ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Буюк боболарнинг оналари

Буюк боболарнинг оналари

Ўзбек халқи дунёга жуда кўп буюк зотларни етказиб бергани билан ҳақли равишда фахрланади. Дунё илм-фани, маданияти, тарихига муносиб ҳисса қўшган аждодларимизни ҳам аслида оналар дунёга келтирган. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтсак.

СИТОРАБОНУ – БУЮК ҲАКИМНИ ДУНЁГА КЕЛТИРГАН ЗОТ

Тиб илмининг ривожида улкан ҳисса қўшган буюк ҳаким, Шайхурраис Абу Али ибн Сино 980 йилда Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида (ҳозирги Пешку тумани ҳудудида) таваллуд топган. Буюк ҳакимнинг ўз таржимаи ҳолида баён қилишича, унинг отаси Абдуллоҳ ибн Али асли балхлик бўлиб, кейинчалик Бухорога кўчиб келган ва Сомонийлар ҳукмдори Нуҳ ибн Мансур саройида хизмат қилган.

Абдуллоҳ шу ерда бухоролик Ситора исмли қизга уйланади. Бўлғуси ҳакимнинг буюк инсон, мутафаккир бўлиб етишишида ота-онасининг, хусусан, Ситорабонунинг ҳам ҳиссаси катта бўлгани шубҳасиз. Ситорабонунинг Ибн Синодан ташқари яна бир ўғли бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

ТЕГИНА БЕГИМ МОҲ – СОҲИБҚИРОНГА АЛЛА АЙТГАН АЁЛ

Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг волидаси манбаларда Такина хотун ёхуд Тегина бегим Моҳ номи билан тилга олинган. Тахминларга кўра, у ўн тўртинчи асрнинг бошларида Бухородаги таниқли дин арбобларидан бири Садр аш-шариъа Убайдулоҳ ал-Бухорийнинг хонадонида туғилган. Шарафиддин Али Яздий айтганидек, у покиза хулқли аёл бўлган.

Соҳибқироннинг отаси Амир Тарағайнинг оилавий ҳаёти хусусида маълумотлар жуда кам. Унинг биринчи аёли, Амир Қазағоннинг қизи Йўқун Хонум эди. Амир Тарағай бу хотиндан фарзанд кўрмаган. Тегина бегим Моҳга уйланиш фарзанд эҳтиёжи билан боғлиқ бўлиб, чамаси, бу никоҳга руҳонийлар фатво берган. Бу никоҳ 1329-1330 йилларга тўғри келади. Бироқ чамаси, Тегина бегим Моҳ жуда эрта вафот этган. Унинг вафотидан сўнг, Амир Тарағай Қадоқ Хотунга уйланган, бу аёл 1390 йилгача ҳаёт бўлган ва фарзанд кўрмаган.

Маълумотларга кўра, бугунги Ургут туманига қарашли Тегана қишлоғи ҳам Соҳибқироннинг онаси шарафига ана шундай номланган.

ГАВҲАРШОД БЕГИМ – МИРЗО УЛУҒБЕКНИНГ ВОЛИДАСИ

Темурий маликалар орасида энг буюк сиймолардан бири, 1379 йилда ўз даврининг йирик амирларидан Ғиёсиддин тархон хонадонида туғилган. Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзонинг завжаси бўлган. Мирзо Улуғбекдан ташқари Бойсуқур Мирзо ва Муҳаммад Жўки султон исмли икки ўғил ва икки қизни дунёга келтирган.

Хуросоннинг Ҳирот, Машҳад сингари шаҳарларида жуда кўп меъморий обидаларнинг барпо этилиши бевосита унинг номи билан боғлиқ. Эри Шоҳрух Мирзонинг вафотидан сўнг салтанат бошқарувида жуда катта ўрин тутган. 1457 йилда Абу Саид Мирзо фармонига биноан қатл этилган.

2003 йилда Кобулда очилган аёллар университетига Гавҳаршод бегим номи берилган.

САЛИМА БОНУ – ҲАЗРАТ НАВОИЙНИНГ БЕШИГИНИ ТЕБРАТГАН

Бу буюк аёл ҳақида ҳам маълумотлар жуда кам. Бу улуғ аёлнинг исмлари ҳақида ҳам аниқ маълумотлар сақланиб қолмаган. Айрим тадқиқотчиларнинг маълумотига кўра, исми Ҳалимабону (ёки Салимабону) бўлиб, амирзода шайх Абу Саид Чангийнинг қизи бўлган. Ҳазрат Навоий “Мажолисун-нафоис”да тоғаларининг ҳам таъби назми борлиги, туркий ва форсийда ижод қилганини ёзади. Шундан билиш мумкин бу аёл ҳам жуда маърифатли, саводхон бўлган. Тахминан, 1436-37 йилларда Ғиёсиддин Баҳодур билан турмуш қурган. Ҳазрат Навоийдан ташқари Дарвишалибек ва Баҳлулбек исмли ўғиллари бўлган. Ҳазрат Навоий “Бадоеъул-бидоя” девони муқаддимасида темурийлар хонадони хусусида тўхталиб, ёзади:

Отам бу остоннинг хокбези,

Онам ҳам бу саро бўстон канизи...

Шу байтнинг ўзиёқ бу аёл бевосита темурийлар хонадонининг яқин кишиларидан бўлганини кўрсатади.

ҚУТЛУҒ НИГОР ХОНИМ – БОБУР МИРЗОНИНГ ОНАСИ

Қутлуғ Нигор хоним 1459 йилда Тошкент хони Юнусхоннинг хонадонида туғилган. Тарихий манбаларга кўра, Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлган. Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган Тахминан 18 ёшида 1477 йилда темурийлар авлодидан бўлган Фарғона ҳукмдори Умаршайх Мирзога турмушга чиқади. 1478 йилда биринчи фарзанди Хонзодабегим дунёга келади. 36 ёшида Умаршайх Мирзо фожиали тарзда ҳалок бўлгач, бева қолади. Ўша йили Андижон тахтига унинг ўғли Бобур Мирзо ўтиради. “Бобурнома”да ёзилишича, Қутлуғ Нигор хоним ўғлининг сарсон-саргардон юрган кезларда ҳам унинг ёнида бўлади. 1505 йилда вафот этган.


4 496
Рустам Жабборов, ЎзА