Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.07.2018 23:23 Чоп этиш версияси

Чақирув мавсумига ҳозирлик

Чақирув мавсумига ҳозирлик
Пастдарғом тумани мудофаа ишлари бўлимида “Фуқароларни ўрганиш, муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резерви хизматига лойиқларни танлаб олиш, уларни қўшинларга тақсимлаш, чақирилувчиларнинг шахсий йиғма жилдини юритиш тартиби” мавзуида амалий семинар бўлиб ўтди.

Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда барча туман-шаҳар мудофаа ишлари ва чақирув бўлимлари бошлиқлари, масъул ходимлар иштирок этди.

Марказий ҳарбий округ ташкилий сафарбарлик бошқармаси бошлиғи, подполковник М.Азимов, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Ф.Олимхўжаев тизимдаги ислоҳотлар жараёни, чақирувни ташкил этишдаги асосий вазифалар хусусида маълумот берди.

14.JPG

– Бугун ёшларда ҳарбий хизматга қизиқиш юқори, – деди Ф.Олимхўжаев. – Шу боис уларнинг энг муносибларини саралаш чақирув жараёнида иштирок этадиган мутасаддилар зиммасига катта масъулият юклайди. Бугунги семинар айни жараённи белгиланган меъёрлар асосида юқори даражада ўтказиш мақсадида ташкил этилди.

Семинарда навбатдаги чақирувни ташкил этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, ундаги асосий вазифаларга бағишланган маърузалар тингланди. Жараёндаги муҳим тушунчалар ҳақида маълумот берилиб, фуқароларни ўрганиш, муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга муносибларни саралашнинг муҳим томонларига эътибор қаратилди.

Тадбир давомида тумандаги “Пўлатчи” маҳалла фуқаролар йиғини марказида фуқароларни 2018-2019 йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва сафарбарлик чақируви резерви хизматига тайинлаш тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича амалий машғулот ўтказилди. Унда маҳалладаги ҳарбий хизматга чақирилувчилар тегишли тартибда мутахассислар томонидан ўрганилди.

– Мазкур жараёнда бевосита ота-оналар иштирок этаётгани турли муаммоли вазиятларнинг олдини олади, – дейди Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлимининг чақирув бўлими бошлиғи С.Яздонов. – Муддатли ҳарбий хизматга ҳар томонлама баркамол ёшларни саралаб олишда бу жараён муҳим аҳамиятга эга. Чунки маҳалланинг ўзида ўтказилган ўрганишда мудофаа ишлари бўлими вакили билан бирга маҳалла мутасаддиси, даволовчи шифокори ҳамда ҳудуд профилактика инспектори иштирок этади. Бунда чақирилувчининг соғлиғи, хулқ-атвори тўғрисида тўлиқ маълумот шаклланади. Аниқланган натижаларга қараб, фуқаро ҳарбий хизматга тайинланади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
5 100