ЎзА Ўзбек

06.04.2018 15:31 Чоп этиш версияси

Буюк адиб Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланади

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 апрелдаги "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар мазкур қарор ўзбек халқи учун азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти бўлган буюк ижодкорга юксак ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида қардош қирғиз халқи билан яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда, адабиёт, маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди.

Атоқли адиб нафақат қирғиз элининг, балки бутун дунёнинг буюк шахси эди. Унинг “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, эй Гулсари”, “Оқ кема”, “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси”, “Чўққида қолган овчининг оҳу зори" каби кўплаб асарлари дунёнинг қатор тилларига таржима қилиниб, китобхонлар эътирофига сазовор бўлган.

Айниқса, халқимиз унинг асарларини ўзгача меҳр ва қизиқиш билан қарши олади. Чунки улуғ адибнинг юртимизга, халқимизга бўлган муҳаббати, ҳурмати чексиз ва буюк эди. Чингиз Айтматов адабиётимиз, маданиятимиз тарихини юксак баҳолаб, "Қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин" деган пурмаъно сўзлари, ўз тақдирини ўзбек халқи тақдирига ўхшатиши унинг ана шу улкан меҳр-муҳаббатининг ифодаси эди.

Қарорда таъкидланганидек, ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ Марказ томонидан уюштирилган “ўзбек иши”, “пахта иши” каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди. Бетакрор ижодкорнинг давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирлангани ҳам шундан далолат беради.

Атоқли ёзувчи ўзбек адабиёти ва санъатининг йирик намояндалари билан яқин дўст ва ижодий ҳамкор бўлгани ёш адибларимиз учун юксак ибрат намунасидир.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унинг гуманизм ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллатлар ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган баркамол асарлари мамлакатимизда миллионлаб нусхаларда нашр этилмоқда. Ўзбекистон Миллий университетида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси фаолият кўрсатмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида амалга ошираётган эзгу саъй-ҳаракатлари юртимизда яшаётган қирғиз миллати вакилларини чексиз қувонтирмоқда, – дейди Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Р.Жабборов. – Давлатимиз раҳбарининг "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттириш, халқларимиз ўртасидаги маданий-адабий алоқаларни янада ривожлантиришига ишончимиз комил.

Қарорда Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш, “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, ёзувчи асарлари асосида янги спектакль саҳналаштириш ва бадиий фильм суратга олиш, Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини бериш, Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида адиб бюстини ўрнатиш, “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзусида илмий конференция ўтказиш, мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш, 2018 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида атоқли адиб хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш тадбирлари кўзда тутилган.

Йиғилишда мазкур вазифалар ижроси юзасидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакилларининг ҳисоботлари тингланди, келгусидаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов сўзга чиқди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
22 418