ЎзА Ўзбек

09.08.2018 11:03 Чоп этиш версияси

Бузилаётган кўчмас мулк бозор қиймати билан баҳоланади

Бузилаётган кўчмас мулк бозор қиймати билан баҳоланади

2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати билан тўлиқ қоплангандан кейингина мулкни бузишга ва (ёки) ер участкасини олиб қўйишга рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини таҳлил қилишни давом этамиз. Мазкур Фармонга кўра, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишдан аввал манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилади, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланади. Фақат шундан кейингина ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин. Ушбу тартиб жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб кучга киради.

Манфаатдор шахслар деганда ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган кўчмас мулкнинг эгаси, унда доимий рўйхатдан ўтган ва яшаб келаётган фуқаролар, кўчмас мулк юридик шахсга тегишли бўлса, ташкилот раҳбари ва муассислари, ўзини-ўзи бошқариш органи, маҳаллий ҳокимлик вакиллари тушунилади.

Фойда ва харажатларни баҳолашда давлат ўз мақсадига эришиш учун (масалан йўл қурилиши) қуйидаги ҳолатлар эътиборга олинади:

1) айнан шу жойда жойлашган биноларни бузишдан кўриладиган фойда ва зарар нисбати;

2) мақсадга эришиш (масалан, йўл қуриш) учун бошқа жойни танлаш имконияти мавжуд ё мавжуд эмаслиги;

3) мулкдорларни (уларнинг оила аъзоларини) вақтинчалик турар-жой билан таъминлаш ёки уларга ижара ҳақи ва кўчиб ўтиш харажатларини қоплаб бериш ва ҳ.к.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тартибига кўра, мулкдорга бузилаётган кўчмас мулкнинг қиймати тўлалигича қоплаб берилиши белгилаб қўйилган. Бироқ, мазкур компенсация тўлови айнан қачон (кўчмас мулк бузилишидан олдин ёки кейин) тўланиши аниқ эмас эди. Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати билан тўлиқ қоплангандан кейингина мулкни бузишга ва (ёки) ер участкасини олиб қўйишга рухсат берилади. Аҳамият беринг, бунда бузилаётган кўчмас мулк бозор қиймати билан баҳоланади.

Олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар ҳисобланаётганда буюмларни, ишлаб чиқариш ускуналарини бир жойдан иккинчи жойга кўчириш билан боғлиқ харажатлар ҳам инобатга олинади.

Бугунги кунга қадар қонунчиликда ер участкаларини қайси ҳолларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш мумкинлиги аниқ кўрсатилмаган эди. Шунингдек, “давлат ва жамоат эҳтиёжлари” тушунчасининг аниқ таърифи ҳам йўқ эди.

Бундай ҳолат амалиётда ер участкаларини “давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун” деган ибора билан олиб қўйиб, бошқа тадбиркорлик субъектига бериш ҳоллари учрар эди. Мазкур ҳуқуқий бўшлиқ мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилинишига ва аҳолида ҳақли эътирозларнинг юзага келишига сабаб бўлар эди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир хилликни таъминлаш мақсадида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишнинг 
аниқ ҳолатлари Фармон билан белгилаб берилмоқда. Шунингдек, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши мумкин бўлган бошқа ҳолларни белгилашда Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари чекланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

ЎзА
8 715