ЎзА Ўзбек

05.11.2018 20:00:24 Чоп этиш версияси

Буюк ипак йўли бўйлаб умумий мерос

Самарқандда “Афғонистон, Марказий Осиё ва Эрон – Буюк ипак йўли бўйлаб умумий мерос, Европага йўл” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

ЮНЕСКО, Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Марказий Осиё мамлакатларидан ташқари Эрон, Афғонистон, Туркия, Озарбайжон ва Покистондан келган шарқшунос, санъатшунос ва тарихчи олимлар, халқаро экспертлар иштирок этди.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, ЮНЕСКОнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бўйича кластер бюроси директори Криста Пиккат, Европа Иттифоқининг юртимиздаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс ва бошқалар Ўзбекистон юритаётган ички ва ташқи сиёсат қўшни давлатлар ҳамда дунёнинг турли мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилганини алоҳида таъкидлади. Бу алоқалар иқтисодий соҳа билан бирга, маданий-гуманитар, туризм соҳаларида изчил ривожланаётгани қайд этилди.

Анжуманда халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар минтақада моддий ва номоддий маданий мерос объектларини асраш, Буюк ипак йўлида жойлашган мамлакатлар халқларининг маданий мероси ҳақидаги умумий билимни ошириш, туризмни барқарор ривожлантиришнинг янги имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

– ЮНЕСКО ваколатхонаси Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳаларидаги кўплаб лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда, – дейди ЮНЕСКОнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бўйича кластер бюроси директори Криста Пиккат. – Бу борада кейинги йилларда эришилган натижалар, лойиҳаларимизга Европа Иттифоқининг ҳам қўшилгани ҳамкорлик алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бу, айниқса, Ўзбекистон ва бутун минтақа давлатларининг туризм салоҳиятини ошириш, Буюк ипак йўлидаги маданий мерос объектларини асраб-авайлашда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур анжуманда ҳам Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Афғонистондаги тарихий мерос объектлари, сайёҳлик йўналишлари, музейлар фаолиятини кенг тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманда маданий объектлар билан боғлиқ халқаро лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, жаҳон музейларида сақланаётган қўлёзмалардан рақамли технологиялар асосида нусха кўчириш, мумтоз мусиқа намуналарини тадқиқ этиш, ўрта асрларда динлараро муносабатлар каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Тадбир доирасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли“ туризм халқаро университети ҳамда Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

11.JPG

14-faqat saytga.JPG

21-faqa saytga.JPG