ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Бутун бир суд-ҳуқуқ тизимига бирдек тааллуқли талаб!

Бутун бир суд-ҳуқуқ тизимига бирдек тааллуқли талаб!
МУНОСАБАТ

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи устувор йўналишида, энг муҳим вазифалардан этиб, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш белгиланган.

Таъбир жоиз бўлса, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни бўлиб ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи устувор йўналишида белгиланган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда мамлакатимизда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзгаришлар одамларда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлаётгани, бироқ, бу халқни суд-ҳуқуқ тизимидан рози эканлигини англатмаслиги алоҳида урғуланди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул бўлган айрим идора ва вазирликларнинг фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар қаттиқ танқид қилинди.

Бундан кўпчилик хулоса қилдики, маламкатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш шахсан давлат бошлиғининг назоратидадир ва бу, мавсумий тадбир эмас, балки давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.

Сир эмас, мустақилликнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда суд ҳокимиятини, унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, суднинг обрўсини кўтаришга, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда суднинг ролини ва аҳамияти кўтаришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида давлат ҳокимиятини учта тармоғи принципиал тарзда бир-биридан алоҳида ажратилганлиги ва судларни мустақил ҳокимият сифатида эътироф этилиши том маънодаги суд ҳокимиятини мустақиллигини таъминлашга имкон яратди.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги даврига ҳуқуқий асос бўлди.

Президент Фармонида қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат ҳокимиятининг муҳим тармоғи бўлган суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва модернизация қилиш бўйича узоқ муддатли ва изчил ислоҳотлар энг муҳим устувор йўналишлар сифатида белгилангани, унинг аҳамияти нечоғлик эканлигини ҳам кўрсатади.

Энг муҳими, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, унинг провардида эса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалалари давлат бошлиғининг доимий эътиборида десак муболаға бўлмайди. Бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бу яққол сезилиб турди, десак муболаға бўлмаса керак.

Биз бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишни айрим жиҳатларига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Президентимиз таъкидладики, парламент палаталари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар иштирокида жойларда халқ билан ўтказилган очиқ мулоқотлар чоғида жамоатчилик инсон ҳуқуқларини бузилиши, бу соҳага масъул ходимлар томонидан адолатсизликларга йўл қўйилаётгани очиқ-ойдин айтилмоқда.

Айнан шу сабаб, бундан буён депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда Одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб борилиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Бундан хулоса қиладиган бўлсак, Одил судловни таъминлашга ҳамма бирдек масъул деган маъно келиб чиқади.

Шу маънода, оммавий ахборот воситалари, хусусан журналистлар, жумладан интернет журналистикаси вакиллари, айтмоқчимизки, иқтидорли ва ўз ишини биладиган бугунни тили билан айтганда блогерлар янада фаол бўлишлари айни муддаодир.

Яна бир муҳим соҳа. Бу ҳақида Президентимиз алоҳида тўхталиб ўтдилар, яъни Одил судловни таъминлашда бевосита иштирок этувчи адвокатлардир.

Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари йиғилишда адвокатура институтига тўхталар экан, уни Одил судловнинг ажралмас қисми, деб эътироф этди.

Агар, адвокатура институти Одил судловнинг ажралмас қисми бўлса, Ўзбекистонда бугун 4 минг атрофида адвокат фаолият кўрсатаётгани ва 8,5 минг аҳолига ўртача бир мутахассисни тўғри келиши, қолаверса шуларнинг 43 фоизи Тошкент шаҳрида фаолият юритиши, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган кўп ишлар борлигидан далолат беради.

Айнан шунинг учун ҳам Президентимиз адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан талаб этиладиган 2 йил юридик стаж мавжуд бўлиши ҳақидаги қоидани бекор қилиб, ундан кўра талабалик даврдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартибини жорий қилиш таклифини илгари сурди. Соҳанинг илмий салоҳиятини ҳам мустаҳкамлаш мақсадида юридик йўналишдаги олий ўқув юртларида «адвокатлик фаолияти» мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш амалиёти жорий этиладиган бўлди. Келгусида бу адвокатура институтини ривожланишида ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз.

Одил судловни таъминлашда тергов органларининг ҳам бевосита иштирок бор, деб ҳисоблаймиз.

Кўпчилик билади, агар тергов органлари томонидан юритиладиган жиноят ишида шахс (айбланувчи)га нисбатан асосли айблов қўйилса ва кейинчалик бу иш судларда кўрилаётганда турли расмиятчиликлар ва оворагарчиликлар келиб чиқишини олдини олишга хизмат қилади.

Агар, бунинг акси бўлиб, тергов органлари жиноят ишида шахс (айбланувчи)га нисбатан асоссиз айблов қўйиб, жиноят ишини халқ тили билан айтганда «юмалоқ-ёстиқ» қилиб судга юборса, тасаввур қилинг кам бўлсада учраб турадиган айрим судьялар томонидан тергов ҳужжатлари асосида, яна ҳам аниқроғи «терговчининг қош-қовоғига қараб» қарор чиқариладиган бўлса, айнан шу нарса Одил судловга рахна солиши мумкин.

Қувонарли жиҳати борки, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган айбловлар асоссиз деб топилган. Ўтган 2019 йилда 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар ундириб берилган. Албатта, бу судлар томонидан адолатни тиклангани. Бироқ, тергов органлари томонидан йўл қўйилган хатоликлар учун нафақат фуқаро, балки давлат бюджетига ҳам сезиларли зарар етказилган-ку. Бунинг ҳисобини ким юритади.

Шунинг учун ҳам келгусида судьялик лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, Судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танлов кучайтирилгани ва бунинг ижобий томонлари эътиборга олиниб, келгусида терговчиликка номзодларга ҳам шунга ўхшаш талаблар қўйилиши кераклиги, давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилди. Бу ишларни самарали амалга ошириш учун бир қатор мутасадди идораларга топшириқлар берилиб, қисқа муддатларда Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва халқаро стандартларни жорий этиш бўйича вазифалар қўйилди.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, мамлакатимизда Одил судловни таъминлашга биргина суд ҳокимияти ўзи олиб борадиган фаолият етарлик бўлмайди. Қолаверса, одамларимизни адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, «Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак» деган Президент талабини бажариш – мамлакатимизни бутун бир суд-ҳуқуқ тизимига бирдек тааллуқлидир.

Абдуманноб Раҳимов,
юридик фанлар номзоди

6 643
ЎзА