Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 12:00 Чоп этиш версияси

“Буюрсин” ёрлиғида сотилаётган эркаклар кўйлаклари Чироқчида тикилмоқда

“Буюрсин” ёрлиғида сотилаётган эркаклар кўйлаклари Чироқчида тикилмоқда

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги “Чироқчи буюрсин текстиль” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган эркаклар кийими юқори сифати ва дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.

– Фаолиятимизни 2007 йилда кичкина цехда бошлаганмиз, – дейди корхона раҳбари Ғанишер Жалолов. – Ускуналар ҳам, ишчилар ҳам кам эди. Тадбиркорлар учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, аста-секин фаолиятимизни кенгайтирдик. Маҳсулот сифатига қаратилган алоҳида эътибор самарасини берди, мижозлар кўпайди. Шунга монанд ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ошди. Айни пайтда цехимизда 60 замонавий тикув дастгоҳи ишлаб турибди. 60 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган. Маҳсулотларимиз бошқа вилоятлар ва пойтахтимиздаги бозорларда сотилмоқда. Даромадимиз ҳам шунга яраша.

“Буюрсин” ёрлиғи остида сотилаётган эркаклар кўйлаклари чокларининг мустаҳкамлиги, матосининг пишиқлиги билан ажралиб туради. Корхона аъзоларининг таъкидлашича, фаолиятни такомиллаштириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Масалан, сифатли мато ҳали ҳам пойтахтдан келтирилмоқда. Бундан ташқари, корхона ҳозиргача ижарада фаолият юритади. Бу эса маҳсулотлар таннархига салбий таъсир кўрсатаётир.

– Бугун давлатимиз томонидан тадбиркорларга етарлича шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда, – дейди корхона иш юритувчиси Зайниддин Ёқубов. – Бундан самарали фойдаланиш керак. Шунинг учун туман ҳокимлигига ер сўраб, бир неча бор мурожаат қилдик. Мутасаддилар келиб шароитимизни ўрганишди, тумандаги саноат зонасидан ер ажратиладиган бўлди. Тижорат банкларига 600 миллион сўм кредит олиш учун ҳужжат топширдик. Бу ишлар ҳам ҳал бўлиш арафасида. Насиб этса, ушбу маблағга корхона биноси қурилишини бошлаймиз. Табиийки, хориждан замонавий ва тежамкор тикув дастгоҳлари келтирилади. Мазкур лойиҳа амалиётга тўлиқ татбиқ этилса, яна 30 нафар хотин-қиз доимий даромад манбайига эга бўлади.

Тадбиркорликда ҳикмат кўп. Боиси, тадбиркор омилкорлик билан қилаётган ишлари орқали ҳам ўзини, ҳам давлатни бой қилади. Янги иш ўринлари яратиш орқали бугунги кунда энг муҳим масала – аҳоли бандлигига ҳисса қўшади. 

Ў.Баротов, ЎзА