ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Буюртмачилар ерни тайёрлашдан тортиб қайси навни экишгача бош-қош бўлмоқда

Буюртмачилар ерни тайёрлашдан тортиб қайси навни экишгача бош-қош бўлмоқда

Чўп суқса кўкарадиган тупроғимизда қишлоқ хўжалиги экинларидан бир йилда икки, ҳатто уч марта ҳосил олиш имкони мавжуд. Шу боис янги экин турлари оммалашиб бормоқда. Ана шундай экинлардан бири – “Айсберг”, бошқача айтганда “Муз қоя” салат барги.

У сувли ва қарсилдоқ таъмга эга бўлиб, оддий оқ карамга жуда ўхшаш. Айсберг таркибида фолий кислотаси, C, Б, К ва А витаминлари ва холин моддаси мавжуд. Бундан ташқари, у фосфор, калий, натрий, магний, калций ва мисга бой.

“Айсберг” салат барги организмда моддалар алмашинувини яхшилаш, метаболизмни тартибга солиш, қон таркибини меъёрлаштиришда ёрдам бериб, асаб тизимини мустаҳкамлайди. Ундан кўпинча салатлар тайёрлашда ёки овқатларни безашда фойдаланишади. Шунингдек, 55-60 кунда тайёр бўлиши, такрорий экин сифатида етиштиришга бўлган қизиқишни оширмоқда. Балки, айни шу жиҳатларэкспортбоплигини таъминлаётгандир.

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Дилмурод, Акмал, Нозима” фермер хўжалигида бу йил синов тариқасида уч гектарда айсберг етиштирилди.

– Аслида бундай режа йўқ эди, – дейди хўжалик раҳбари Фурқат Тожибоев. – Буғдойдан 45 центнердан ҳосилни йиғиб турган кунларимиз экспорт билан шуғулланаётган корхона вакиллари шундай таклиф билан келишди.Улар қайси навни экишдан бошлаб, ерни тайёрлашгача бош-қош бўлишди.Олдиндан бўнак пули беришди. Шу тариқа эккан экинимиз, ҳозир сотишга тайёр бўлиб қолди. Агарда буюртмачилар яхши нархда олишса, келгуси йил ҳам Айсбер етиштирамиз.

Албатта, ҳар бир маҳсулот етиштирувчининг олдида маҳсулотни кўнгилдагидек нархда сотиш учун харидор топиш масаласи туради. Бу ҳал этилгач, истаган миқдорда маҳсулот етиштириш мумкин.

Мазкур фермер хўжалиги 2005 йилда ташкил топган бўлса, шундан буён пахта ва ғалла етиштириш билан шуғулланиб келаётган эди. Энди эса кўп тармоқли бўлиш истагида янги имкониятларни изламоқда. Шу мақсадда айсбергдан ташқари картошка, сабзи, кўкатлар ҳам такрорий экин сифатида етиштирилиб, мўл ҳосил кутмоқда.

– Балиқчиликни йўлга қўйиш учун синов тариқасида 60 сотихда сунъий кўл ташкил этиб, зоғора ва амур балиқ чавоқларини ташладик, – дейди фермер. – Ҳозирча, ўсиши ёмон эмас. Янги йилга қадар парвариш қилсак, биз кутган миқдорда семирар экан. Агарда банкдан имтиёзли кредит олсак, қўл атрофида паррандачиликни ҳам йўлга қўйамиз. Кейин 11 гектар мелиоратив ҳолати ёмон еримиз бор. Шу ерда чорва учун озуқа етиштиришга рухсат берилса, чорвачилик ҳисобига фаолиятимизни янада кенгайтирамиз.

Айни вақтда ғўзанинг ҳар гектаридан 40 центнердан ортиқ ҳосилни мўлжаллаб турган фермер даласида пахта терими қизғин бормоқда. Келадиган ана шу даромад ҳисобидан эса маҳалла ёшларини учун стадион қуриб бериш режалаштирилган.

photo5210908998344223602.jpg

2 894
Сайёра ШОЕВА, ЎзА