ЎзА Ўзбек

31.08.2016 13:04 Чоп этиш версияси

Бувайдалик 121 ёшли Ҳувайдо момога Президентимиз номидан “Шуҳрат” медали топширилди

Бувайдалик 121 ёшли Ҳувайдо момога Президентимиз номидан “Шуҳрат” медали топширилди Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қўшаётган ҳиссаси эътиборга олиниб, эл-юрт ҳурматини қозонган кекса авлод вакилларига давлатимизнинг юксак мукофотлари берилиши яхши анъанага айланди.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида юз ёшдан ошган бир гуруҳ юртдошларимиз Президентимизнинг жорий йил 24 августдаги фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Мукофотланганлар орасида Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи 121 ёшли Ҳувайдо момо Умарова ҳам бор.

Умрининг кўп қисмини далада ўтказган момо болалиги, ёшлиги, ундан кейинги даврлар машаққатию захматларини ўкинч билан сўзлайди. Истиқлол ҳаётига янгича мазмун бахш этгани, бугунги тинч, фаровон турмушимиз, фарзанду набиралари, эвараю чевараларининг бахтиёр ҳаётига шукрона келтиради. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз фаровон яшашини сўраб, дуо қилади.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Ҳувайдо момо хонадони ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Вилоят ва туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, қўни-қўшни, қариндош-уруғ бир дастурхон атрофида жам бўлди.

Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев Ҳувайдо момога давлатимизнинг юксак мукофоти – “Шуҳрат” медалини Президентимиз номидан топшириб, мустақиллик байрами билан табриклади.

Дуо билан эл кўкарар, дейишади. Ҳаётимизнинг тинч ва осудалиги, турмушимизнинг фаровонлиги, рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкинлиги Президентимиз раҳнамолигида инсон, унинг манфаати, бахт-саодати ва қадр-қимматини юксак тутиб, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсат самараси, Ҳувайдо момо сингари ёши улуғ кексаларимизнинг дуоси, эзгу ниятлари ижобатидир.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
5 189