий этиш ҳисобидан ип-калава тайёрлаш йўлга қўйилади.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида 147 лойиҳа амалга оширилади. Чунончи, жорий йилда Сирдарё туманидаги “Файз” қўшма корхонасида ғўзапоядан ёғоч-қипиқли плита ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Ўндан ортиқ тиббиёт масканини капитал таъмирлаш ва уларни 43 томограф, 326 рентген, 320 УЗИ аппарати ва бошқа замонавий тиббий ускуналар билан қўшимча жиҳозлаш кўзда тутилган.

Жорий йилда Янгиер шаҳри, Мирзаобод ва Сайхунобод туманлари, 2021 йилда Гулистон, Боёвут, Сардоба, Ховос ва Оқолтин туманларини субвенцияга қарамликдан чиқариш режалаштирилган.

Хўш, бу натижаларга қандай ва ниманинг ҳисобидан эришилади?

Гулистон тумани мисолида айтадиган бўлсак, келгуси йилларда 282 янги объект ишга туширилиши ва маҳаллий бюджетга солиқ тўловлари 27 миллиард сўмга кўпайиши ҳисобидан бюджет харажатларининг тўла қопланиши кутилмоқда. Хусусан, 2018 йилда “Мили Гулистон” корхонаси томонидан 20 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 10 минг тонна ип-калава, 15 миллион квадрат метр ип-газлама, 2 минг тонна трикотаж ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, Гулистон туманидаги “Барака текстиль” корхонаси томонидан 4 минг 500 тонна ип-калава ишлаб чиқариш ва уни бўяш, 10 миллион квадрат метр пахмоқ мато ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Экспорт масаласига енгил қараб бўлмайди. Чунки валюта фондининг юксалишида бу жиҳат асосий омил саналади. Вилоятнинг ҳудудий экспорт ҳажмини камида 1,2 баробар ошириш, экспорт фаолиятига яна камида 30 корхонани жалб этиш мўлжалланган.

Ширин ва Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Гулистон, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос туманларидаги деҳқон бозорларини тубдан реконструкция қилиш режалаштирилмоқда...

Булар Сирдарё вилоятида эришилаётган иқтисодий ютуқлар, тараққиёт истиқболлари, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш йўлида қилинаётган ишлардан бир шингил, холос. Фан-таълим, спорт, маданият ва бошқа кўплаб соҳаларда фахр билан сўзлайдиган ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчасининг замирида инсон ва унинг манфаатлари мужассам.

Тиниқ тонглар шукронаси

Сафаримиз қариди. Биз ўтирган “Cobalt” Сирдарёдан қўзғалди. Вилоятда кейинги ойларда амалга оширилган ишлар, воҳанинг бугунги кўрку-таровати қалбимизда бир олам таассурот қолдирди. Сирдарёга файзу барака, тароват кирганига, одамларда эртанги кунга ишонч ҳар қачонгидан ҳам кучайганига яна бир бор амин бўлдик. Беихтиёр атоқли шоир Ойбекнинг “Ҳаёт қўшиғи” ёдга тушади.

Қуёш, нуринг тўка бер мўл-мўл!
Баҳор, кетма бизнинг бошлардан.
Юртимизда қолмасин дашт-чўл,
Чаман кулсин ҳатто тошлардан!


Ойбек домла бу шеърни 80 йил аввал бугунгидек фараҳбахш кунлар саодатини орзулаб ёзган. Тиниқ тонглар шукронаси, она замин саховати, жаннатмонанд юрт жозибасидан сармаст яшаётган ҳар қайси юртдошимиз бугун бу мунаввар орзунинг чексиз ижобатига гувоҳ.

Ана, бобоқуёш заррин нурларини заминимиз узра таратмоқда. Фасллар келинчаги – баҳор ўлкамизга сепини ёймоқда. Юртимизда дашт-чўл қолмади. Ҳатто тошлар устида ҳам чаман унди, унмоқда...

Бекзод Ҳидоятов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
2 760






Все о погоде - Pogoda.uz