ЎзА Ўзбек

11.07.2018 20:26 Чоп этиш версияси

Буюк адиб юбилейига муносиб туҳфа

Буюк адиб юбилейига муносиб туҳфа Мамлакатимизда умумбашарий қадриятлар куйчиси сифатида эътироф этилган Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини муносиб нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буюк адибнинг “Сарвиқомат дилбарим” қиссаси асосида суратга олинаётган бадиий фильм шулар жумласидандир.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмаси асосида “Ёшлар ижодий тажриба студияси” томонидан экранлаштирилаётган мазкур фильм Тошкент ва Наманган вилоятлари, шунингдек, қисман Қирғизистон Республикаси ҳудудида тасвирга олинмоқда.

Биз ижодий жараён билан танишиш мақсадида Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги Мамай қишлоғида, фильмнинг сўнгги эпизодлари тасвирга туширилаётган суратга олиш майдонида бўлиб, кино ижодкорлари билан суҳбатлашдик.

14-faqat saytga.jpg

– “Сарвиқомат дилбарим” мен қўл урган илк жиддий ва драматик асар, – дейди истеъдодли ёш режиссёр Сарвар Каримов. – Айни пайтга қадар Худойберди Тўхтабоев асари асосида болаларга мўлжалланган “Сариқ девни миниб”, “Сеҳрли қалпоқча” каби комедия жанридаги фильмларни суратга олганман. “Сарвиқомат дилбарим” эса жанр нуқтаи назаридан режиссёрдан алоҳида масъулият талаб қилади. Чунки, бу асар кўп тилларга таржима қилинган, миллионлаб китобхонлар ўқиган. Демак, зиммамизда Чингиз Айтматов қаҳрамонлари яшаб келаётган мухлислар қалбида китоб ва кино орасидаги тафовутни моҳирона топиш, классик асарга ва китобхон эътиқодига зарар етказиб қўймаслик масъулияти турибди. Шунингдек, ижодий гуруҳ М.Матчонов, Б.Йўлдошев, А.Ражабов, У.Қодиров сингари тажрибали актёрлар билан бирга, асосан ёшлардан таркиб топгани ҳам масъулиятни икки ҳисса оширади. Албатта, китобхон, кино мухлиси ва киношунос мутахассислар “Сарвиқомат дилбарим”нинг замонавий талқинини илк бор яратаётганимизни эътиборга олишади, деб умид қиламан.

Фильмдаги бош қаҳрамон – Асал ролига Қирғизистон академик театри актрисаси Мадина Талипбек таклиф этилган. Шунингдек Хадича ролини ҳам қирғиз актрисаси Элина Абай қизи ижро этмоқда.

– Менинг назаримда Асал шарқ аёлининг ўзига хос тимсолидир, – дейди Мадина Талипбек. – Кино олиниши муносабати билан бу қиссани қайта-қайта ўқиб, ўзим учун кўплаб фалсафий топилмаларни кашф этдим. Асал тимсолида муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини, шарқ аёлининг ички дунёси, ҳаёт синовлари олдидаги қалбнинг энг мураккаб ва нозик кечинмаларини қайта таҳлил этдим. Бу менинг орзуимдаги образ. Ўзбек киноижодкорлари ушбу ролга таклиф қилишганидан ғоят бахтиёрман. Қирғизистонда Тошкент киномактабига жуда юқори баҳо берилади. Шундай мактаб вакиллари сафида ижод қилиш имкониятига эга бўлганимдан фахрланаман.

Фильм Наманган шаҳрининг Озод маҳалласидаги хонадонлардан бирида, шунингдек, вилоят марказий туғруқхона мажмуаси, Янгиқўрғон тумани қир-адирлари, Чуст туманининг Ғова қишлоғида ҳам суратга олинди.

– Суратга олишнинг ташкилий масалаларида қийинчиликлар бўлмади, – дейди картина директори Иброҳим Саиджабборов. – Сабаби, вилоят ҳокимлиги томонидан барча шароит яратиб берилди. Катта гуруҳ билан жойдан-жойга кўчишда ички ишлар ходимлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлади, шифокорлар саломатлигимизни назоратга олиб, зарур ҳолларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишга шай ҳолда ҳамиша биз билан бирга бўлди. Қолаверса, кўплаб ташкилотлар, маҳаллий аҳоли ҳам қўлидан келган ёрдамни аямади.

– Бу лойиҳа юртимизда бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг турли қирраларини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир, – дейди “Ўзбеккино” миллий агентлиги Наманган вилояти бўлими раҳбари К.Сотиволдиев. – Биринчидан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида маданий алоқаларни тиклаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади. Иккинчидан, буюк адибнинг ижоди китобхонликни тарғиб қилиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, шунингдек, кино санъатининг ривожланишида ижодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.

Фильмнинг премьерасини 2018 йил декабрь ойида ўтказиш режалаштирилган.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
6 813