ЎзА Ўзбек

06.06.2020 Чоп этиш версияси

Cўз эpкинлиги — ёлғон ахборот тарқатиш дегани эмас

Cўз эpкинлиги — ёлғон ахборот тарқатиш дегани эмас

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган хабар ёки мурожаатларнинг қайси чин, қайси ёлғонлигини билиб бўлмай қолди. Кимнингдир ҳазили орқали халқ эътиборига тақдим этилаётган мурожаатлар шу даражада кўпайиб кетдики, санаб охирига етолмайсан киши.

Медиамаконда ишончли ахборотга эҳтиёж ортган бир вақтда тарқалаётган асоссиз хабарлар одамларни чалғитибгина қолмай, ғазаблантиряпти ҳам. Асосланмаган, нотўғри хабарни тарқатиш сўз эркинлигими? Сўз эркинлиги асоссиз мурожаатларни ижтимоий тармоқда эълон қилиб, фуқароларни раҳбарларга қарши қайраш дегани эмас ахир. Тўғри, ҳар биримиз жамиятдаги муаммоларни бартараф этиш учун ҳаракат қиламиз. Аммо ижтимоий тармоқлар орқали кимўзарга шов-шувли хабар эълон қилиш, ўзаро келишмовчилик ёки икки кишининг бир-бирига бўлган адоватини дастак қилиш бизнинг халқимизга хос фазилат эмас.

Узоққа бормайлик, яқинда ижтимоий тармоқда Шўрчи туманининг Оқ қамар маҳалласида яшовчи бир неча фуқаронинг (А.Холиқов, Р.Кўчаров, А.Ҳакимов, Н.Тошбоев, Т.Каримов, Ж.Боймуродов, Ш.Давлатов, А.Соатов) «Маҳалламиз раиси ун тарқатишда таниш-билишчилик қилмоқда» деган мазмундаги видеомурожаати кишининг ҳайратини оширди.

Коронавирус пандемияси шароитида уннинг нархи сунъий равишда ошиб кетишининг олди олиниб, тизимли равишда туманидаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи фуқаролар учун тадбиркорлар 1 килограмм ун 2700 сўмдан, бир қопини эса 135 минг сўмдан етказиб бераётган бир вақтда эълон қилинган бу хабар тегишли ташкилот ходимлари томонидан зудлик билан ўрганилди.

Аниқланишича, ушбу мурожаатга фуқаролардан бирининг маҳалла раиси билан келишмовчилиги сабаб бўлган. Ваҳоланки, ун олмадик дея бонг урган бошқа фуқаролар маҳаллага олиб борилган ундан икки марта олишган.

Наҳотки ўз манфаатимиз учун ёлғон гапирсак?

Куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган яна бир видеоматериалда ҳокимият биносига озиқ-овқат сўраб келган фуқаролар тасвирланган. Уларнинг бири ногиронлиги ва ёрдам олмагани учун озиқ-овқат беришларини сўраган. Видеони кўриб, аввалига шундай вақтда имконияти чекланган фуқароларга ёрдам берилмаётганидан ғазабландим. Ушбу мурожаатни ўрганиб чиққанимда эса мурожаатчиларнинг бири янги қурилган уйда истиқомат қилишини, карантин вақтида унга туман ҳокимлиги томонидан уч марта озиқ-овқат етказиб берилганини аниқладим. Мурожаатчиларнинг яна бирига ҳудуддаги масжид имоми томонидан беш турдаги озиқ-овқат ва моддий ёрдам берилган. Шунингдек, 11 апрель куни «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати хайрияларини мувофиқлаштириш маркази томонидан ҳам озиқ-овқатлар тақдим этилган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги сабабли 2020 йилнинг апрель ойидан олти ой муддатга 326 минг сўмдан моддий ёрдам тайинланган. Шу билан бирга у ишга жойлаштириб қўйилган.

Видеомурожаат қилган фуқароларнинг айтишича, бир блогер интернет орқали мурожаат қилишса, ҳамма уларга эътибор қилишини, янада кўпроқ озиқ-овқат олиши мумкинлигини айтган. Блогернинг сўзларига ишонган бу фуқаролар эса ёлғон гапларни айтиб мурожаат қилишган.

Ўзини халқ дарди билан яшаётгандек тутаётган баъзи блогерлар керак-нокерак жойларга бош суқавермасдан одамларни қийнаётган объектив муаммоларни кўтариб чиқиб, уларга ечим топишса, ўз вазифаларини адо этган бўлишади. Қолаверса, бу жараёнда фуқаронинг мурожаати тўғри ёки нотўғрилигини ҳам текшириб, ҳолатга холис ёндашиш кераклигини ҳам унутмасликлари лозим.

Бундан ташқари, саводхонлик масаласи ҳам киши дилини хира қилади. Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, фойдаланувчилар ўзаро ёзишмаларда «ch», «oʼ» ёки «sh» ҳарфлари ўрнига «4», «6» ёки «w» каби белгилардан «унумли» фойдаланишга одатланиб қолишган.

Халқимизда «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир» деган нақл борки, бу сўзга нисбатан ҳурмат-эътиборни ифодалайди. Шундай экан, ёзаётган сўзимизни, айтаётган гапимизни тўғри ифодалаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Зеро, нотўғри ёзишмаларимизни кўриб, асоссиз сўзларимизни эшитиб, келажак авлод биздан «Ибрат» олмаслиги учун бугундан тўғри ёзиш ва гапиришни ўрганайлик.

Негадир айрим блогерлар юртимиздаги ислоҳотлар, бўлаётган ўзгаришларни ёритишдан кўра ёлғон, асосланмаган, халқ орасида шов-шув бўладиган маълумотларни чиқаришга борган сари муккасидан кетишмоқда. Тўғри, танқид келажак меваси, аммо у холисликни талаб қилади. Муаммони бир томонлама ёритиш тўғри эмас.

Нигина ШОЕВА,
журналист

4 317
ЎзА