ЎзА Ўзбек

12.04.2018 11:27 Чоп этиш версияси

Чақалоқнинг шукронаси қани?

Чақалоқнинг шукронаси қани? Эр-хотинликнинг энг буюк мақсади – фарзанд. ...Аёлнинг энг муҳим вазифаси – бу фарзанд тарбияси.

Абдурауф Фитрат

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитратнинг бундан бир аср илгари, аниқроғи, 1914 йили чоп этилган “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” деган ажойиб асари бор. Унда оилага, жамиятнинг энг муҳим ҳалқаси, деб қаралиб, миллатнинг бу борадаги ўша пайтларда намоён бўлган кўп-кўп иллатлари очиб ташланган. Шу билан бирга, бу борада илғор мамлакатлар тажрибаларидан ўрнак олишга чақирилган. Афсуски, оила борасида ҳозирги пайтда ҳам, ютуқларимиз билан бирга, талай камчиликларимиз ҳам мавжуд. Шунинг учун бу асар – ҳозир ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Биргина мисолга эътибор қилайлик. “Маълумки, одам биринчи тарбияни онасининг бағрида олади, – деб ёзади аллома. – Шу нарса муқаррарки, биринчи тарбия (оила тарбияси) тарбиянинг энг муҳими ҳисобланади. Унинг таъсири одам табиатига мустаҳкам ўрнашади”. Бу сатрлар ҳар бир она гарданига буюк вазифа ва масъулият юклайди.

Демак, она – тарбиянинг асосий меҳвари. Лекин ҳаммага аён бир гап ҳам бор-да: аввало, тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак.

Афсуски, жамиятимиздаги маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатаётган баъзи урф-одат, маросим ва тадбирларнинг урчиб бораётганига айнан оналар сабабчи бўлаётгани кишини ўйлантириб қўймоқда. Аёллар тўй-ҳашам, оилавий тадбирларда дабдабабозлик, бойлигини, “ҳеч кимдан кам эмас”лигини бошқаларга кўз-кўз қилиш, буни кимларгадир кўрсатиб қўйиш, исрофгарчиликнинг асл сабабчилари бўлиб келаётгани яхши эмас.

Бу иллатларимиз чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқишдан бошланади. Очиғини айтганда, буларнинг барини кейинги даврларда ўзимиз ўйлаб топиб, анъанага айлантириб олганмиз. Чунки аввалги замонларда туғруқхона бўлмаган-ку.

Муқаддас динимизда анъанада йўқ қоидаларни жорий этишга “бидъат” дейилади. Чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш дабдабаю асъасалари дунёвий маънода бидъат эмасми?

Бидъатлиги шундаки, чақалоқ туғилиши, унинг чилласи, бу даврдаги тарбияси билан боғлиқ шундай асрий анъаналаримиз борки, улар замирида халқимизнинг синовлардан ўта-ўта пишган орзу-мақсадлари, тажрибалари, хулосалари – яширин. Биз шуни бузмаяпмизми?

Чақалоқ – Худонинг ота-онага берган ўта пок, нозикдан-нозик неъмати. Уни майин эсган шамолдан ҳам, чанг-чунгдан ҳам, шовқин-сурондан ҳам, ҳаттоки, одамларнинг назаридан ҳам олий даражада асраш керак. Ота-боболаримиз бекорга қирқ кунгача, яъни чилласи чиққунга қадар гўдакка ҳадди аълосида эътибор билан қарашни одат қилмаган. Шу муддат тугаганидан кейингина чиллагурезон қилиб, келин боласи билан ота-онасиникига, бошқа яқинлариникига бориши мумкин, холос. Унгача болакай ётган уйга ҳар кимни киритишга ҳам йўл қўйилмаган.

Ҳозирги илм-фан ривожланган замонда ҳам тиббиёт йўргакдаги бола учун алоҳида санитария-гигиена тартиб-қоидаларига қатъий амал қилишни лозим кўради.

Биз нима қиляпмиз?

Чақалоқни тантана билан туғурқхонадан олиб чиқамиз. Бу тадбирга катта-кичик болалардан ҳам бир нечасини етаклаб келамиз. Карнай-сурнайни вақаванг қилиб чалдирамиз. Бир неча автомобиль паппилата-паппилата бутун маҳаллани бошига кўтаради. Дарвозахонамиз ёки кўп қаватли уйнинг йўлагини сунъий гуллар билан безатамиз. Фарзанд кўрганимизни ҳаммага кўз-кўз қиламиз. Буларнинг ҳаммасини видеотасвирга олдирамиз. Гўё буларнинг бари чақалоқ учундай. Ҳолбуки, бу гўдак ҳали бу нарсаларни тушунмайди-ку. Ҳа, нима эмиш, катта бўлганида видеодан кўрар эмиш.

Амалда бу ўзимизни ўзимиз кўз-кўз қилиш эмасми?

Ахир, кўз-суқ деган нарсалар ҳам бор-ку, улар қаёқда қолди? Айрим кишиларнинг қарашида моддий қувват борлигини илм ҳам тасдиқлайди-ку. Покдан-пок, нимжонгина чақалоқни ёт назарлардан асраш моҳиятини тушунган тушунади.

Биров бир нарсани урфга киритади, бўлди, бошқаларимиз буни худдики ота-боболаримиздан қолган муқаддас удумдай қабул қилаверамиз. Яъни ана шу янги-янги одатларга ўйламай-нетмай амал қилаверамиз.

Аслида-чи? Аср-асрлардан буён аждодларимиздан чақалоқни тарбиялаш, уни йўргаклаш, бешикка белаш, сочини олиш, яхши юриб кетишини таъминлаш, мускулларини ривожлантириш, тилининг равон чиқишига кўмаклашиш билан боғлиқ қанча-қанча гўзал удумларимиз етиб келган. Энг ёмони, ўзимиз кейинги вақтларда яратиб олаётган одатлар айнан ана ўша асрий удумларимизнинг унутилишига олиб келмоқда.

Миллий мерос – кенг тушунча. Миллий урф-одатларимиз, маросимлар, анъана ва қадриятларимиз ҳам миллий меросга киради. Узоқ тарихий илдизга эга бу мерос замирида эса юксак маънавий қадриятлар ётибди. Халқнинг эътиқоди, миллий мафкураси ҳам шулар асосида шаклланади. Улар халқнинг маънавий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда пайдо бўлиб, ўз мазмунида шу юрт кишиларининг орзу-ҳаваси, турмуш тарзи, маънавий даражасини намоён этади. Халқимизнинг ҳар бир урф-одати, фазилатида теран миллийлик бор.

Шундай экан, китобларда урф-одатларимиз, тўйларимиз, оила, фарзанд тарбияси ҳақида қолдирилган фикрларга бефарқ, беписанд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хусусан, халқимизнинг бола тарбияси билан боғлиқ бой меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз, бунинг учун уларга оқилона амал қилиб боришимиз, моҳиятан маънавиятсизлик белгиси бўлган янги-янги одатларни урфга киритишдан сақланишимиз зарур.

Хўш, бу ўйлаб топилган тадбирларни ўтказишдан кимга фойдаю кимга зарар?

XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида яшаган буюк татар маърифатпарвари Ризоуддин ибн Фахруддин “Оила” асарида: “Ҳар бир хотуннинг ақлини ўлчамоқчи бўлсангиз, унинг қўл остидаги болаларига боқинг!” – деган фикрни келтиради. Бола тарбияси эса унга сарфланган маблағ билангина белгиланмайди. Китобнинг “Тўй” деган фаслидаги мана бу жумлага эътибор қилайлик: “Ёлғиз авом мадҳини эшитиш учунгина ақлли кимса ўз молини нобуд этмас. Маишати кўтармагани ҳолида бошқаларга тақлид этиб, сармоясини совурмас”.

Демак, бундан бир аср муқаддам ҳам мусулмон халқлари ўртасида тўй қилиб, шуҳрат топиш иллати бўлган. Ўша замонларда ҳам зиёлилар бунга қарши курашган. Ризоуддин ибн Фахруддин сармояни бекордан-бекорга сарфлаб, дабдабали тўй қилишларни фақатгина кўпчиликнинг орасида бойлигини кўрсатиш, сунъий равишда шуҳрат топишдан бошқа нарса эмаслигини очиқ ёзяпти.

Чақалоқларни туғруқхоналардан олиб чиқиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар маънавиятимиз, азалий қадриятларимиз, миллий тийнатимизга ёт одатларга асосланаётгани билан тобора бугуннинг долзарб муаммосига айланиб боряпти.

Бундай маросимлар мамлакатимиз оилалари иқтисодига, маънавий оламига салбий таъсир ўтказаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун “Оилада фарзанд туғилиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлардаги дабдабабозликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилди. У Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева томонидан шу йилнинг 5 мартида тасдиқланди. Уни Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорликда тайёрлаган.

Ундаги тўрт бўлимнинг номланишидан ҳам мазкур режадаги чора-тадбирлар моҳиятини ва аҳамиятини тушуниб олиш мумкин: “Фарзанд туғилиши билан боғлиқ миллий маросимлар ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкиллаштириш”, “Фарзанд туғилиши билан боғлиқ маросимларни ўтказишда аҳоли томонидан йўл қўйилаётган дабдабабозликларнинг олдини олиш”, “Тиббиёт ходимлари томонидан она ва бола саломатлиги юзасидан тушунтириш ишларини кучайтириш”, “Фарзанд туғилиши билан боғлиқ миллий маросимлар юзасидан диний ва маънавий тарбияни шакллантириш”.

Чақалоқнинг туғилиши – байрам. У хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ – қиз, бунинг шукронасини қилишимиз керак. Ота-она, аввало, унга яхши, чиройли, фарзанд улғайганида норози бўлмайдиган бир исм топиб қўйиши керак. Мусулмончилик анъанасига кўра, кейин қулоғига исмини айтиб, азон ўқитиб қўйиш лозим.

Бешикка белашнинг ҳам қанчадан-қанча анъанавий удумлари бор.

Масалан, Бухорода болани бешикка белаётганда у бир неча карра бошини бир оёқ тарафга, бир бош тарафга қилиб ётқизилади-да, атрофдагилардан: “Чаппами, роста?” (“Хато ётқизилдими ёки тўғрими?” маъносида), – сўралади. Охири тўғри ётқизилган ҳолатида қолдирилиб, беланади. Бунинг тагида ҳам маъно бор. У шундан иборатки: “Ҳаётда хато ва тўғри йўл бор, бола улғайиб, фақат тўғри йўлларда юрсин!” – дегани бу.

Бешик биз учун биринчи уйимиз. Уни халқимиз Ватан рамзи сифатида қабул қилиб келган. Бола киндигини бешикка бойлаш замирида ҳам Ватанга садоқат ғояси илгари сурилган. Бу удумда олам-олам маъно, фикр – мафкура бор. Чақалоқнинг кесилган киндиги бола улғайиб, бешикни тарк этгунига қадар бешикнинг чўпига боғлаб қўйилади. Кейин эса у бир мевали дарахтнинг тагига кўмилади. Нима учун? Бунда ҳам эзгу орзу-мақсад акс этиб турибди: бола улғайиб, вояга етиб, ана мевали дарахтга ўхшаб фарзандлар кўрсин!

Марҳамат, бундай гўзал ва қадимий урф-одатларимизга амал қилайлик. Улар асрлар мобайнида кишиларга Ватан, эл-улусга муҳаббат туйғуси сингдириб келган. Энг муҳими, бу удумларга амал қилиш учун катта маблағ талаб этилмайди.

Хўш, чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқишни иқтисодий фойда кўриш манбаига айлантираётганлар кимлар?

Биргина чақалоқни олиб чиқиш учун буюртма берилган автомобилнинг энг паст нархи – 150 доллар. Бу тадбирда турли кийимларни кийиб, иштирок этадиганларнинг (Маша, Медведь ва бошқаларнинг) ҳар бирига камида 50 доллардан бериш керак. Карнайчи, сурнайчи, ноғорачилар ҳам бепул хизмат қилмайди, албатта. Расмчи, видеочиларнинг ҳам белгиланган “ставка”си бор. Автомобилни, ҳовли ёки кўп қаватли уй йўлагини сунъий гуллар билан безатиш ҳам – харажат.

Фарзандлик бўлган она ҳам туғруқхонадан “текинга” чиқмайди. Нечанчи фарзанд кўрганидан қатъи назар, унга янги сарпо-суруқ қилиш зарур. Туғруқхонага гўзаллик салони ходимининг ташрифини уюштириш лозим. Бундай дабдабаю асъаса бўлаётган маҳалда туғруқхона ходимлари ҳам “қуруқ” қолдирилмаслиги керак, албатта. Буларнинг бари оила бюджетидан сарфланади.

Табиийки, замонамиз – яхши. Аҳоли ўртасида иқтисодий жиҳатдан бойиб бораётган тоифа ҳам кўпайяпти. Шундай бўлиши керак. Ана шундайлар учун биз тилга олган харажатлар оиланинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатмаслиги – табиий ҳам. Аммо масаланинг иккинчи, маънавий томони бор-да. Бизда тақлидга мойиллик – кучли. Кучи етган ҳам, етмаган ҳам шу “анъана”га бўйсунишга интилиб қолади. Бойлигини кўз-кўз қилаётганлар ўзи билган-билмаган ҳолда жамиятда салбий урф-одатни жорий этишга ҳисса қўшяпти. Бунинг ҳам савол-жавоби борлигини ўйлаб ҳам кўраётгани йўқ.

Энг ёмони, бундай дабдабаю асъасаларга, аввало, аёлларнинг ўзи сабабчи бўляпти. Бу борада ҳамма ташаббус хотин-қизлардан чиқади. Шундай аёлларимиз ҳам топиладики, улар кўрганию эшитганини оила бошлиқларига айтиб, бажартириши керак. Ундан уёғи билан иши йўқ уларнинг.

Энди биз қоралаб тасвирлаган тадбирни ўтказишга қурби етмаган оила бошлиғининг аҳволини кўз олдингизга келтиринг. У нима қилади? Бу “қонун-қоида”лардан воз кечиб қўя қолади, деб ўйлайсизми? Йўқ-да. Бировдан қарз олиб бўлса ҳам, шундай қилади.

Хўш, энди ана шу қўли калтароқ оилада чақалоқни замонавий талаблар асосида парваришлаш, эмизикли боласи бор онани сифатли маҳсулотлар билан боқиш учун сарфланиши лозим бўлган маблағ қарз узишга кетадими? Кетади. Ахир, биз норасида гўдагимизнинг ризқини қирмаяпмизми?! Бу келажак дарахтнинг илдизига болта уриш билан баробар эмасми?!

Буни, аввало, оналарнинг ўзи ўйлаши керак эмасми? Она оқила аёл бўлса, оила иқтисодини ҳисобга олиб, халқона айтганда, кўрпага қараб оёқ узатиши, боласининг келажагини ўйлаб иш кўриши лозим-ку.

Аслида, илк фарзанд кўрган ота-онанинг қариндош-уруғлари ўзаро тўпланиб, жамиятда янги бир инсон туғилгани, янги ота-она вужудга келганини жамоага таништириш ниятида дастурхон ёйишган. Унда онага шундай фарзандни мукаммал қилиб тарбиялаб, вояга етказиши, отага эса шу фарзанднинг ўсиб улғайиши учун барча иқтисодий ва маънавий имконият, шарт-шароит қилиб бориши вазифаси юкланиши тадбирнинг мақсади қилиб олинади.

Ҳозирги замонда бола тарбияси билан боғлиқ шундай катта илм ривожланганки, ота-оналар бундан бохабар бўлиши зарур. Ахир, чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш билан боғлиқ беҳуда харажатлар ўрнига ҳар бир оила эру хотин муносабатлари, бола тарбияси билан боғлиқ илмий ва илмий-оммабоп нашрларни сотиб олса, нур устига нур бўлар эди.

Халқимиз ва давлатимиз олдида турган тезроқ ривожланган мамлакатлар сафидан ўрин олишдек олий мақсадга ҳар тарафлама комил авлодни вояга етказиш орқали эришилади, ахир. Чақалоқ баҳонасида кўз-кўз қилинаётган дабдабаю асъасанинг боланинг тарбиясига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аксинча, у бу тарбияга салбий таъсир ўтказади.

Зиёда Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази масъул ходими 

ЎзА
9 037