Мен вақти-вақти билан луғат варақлашни хуш кўраман, энг яхши кўрганим эллик тўққизинчи йили чиққан «Ўзбекча-русча луғат» эди, уни роман ё қисса ўқигандек берилиб ўқийман.

Она тилим - олтин сандиғим

Мен вақти-вақти билан луғат варақлашни хуш кўраман, энг яхши кўрганим эллик тўққизинчи йили чиққан «Ўзбекча-русча луғат» эди, уни роман ё қисса ўқигандек берилиб ўқийман. Сўзлар оҳанрабодек ўзига тортади. Эллик йил олдин одамлар қанақа гаплашган, тилимизнинг аҳволи қандай бўлган, бугуни билан солиштирганда нима ўзгаришлари бор – луғатни ўқиб бу ҳақда анча тасаввур олиш мумкин.

Тилимизнинг ярим аср илгариги манзараси бугунни ҳам ёритиб, нималар қилишимиз зарурлигини таъкидлаб туради. Мазкур луғатда қадимдан келаётган беқиёс гавҳарлар билан бирга давр, мафкура тақозоси билан тўкилган шағал тошларигача акс этган. Унда баъзи сўзлар бор, маъно теранлиги, ифода товланишлари одамни ҳайратга солади, лекин бугунга келиб тасарруфдан чиқиб кетган, таржима-паржимада ишлатилиб қолмаса, қўлланилмайди; айрим ибора ё атамалар борки, тилимиз тийнатига ёт, сунъий кўчирма, лекин кўп фойдаланилгани учун қулоққа қуйилиб, қўллаш одатга айланиб, авом тилидан, кейин луғатдан ҳам жой олиб қолган, энди чиқиб кетиши жуда қийин.

Шўро даврида тил ривожи турғунликда кечди, ҳа, ривожнинг ўзи ҳам турғун эди. Шу турғунликни даврнинг луғатида яққол кўрасиз. Бугун ўқиганда луғат ҳам мафкура қуролига айланганига таажжубланасиз. «Миллион йиллар ўтганда ҳам, тошга йўнилган хатлар ўчганда ҳам, Ленин кишиларнинг кўнглидан ўчмайди» (Ўзбекча-русча луғат. 1959. 594-бет). Бир вақтлар мазкур гаплар ҳикматдек ўқилган, бугун эса унга ёш бола ҳам ишонмайди, тўғрироғи, билмайди. Сиёсат экан-да, нима дейсиз, «барқарорлик» сўзига мисол тарзида «совет сўмининг барқарорлиги» деб мисол келтирилган, бугун ғашингиз келади.

Ҳар ҳолда, оқар сувни тиндириб ичиш зарур бўлганидек, луғатни ҳам мафкура лойқасини чўктириб ўқийсиз, унда замон қуйқаси бисёр. Шўро даври исқотига айланган бўлса-да, авом тилининг мағзи-мағзига сингиб, ҳали-ҳануз урфда бўлиб келаётган ёт сўз, сўз бирикмалари, атама, ибора ва тушунчалар сон-мингта. Тушунча деганим шуки, бир нарса ёки ҳодисани, масалан, русча эшитсангиз, сиз ҳам уни русча ишлатсангиз, у ҳақдаги тушунча ҳам русча бўлади-да. Айниқса, муқобили бўлмаса. «Помидор» деб кўринг-да, ўйланг: қаёқдандир четдан келгани мудом эсингизда туради, уни ҳатто «памилдори» десангиз ҳам ўзбекчалашмайди. Ясси омбирни «пласкагубси» («плоскогубцы») деб кетдик, асли, ўз тилимизда қанақалиги хаёлимизга ҳам келмайди, ўзбекча ўйлашга интилиб русча фикрлаймиз. Михни тишлаб суғурадигани Самарқанд томонларда «кампироғиз» дейилади, жуда топилган ўхшатма, иккинчидан, бу хил омбир вагони билан Московдан келтирилган бўлса-да, худди ўзимизнинг темирчилар ясагандек жиринглайди, лекин адабий тилда қўллашга чаккамиз тиришади: қишлоқи сўз-да. Қашқадарёда унинг «тишлоғич» истилоҳи бор, бу ҳам ўша маълум ҳудудлардагина айтилади.

Ўтган аср ўрталаридаги луғатнинг тил манзараси бугунги кундаги муаммоларни, айтиш мумкинки, тил экологияси долзарблигини, яъни бепарволик, беписандлик, эътиборсизлик, кўп ҳолларда эса саводсизлик туфайли гуфтугў забонимизнинг бузилиши муаммоларни уқтириб туради. Мисоллар кўлами, табиийки, миллионлаб одам тасарруф этгани боис, ниҳоятда кенг.

Бир ёзувчининг асарида тўғон «дамба» деб ёзилганини ўқидим; ҳаётда шундай, халқдан олинган, қаҳрамонлари шундай дейди, авом тилида ҳам, адабий тилда ҳам асли бу «дам» – сувни тўсиб, дамлайдиган жой, бу сўз рус тилига «дамба» бўлиб кўчиб, яна ўзимизга қайтиб келган, энди русча бўлиб. Яқин-яқингача Ғаллаоролдаги темир йўл бекати «Богарний» дейиларди. Болалигимдан биламан, одамлар ҳам бу бекатни «Богарний» деб келган. Тубини суриштирсангиз, бу сўз ҳам асли ўзимизники: «баҳориги», «баҳорги», «баҳорикор»дан. «Богарные земли», «Богарные сорта» – Ғаллаоролнинг лалми-баҳорикор ерларидан ғалла олинади, расмий ёзишма, ҳукумат топшириқларининг русча бўлгани бу топшириқларни тушунишни ҳам «зерновой совхоз» сингари руслаштириб юборган.

Тепадан тилни руслаштириш ҳақида буйруқ ё хос очиқ кўрсатма тушмаган, тилнинг бузилишлари аксарият ҳолда мафкура босимининг одамлар онгига таъсир ўтказиши билан боғлиқ. Бизга ҳозир бу ўз-ўзича шундай бўлгандек туюлади, авом нутқи.

Биздаги Жомбой (ҳозир шаҳарча) бу ердан темир йўл ўтгандан бери аҳоли тилида «Разиз», болалигимизда «Жомбой» деган атама айтилмас (нарироқдаги бир манзил «Эски Жомбой» дейилар) эди, ҳу темир йўл битта қўш из вақтлари поездлар бир-бирига йўл берадиган бекат, уни, масалан, «Айирғич» ёки «Айирма» деса ҳам бўларди, лекин русча «Разъезд» деб аталган ва «Разиз» тарзида омма тилига сингиб кетган. Мустақилликдан кейин Жомбой атамаси аслига қайтарилди, лекин «Разиз» авом тилидан буткул чиқиб кетганича йўқ.

Шу шаҳарчамиз ёнидан Катта ўзбек йўли ўтади, у билан қишлоқлардан чиққан йўл кесишган жой ҳам болалигимиздан бери жонли тилда «Пиркироска». Йўл ётқизилган пайти «Перекрёсток» деган кўрсаткич қўйилган бўлса, шундан қолган. Жами одам «Пиркироска» дер эди, яхши ҳам бу ерда бозор қурилди-да, жойнинг асл номи ўзига қайтди. Ҳозир «Шайман» ёки «Шайманбозор» «Пиркироска» билан муқобил айтилади.

Ҳа, дарвоқе, адабий тилдан фарқли равишда, жонли сўзлашув тилининг «авом тили» деган аниқ атамаси бор, «авом» бунда оми, жўн маъносини эмас, балки омма, кўплик маъносини беради. Жонли сўзлашув тилининг «қора тил», «ялпоқ (жалпоқ) тил» каби яна лўнда истилоҳлари мавжуд.

Тиллар аралашувининг жуда ғалати, гоҳида завқли ҳолатларига дуч келасиз. Қишлоқда кампирлар уддабурон, билгич одамни ёқтирмасалар: «Жуда хитир одам», – дейдилар. «Хитрый», «хитёр» сўзи ўрисчани мутлақо билмайдиган кампирларнинг тилига кириб, «айёр», «устомон» каби сўзларнинг ўрнида қўлланади. Мана ўзингиз қаранг: «Рўзғорда иканом бўлмаса, капейка», «Менга мушайт қилма», «Ҳа, катайса қилиб келдингми?», «Келинни падрушка қилиб юрибсанми?», «Шунақа палитка қилиб кетди-да» («экономия», «копейка», «мешать», «кататься», «политика» сўзларининг талаффузда турланиши)…

Шунақа истилоҳлар луғатга ҳам кириб, унинг изоҳи ҳам берилади, масалан, «катайса – катайса қилмоқ. Разг. кататься; паёк – паёк, бир ҳафталик паёк; пакет – қоғоз пакет, палатка – палатка; палатка қурмоқ, палён – полено, палитка – разг. политика, махинация...». Бу эса шундай айтганимиз тўғри деган тавсияга айланади.

Яна, масалан, «план» сўзи, ўзимизда «режа» деган муқобили бўлгани ҳолда, шўро даврида, шундай қилса маҳобатли чиқиб, тузумнинг қудратини урғулаб турармиди, айниқса, «етти йиллик план» (ҳозир унинг нималигини кўпчилик билмайди, билганлар эсламайди), ишқилиб, «план» тарзида тилимиздан ўрин олди. «Режа» ё «мўлжал» сўзларини қўллаш қолоқлик ё эскилик сарқити бўлиб қолди. Шу илдиздан «планбозлик», «планлаштириш», «планли», «плансиз», «плансизлик» каби сунъий истилоҳлар ясалиб ишлатилаверганидан улар ҳам луғатдан жой олган. Ҳозир режанинг асл истилоҳига қайтдик, лекин «план» тилимиздан буткул чиқиб кетганича йўқ.

«Банка» сўзи ўзга тилдан тайёр ҳолича олиб қўйилган, «банка», «шиша банка», вассалом! «Банка ёпмоқ», «Банка қўйиш». Бунақа истилоҳларни санайверсангиз, энса қотиб кетади – шу қадар кўп.

Даврнинг ўзгаришлари ҳам қизиқ, айрим сўзлар тилимизга кириб, ялпайиб ўрнашиб, томир отиб, кейин йўқолиб-йитиб ҳам кетади. Энди «батрак» деган сўз ишлатилади, у ҳам шу ҳолича таржимасиз «батрак», «батраклашмоқ», «батраклаштирилмоқ», «батраклаштирмоқ», «батраклик», «батрачком» тарзида луғатга киритилган, худди шундай айтилса, йўқсилнинг ўтмишда эзилиши урғуланиб, шўро ғоялари салмоғи кучайиб қоладигандек.

Тасарруфга бир пайтлар кириб, анча муддат ишлатилган бўлса керакки, «белат қилмоқ» («белить», «производить побелку»), «белатчи» («маляр», «белильщик») луғатдан шу ҳолича ўрин олган. Ҳолбуки, тилимизда «оҳаклаш», «оҳакчи», «оқлаш», «оқартиш» сингари ўз сўзларимиз бор. «Берилмоқ»қа мисол тарзида «Заказной хат ўз эгасининг қўлига берилади» жумласи келтирилган, чунки шу «заказной» авом тилига сингиб кетган, «тегишли» ёки «буюртма» сўзлари қўлланмаган. Фақат «заказной» манзилга аниқ етиб борадигандек.

Муқобиллари бўлгани ҳолда, кўп сўзлар шу тарзда тасарруфда кўп қўллангани учун анча чуқур жой олиб қолган. «Белат» («билет»), «касса», «истанса» («станция»), «вокзал», «перон» («перрон»), «таварни» («товарный»), «пассажирски» («пассажирский») сингари. Баъзи сўзлар бўлади, бирон-бир ускуна ёки асбоб атамаси сифатида кириб келган ва шу нарса билан бирга чиқиб кетган. Шўро пайтида ҳамма ёқда шиорлар алвон бўлиб, «лозинка» («лозунг») деб айтилар эди. Мустақилликдан кейин алвон шиорлар билан бирга «лозунка» ҳам тилимиздан тушиб қолди. Бундан анча йиллар илгари жамоат нақлиётида (транспортида) чипта билан бирга «абонемент» кенг қўлланар, ҳар бир автобус ё трамвайда бу абонементни белгилаш учун икки ёки учтадан тешгич – «компостер» бўлар эди. Ҳозирги авлодлар иккаласини ҳам билмайди, бинобарин, ҳар икки сўз ҳам фаол тасарруфдан тушиб қолган. «Контролёр»нинг ҳам қисмати шундай кечди. Бекатларда қўлига қизил латта боғлаб, транспортдан тушган ҳар бир одамнинг чиптасини текшириб, «қуён»ларни тутадиган барваста хотинларни фақат катта ёшдагилар эслайди, демакки, «қуён» сўзининг чиптасиз юрган одамга нисбатан кўчма маънода ишлатилиши ҳам ҳозир ўтмиш хотирасига айланиб қоляпти.

Ғалати, жуда ажабланарли, «нақлиёт» ўзимизда ишлатилиб келгани ҳолда, «жамоат транспорти» деймиз. Транспортни «улов» демаймиз, уни фақат эшакка нисбатан ишлатамиз, гўё «улов» десак, ғилдираги тушиб қолиб, дум чиқарадигандек, ўзимиз қолоқ андига айланадигандек.

Тил ўзгаришларини кузатган одам саргузашт асар ўқигандан кам завқ олмайди.

Шаҳар, қишлоқ, маҳаллаларда бундан атиги йигирма йил олдин жой номлари қандай бўлганини бир эсланг. Куни кечаги тарих. Юзлаб, минглаб Ленин, Ульянов, Луначарский, Фрунзе, Орджоникидзелар… Яна ўзимизда маҳаллий миқёсдаги инқилобчиларимиз ҳам бор эди. Гулистон чўлларида шўро маршаллари нима йўқотган экан, ишқилиб, ҳар бири биттадан совхозни номи тагига босиб олган эди. Юрий Гагарин ҳам коинотга учиб қайтганидан кейин шўронинг бошқа минтақаларидаги каби, жумладан, Мирзачўлга ҳам муқим ўтириб қолган.

Бизда офтоб чиқмайдими, нур сочмайдими, унда нимага юзлаб колхоз-совхозларимиз номи «Рассвет», «Заря», «Красная заря», «Заря Востока» бўлган? Майли, буларни қўяверинг, неча-неча асрлардан бери келаётган тарихий номларни ўзгартиришдан мантиқ нима? Уларнинг ўрнига хилма-хил «янги»лар, «обод»лар ясаб ташланаверган. Ҳеч ном топилмаса, «Янгиқишлоқ», «Янгиобод» деб қўя қолишган. Қўшни, масалан, Тожикистонни айтмайлик, мамлакатимизнинг ўзида нечта «Ленинобод», «Меҳнатобод» ё «Меҳнат-роҳат» атамаси бўлган экан? Топонимика билимдони Суюн Қораев буларнинг саноғини келтириб ҳайратга солган эди.

Баъзан эса сўз ясашда инсон ақлининг топқирлигидан эсингиз оғади: «Нурли қуёш» эмиш! Қаранг, худди қуёшнинг нурсизи ҳам бўладигандек. Бизни ёритиб турган ўзи битта қуёш-ку, осмонда кўринган бошқалари юлдуз, аҳли донолар нурлига аксини қайдан топган эканлар? Биз томонда бир қишлоқни ҳалигача Давлатли турмуш дейдилар. Майда колхозлар замонидан шу от қолиб кетган. Асли оти Тўтихолажон бўлган. Катта бир қишлоғимизнинг оти Пушкин, шу номдаги колхоздан қолган, асли атамаси Хитойбола дейишади.

Ҳозир эслаб одам ҳайрон қолади. «Социализм» атамаси энг кўп ишлатиладиган сўзлардан эди. «Социалистик мажбурият», «социалистик тузум», «социалистик лагер», «социалистик мамлакат». Булар тушунарли. Лекин «социалистик меҳнат»ни қандай тушуниш мумкин? Бошқа тузумдагиларнинг меҳнати «капиталистик» ё «империалистик» бўладими? Кейин яна, ёдингиздами, пахтадан ё бошқа нарсадан ишлаб чиқариш давлат режаси бажарилса, ундан кейин «социалистик мажбурият»ни бажариш, э-э, ана шуниси шарафли бўлар эди. Уни «мажбурий» ёки «қўшимча» режа деб тўғри айтиб қўя қолса бўлмасдими? Йўқ эди, шекилли-да. Нейтрал тузумда яшайдиганларнинг меҳнати «нейтрал меҳнат» деб аталса ғалати чиқади-ку, а?

Ҳозир тушга ўхшайди: «вилоят», «мавзе» каби сўзларни қўллашдан эскилик ҳиди келар, Ўзбекистонимизни «мамлакат» деб аташ миллатчиликнинг ўзгинаси бўлар эди. Чунки мамлакат битта – боши-кети кўринмайдиган бепоён Совет Иттифоқи эди. Ҳозирги мустақил давлатнинг у пайтдаги ҳудудлари қоғозда бўлса-да, «мамлакат» эмас, «республика», «юрт», «эл», «макон» эди. «Туман» жой, ҳудуд маъносида мутлақо ишлатилмас, фақат минг ёки об-ҳаво ҳодисаси маъносида қўлланарди. «Биринчи секретар»ни «биринчи котиб» дейиш қийин, чунки «котиб» унинг амалини пастлатиб, мафкурага зид миллий қилиб қўярди.

Шунақа, ҳар бир давр, замоннинг ўз сўзлари, севимли атамалари бўлади, шекилли. Ҳозирги ёшларга «дала маликаси» десангиз, ҳеч бирови билмайди, ҳолбуки, ўтган асрдаги Хрушчев замонида маккажўхорининг «қанотли» атамаси шу эди. «Шонли беш йиллик»лар, «етти йиллик»лар ҳам ҳозирги ёшларга луғавий маъносидан бошқа тушунча бермайди. Булар «шонли» сўзи билан бирга ўткинчи бўлиб, тарихга чўкиб кетди.

Мактаб дарслигида Волга дарёси бўйида яшайдиган халқларнинг оғир аҳволи акс этган бир расм бўларди, «Бурлоқлар» деган. Шунинг нимага «солдов», солдовчи» истилоҳи ўзимизда бўла туриб, русчаси («бурлаки») олинган, бадиий асарлар таржимасида ҳам «бурлоқ» тарзида қўлланиб кетган, тайинли мантиқ топа олмайсиз. Тарих дарсликларида ишчилар ўтмишдаги ишчилар «стачка» қиларди «стачком бошчилигида». Адабиёт дарсликларида Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний каби буюк шоирлар «феодал-клерикал» эди.

Яна «Разиз» масаласига қайтиб, шу аснода Жомбой тумани жонли топонимикасини мисол қиладиган бўлсак, уни тил ўзгаришлари (бузилиши) қомуси деб аташ мумкин. Мана, мен туғилган қишлоқнинг жуда қадимий бозоржойи бор, адашмасам, тумандаги икки бозорнинг бири эди. Шу бозоржойлиги туфайли унинг Ғазира номи колхоз-совхоз бўлиб, номлар ўзгарса-да, буткул ўчиб кетмади, лекин гоҳ «Ленин йўли», гоҳ «Украина», гоҳ «Бозоров» тарзида мувозий қўлланаверди. Ғазиранинг чор-атрофи Исталин, Пушкин, Мўлтип, Варашилоп, Каканович, Калелин, ундан кейин Абалин деган қишлоқлар ҳам бор эди. Карил Маркис, Энгилис, Камунизим, Охунбобойип, Маскава, Кироп, Пурунза, Партсез – буларнинг тўғрисини ёзиш шарт эмасдир. Шу талаффуз билан аҳоли тилига сингган.

Туман харитаси устидан мисоли мафкура тўфони ҳамма ёқни ғорат қилиб ўтганга ўхшайди. Ленин, Сталин, Каганович, Молотов, Ворошилов, Куйбишев, Фрунзе, Ульянов, Октябрь, Москва, Коммунизм, Ленин йўли, Партсъезд, Ленинград… Э тавба дейман, ном қўйиш ҳам бир ют бўлганми!

Ҳаммаси отам замонидан – бир вақтлардаги майда колхозлардан ёдгорлик, бу номлар расман ўчган, лекин авомда, хусусан, катта ёшлилар тилида сақланиб қолган.

Тўқсон тўққизинчи йили туман газетасида сайлов участкалари рўйхатида Сўхмон, Сариқипчоқ, Хитойбола, Митан, Қўлбости, Қозоқовул, Хўжа, Тегирмонбоши, Тепа, Туркман, Довчарариқ, Шерқўрғон, Оғажон, Ўрдабозор, Гўзай, Ногаҳон, Қўзигузар, Арча, Довчар, Қурми, Қангли, Қорахитой каби кўпини эшитиш тушимга ҳам кирмаган жой номларини ўқиб ҳайратда қолдим. Шунча атама шўро қазноқларида моғор босиб ётаверар, сайлов участкаларини номлаш пайтидагина офтоб юзини кўрар экан. Бу ҳам бахтли тасодиф ё бир корафта билимдон одам, балки, туман газетаси заҳматкаш мухбири ё муҳаррири шундай коммунизму партъездлар замонида йитмас матоҳ сифатида асл ҳолида рўйхатлаб қўйган, барака топсин!

Энди ўзбек тилига кириб қолган, бугунгача тасарруфда келаётган ёт атамаларнинг кўлами ҳаддан кенг: «истанца», «астановка», «участка», «плуг», «лемех», «атвал», «прицеп», «барана», «култивасса», «чизил», «варақачистител», «карчопка», «чиканка», «сварка», «монтёр», «монтаж»... Шу бузуқ сўзларнинг ҳаммаси сўзлашув тилимизда бор.

«Ботинка», «туфли», «сапошка» деб кетдик. Ҳолбуки, «бошмоқ», «этик», «этикча» сўзлари ўз тилимизда бор. «Пайпоқ» ёки «жилоп» турганида «носки»нинг кенг ишлатилишига нима дейсиз?

Бошқа тилни мутлоқ билмайдиган кампирлар «бекат» ё «манзил» демайди, масалан, «Фалончи аптабус астанопкада симичка сотади», – дейди («семичка»ни «кунгабоқар» ё «писта» деб айтишмайди).

Бизга чой шимол халқларига нисбатан илгарироқ кириб келган, лекин унга тааллуқли айрим сўзлар кейин ислоҳга кириб, жонли сўзлашувдан ҳам жой эгаллаган. Мен болалигимда бир сўзни эшитиб ҳайрон бўлардим: кампирлар неварасига: «Магазиндан бир ашмишкагина чой ҳам олиб кел», – деб тайинлар эди. «Ашмишка» нима экан? Кўп ўқисам ҳам китобларда ўқимаганман бу сўзни. Ўзбекчага ҳам, русчага ҳам ўхшамасди. Кейин билсам, бу «осьмушка» – «восьмушка», ярим ёки нимчорак, саккиздан бирнинг бузилгани экан, эсингиздами, яқинларгача Самарқанд чой фабрикасида чой шунақа ярим қадоқли, бир қадоқли қоғоз ўрамларда чиқариларди. Шунинг кичкинаси «ашмишка» экан. Энди қаранг тил ўзгаришларини: «дамлам» ёки «қуруқ чой» муқобили бўлгани ҳолда, «заварка», «обжўш», «қайнатма» бўлгани ҳолда, «кипиток» ҳам кенг қўлланади. Турли миллатлар ўртасидаги яқин муносабатлар уларнинг тиллари ўртасида кучли айирбошлашга олиб келади. Бу ҳол тарихда туркий-араб, туркий-форсий йўналишда жуда кенг тус олган. Кейинги икки асрда ўзбек тили билан рус тили ўртасидаги муносабатларни ҳам ана шу сирага киритиш мумкин. Муқаддам уч юз йиллик тарих рус тилига ҳам таъсир ўтказди. Масалан, йирик рус турколог олими Н.А.Баскаков «Русские фамилии тюркского происхождения» (М.: Наука, 1979) китобида шундай фамилиялардан уч юзини кўрсатиб, уларнинг келиб чиқишини оилавий шажара ва герблар мисолида тарихий-филологик нуқтаи назардан таҳлил этади. Бу туркий тил босқини эмас, Россия босиб олган ўлкалардан оқ подшо хизматига ўтиб, дворянлик, князлик мартабалари, мулк, унвон ва бошқа амаллар билан тақдирланган туркий халқларнинг авлоди, туркий фамилияларнинг рус тилига кириши табиий ҳол эди. Умуман, туркий истилоҳларнинг рус тилига ўтиши халқларнинг кенг бир ҳудуддаги сиёсий, иқтисодий ва маданий борди-келдилари натижаси деб қаралади.

Бизда ҳозир бошқача ҳол кузатилади. Таълим тизимидаги ўзгаришлар, адабий тилни қувватлаб турадиган адабий жараённинг сустлашгани, ҳақиқий бадиий асарлар кам яратилгани ёки санъат ўз вазифаси қолиб тўй-ҳашамларда яллачилик, базмгарлик билан чекланиб қолиши оқибатида умумтил ҳам вазминчиликка учради, санъатнинг тили олди-қочди ўлдим-куйдимга айланди ва алал-оқибат чет таъсирларга нисбатан мўртлашиб қолди.

Ўзга тилнинг сурункали, узлуксиз таъсири тилнинг аслига ўзгалашишига олиб келади, тил ичдан емирила бошлайди ва бунга, такрор айтаман, ўзимиз сабабчимиз, тилни асрашни, уни чет босқинлардан асрашни ўйламаслигимиз оқибатлари анча йиллардан бери одатга айланди.

Шукрки, тил жараёни бир ёқлама эмас, авом тили ўзини ўзи тозалаб боради, лекин ўзимиз била туриб ифлослантираверсак, бу тозалаш ҳам ҳаётимиз борича кейин кетади.

Социалистик тузум, компартиянинг яккаҳоким мафкураси йитиб, тилимизга мустаҳкам кириб қолган «обком», «партком», «виговор», «народний контрол», «обихис», «проверка», «следовател», «исполнител» деган сўзлар келган жойига равона бўлаётир, қайтиб чиқиб кетаётир. Ҳозирга келиб, масалан, «социал хавфли унсур» – «социально-опасный элемент», «буржуазия малайи» – «приспешник буржуазии» каби ҳукмдек айтиладиган иборалар ишлатилмайди.

Тил ҳам бир мудом ўсадиган дарахт, уни парваришлаш керак, қарамасангиз, қийшиқ ўсади, ғовлаб кетади, бачки новдалари кўпаяди. У ҳам саришталик сўрайдиган рўзғор, покиза қилиб турмасангиз, ивирсиқ босади, ислиқиб, патарот топиши бор гап.

Шунчаки бир мисол: «бешкокил» нима десангиз, камдан-кам одам билса керак, чунки қизларнинг сочини бунақа ўриш фақат луғатда қолган. Сўз бойликларидан ишлатилмагани учун йитиб кетаётгани қанча!

Луғат, табиийки, сўзлашув жараёнида тасарруф этилаётган сўзларни акс эттиради. Масалан, ўзбекча-русча луғатлар тил ўрганувчиларга мўлжалланади, биз қандай гапирсак, тилимизда қандай сўзларни қўлласак, рус тили орқали ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлган одам буларнинг ҳаммасини шундай ўзлаштиради.

Албатта, жиддий олимларимиз, тилшуносларга рекламадан мисол келтирсангиз, шундан бошқа гап йўқми деган маънода энсасини қотиради, лекин реклама шунақа сурбет нарсаки, ҳар куни ўнларча марта такрорланади, томошабин миясига михланаверади. Яъни тасарруфга кираверади. Қулоқ нотўғри иборага ўргангандан кейин, тўғри сўз талаффузи қолоқлик бўлиб туюлади. Тилчиларимиз кейин бунга тил ҳодисаси сифатида қарайдилар (шевада гапиришни бир олим шунақа оқим пайдо бўлди деди).

Ўнлаб мисол келтириш мумкин. Чиқиб кетган, тушиб қолаётган сўзлар ўрнига янги-янги бегона атамалар кириб, тилимизнинг ифлосланиш жараёни тўхтамаётир.

Ўзимиз ҳар куни тасарруф қиладиган таниш сўзларнинг жуда кўп нотаниш маъноларини топиб ҳайратга тушаман. Кундалик тасарруфда жуда кўп сўзларни ишлатамиз, кўпинча унинг келиб чиқишига эътибор бермаймиз. Мана, битта «кўз» истилоҳини олайлик, қанчалар кўп маъно ва маъно товланишлари бор.

Илгари ижодкорлар, шоирми, ёзувчими, бахшими, тилни халқдан, халқ орасида юриб ўрганган, бошқа қаёққа ҳам борсин эди? Бу гап илгари «улар ҳаводан нафас олган» деганга ўхшайди. Ҳозир эса тил, хусусан, радио, айниқса, телевидение босими остида. Телевидениенинг тил ҳавоси эса жуда бузуқ. Йўқ, бугунга келиб тилга эътиборнинг сусайгани ё, ҳозир кўп айтиладиганидек, фақат шевачиликдан билиқсиб кетаётганида эмас, ўзи телевидениенинг характери шундай – ундаги тил – иссиқхона тили, қуритилган, тозаланган, қайчиланган, қаноти, панжаси қирқилиб, ниҳоят, қуш қилинган, хуллас, сунъий тил. Тил жозибаси телевидениеда йўқ. Лекин бошқа ўргатувчи ҳам йўқ: китобларнинг тиражи паст, расмий матбуот нашрлари адади жуда кам, каттароқ тиражда чиқаётган хусусий газеталарнинг ўзига тил маданияти етиб бормаган. Туман мухбирлар лашкари «мулла билганини ўқийди» қабилида оғзига келганини гапириб, ёзиб ётибдилар. Ҳай, инсоф борми, сизлар ҳам бир нарсани ўқиганмисизлар деб сўрайдиган одам йўқ. Ясама сўзлар, ғализ иборалар ғиж-ғиж, уларни битталаб санаб чиқишга умр етмайди. Кўча чет атамалар, «Мен уни хоҳлайман» (кока-кола ҳақида) каби саводсиз рекламалар билан лиқ тўла. Баъзан энди фойдаси йўқмикан, шундай кетаверадими деб кўнглинг чўкади. Кенг тарқалган нодонлик жорий донолик бўлиб қоляпти.

Бу жараён ҳозир ҳам давом этаётир, нафақат давомда, балки ўсишда пастлаб кетяпти.

Ҳали гаплашамиз бу мавзуда. Гаплашганимизнинг фойдаси йўқдир энди, лекин бир фикр олишайлик, зора...

Аҳмад Аъзам, ёзувчи,

"Тил номуси" китобидан.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бузуқ тил ҳавоси