ЎзА Ўзбек

02.06.2018 15:49 Чоп этиш версияси

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорлик самара беряптими?

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорлик самара беряптими?
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигида очиқ ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикасининг “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг соҳа бўйича тақдим этаётган хизмат ва воситалардан фойдаланиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги тортишувлар бўйича медиация (яраштирув) институтини жорий этиш масалалари муҳокама этилди.

Агентлик бош директори А.Файзуллаев ва бошқалар мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини такомиллаштириш ҳамда бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш талабларини қўяётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикасининг “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонуни 2001 йилда қабул қилинган. Мазкур қонун билан иш юритиш жараёнида вужудга келган муаммолар таҳлили ва халқаро қонунчилик нормаларининг ўрганилишига мувофиқ, йиғилишда амалдаги қонуннинг 4, 7, 8, 10, 24, 25, 27, 30 ва 32-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифи муҳокама қилинди. Шунингдек, “Медиация тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кўриб чиқилаётгани, яраштирув институтининг кенг жорий қилиш бўйича амалий самараси мавжудлиги ҳамда интеллектуал мулк, жумладан, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасида медиация жараёнининг амалиётдаги ўрни ҳақида ҳам батафсил тушунчалар берилди.

– Ҳар бир соҳа ривожида халқаро тажрибалар муҳим ўрин эгаллайди, – деди Патент талабномаларининг расмий экспертизаси бўлими бошлиғи С.Азимов. – Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. Масалан, ушбу ташкилот тақдим этган патент вакиллари томонидан ихтирочилар ва кичик корхоналарга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали уларни тўғри йўналтириш учун “Inventors assistance program” дастури, интеллектуал мулк салоҳиятидан фойдаланган равишда ривожланиш соҳасидаги аниқ муаммо ва вазифаларга ечим изловчилар учун онлайн платформа “Wipo match”, PCT талабномаларини онлайн равишда топширишга мўлжалланган “ePCT-Filing” каби хизмат ва воситаларидан фойдаланиш соҳа равнақида муҳим аҳамиятга эгадир.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
6 361