ЎзА Ўзбек

14.09.2018 17:28 Чоп этиш версияси

Бюджет жараёни шаффофлиги – молиявий ислоҳотлар самараси гарови

Бюджет жараёни шаффофлиги – молиявий ислоҳотлар самараси гарови
Мамлакатимизда Давлат бюджети маълумотларининг очиқлик даражасини, парламент аъзолари ва фуқаролик жамиятининг Давлат бюджетини шакллантириш ва ижроси жараёнидаги иштирокини қониқарли, деб бўлмайди.

Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисобот маълумотларининг мамлакатимиз фуқаролари, инвесторлар ва ташқи фойдаланувчиларга сифатли етказилишида замонавий усуллар ва халқаро стандартларни қўллаш ҳамда бюджет очиқлигини таъминланиши бўйича халқаро рейтингларда фаол иштирок этиш бугунги кун талабидир.

Президентнинг 2018 йил 22 январдаги ”2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида бюджет даромадлари ва харажатларининг халқ учун очиқ ва ошкора бўлишини таъминлаш, жумладан, бюджетнома муҳокамасида жамоатчилик фикрини инобатга олишга қаратилган аниқ механизмлар жорий этиш кўзда тутилган эди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 22 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги тартибини кўзда тутувчи мазкур қарор бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, бюджет маблағларини шакллантириш ҳамда фойдаланиш устидан парламент ва жамоат назоратини кучайтириш мақсадида қабул қилинганини эътироф этиш лозим.

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ этиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистик маълумотларга эга бўлиш имконияти ҳамда бюджет жараёнининг очиқлигини ошириш бўйича янги механизмларни жорий этишда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларни тарқатишнинг кенгайтирилган умумий тизимига қўшилди.

Мазкур қарорда бюджет жараёнида аҳоли иштирокини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, пировардида, бюджет қонунчилигининг бузилиши ва соҳада коррупциянинг олдини олишга қаратилган қуйидаги унсурлар киритилди.

Эндиликда 2019 йилдан бошлаб туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча манбаларининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисмини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутувчи бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштироки “ташаббусли бюджет” жорий этилади. Бунда, туман аҳолиси жойларда юзага келаётган кундалик муаммолар, жумладан, ички йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш, ижтимоий муҳтож оилаларни уй-жой билан таъминлаш каби ижтимоий масалаларни молиялаштиришда ташаббус билан чиқиши мумкин бўлади.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари лойиҳалари ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар ҳам “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри сифатида доимий чоп этилади.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 январдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаларини жойлаштириш орқали бюджет харажатларининг манзиллилиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, жамоатчилик фикрини шакллантириш учун туман ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилиш таклиф этилаётган тадбирлар тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш, бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш имкониятини ўз ичига олган фуқаролар билан қайта алоқани ташкил этишни назарда тутувчи “Очиқ бюджет” ахборот портали ишга туширилади.

Жорий этилаётган янги тартиб бўйича 2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари қонун билан тасдиқланади.

Бу жараёнда бюджет лойиҳаси ва ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этишдан олдин кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши таъминланиб, фуқароларимизнинг “Очиқ бюджет” ахборот порталига келиб тушган фикр ва таклифлари таҳлил қилинади. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг бюджетга оид хулосалари мажбурий тартибда чоп этиб борилади.

Бюджет маълумотларига нафақат фуқароларимиз, балки ташқи фойдаланувчиларнинг ҳам ишончини орттириш мақсадида 2019 йил 1 июлга қадар, Халқаро валюта жамғармасининг стандартларига мувофиқ бюджет таснифи қайтадан кўриб чиқилади, шунингдек, бюджет ҳисобини Давлат секторида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (IPSAS) мувофиқлаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

Жорий йилда Жаҳон банкининг давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик мезонлари (PEFA) бўйича Ўзбекистон Республикасида Давлат молиясини бошқариш самарадорлиги баҳоланади ҳамда ўрта ва узоқ муддатли Давлат молиясини бошқаришни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. 2020 йилдан бошлаб Халқаро бюджет ҳамжамиятининг Бюджет очиқлиги индексида иштирок этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ҳар чоракда ҳисоботлари оммавий ахборот воситалари ва расмий веб-сайтларда чоп этилмоқда, шунингдек, мазкур тадбирлар маҳаллий телевидение орқали доимий ёритилмоқда.

Молия вазирлиги веб-сайтида 2018 йил учун мўлжалланган бюджетнома, тасдиқланган давлат бюджети параметрлари, Ҳисоб палатасининг хулосалари жойлаштирилди ҳамда мамлакатимизда биринчи марта “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри тайёрланди ва чоп этилди.

Мазкур тадбирлар натижасида самарали жамоат назоратини ўрнатиш орқали бюджет интизоми мустаҳкамланади, мавжуд ресурсларни сратегик тўғри тақсимлашга ва давлат хизматларининг сифатли етказилишига эришилади. Фуқароларимизнинг бюджет жараёнида тўғридан-тўғри иштироки, уларнинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини мустаҳкамлайди ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги янада ортади.

Исмонжон Мамажонов,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
Бюджетни тузиш ва унинг ғазначилик ижроси,
ички аудит ва молиявий назорат услубиёти
бошқармаси бошлиғи.

ЎзА
2 465