Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.01.2017 14:48 Чоп этиш версияси

Бурчга садоқат билан

Бурчга садоқат билан Юртимиз тинч, ҳаётимиз осойишта, фарзандларимиз замонавий шароитларда таълим-тарбия олмоқда, касб-ҳунар эгалламоқда, Яратганга шукр! Бу гапларни бугун кўп ишлатамиз. Аммо шу барқарорлик ортида тинчлигимиз посбонлари, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг машаққатли меҳнати борлигини ҳамиша ҳам ўйлаб кўравермаймиз.

Бугунгидек озод ва обод Ватан барпо этиш, кўпмиллатли халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлаш ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Бунинг замирида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йилларидан мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларга етарли шароит яратиш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар мужассам.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида жаҳон талабларига жавоб берадиган, замонавий қурол-яроғ, техника ва етук ҳарбий мутахассисларга эга профессионал миллий армиямиз шакллантирилди. Қўшинларнинг сифат таркиби янгиланиб, сафларини тўлдириш тартиби такомиллашди. Муддатли ҳарбий хизматга жисмонан соғлом, маънан етук ва юксак интеллектуал салоҳиятли ёшларни саралаб олишнинг ўзига хос тизими яратилди.

Шартнома асосида хизмат қилаётган сержантлар профессионал миллий армиямизнинг энг ишончли суянчи, мустаҳкам таянчига айланди. Ҳарбийларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жойлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Соҳада юз берган бундай ўзгариш ва янгиланишлар туфайли миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг нафақат конституциявий бурчи, балки юксак шон-шараф ишига айланди.

Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида шартнома асосида хизмат қилаётган капитан Лазизбек Тошбоев ана шундай Ватан посбонларидан.

Навоий вилояти Навбаҳор тумани Оқ олтин маҳалласида туғилиб ўсган Лазизбек болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қилди. Мақсади йўлида умумтаълим мактабида аъло баҳоларга ўқиди. Ҳарбий қурилиш йўналишидаги Самарқанд академик лицейи унинг етук мутахассис, мард ва жасур Ватан посбони бўлишида муҳим пиллапоя бўлди. У бу ерда жисмонан чиниқди, билимини янада оширди. Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида ўқишини давом эттирди. Ҳарбий қисмлардаги хизмати давомида бой тажриба ва етарли кўникма ҳосил қилди. Шу тариқа у ўз тақдирини ушбу шарафли соҳа билан боғлади.

Касб сирларини пухта эгаллаб, намунали хулқи, билимдонлиги, фидойилиги билан жамоада ҳурмат топган Лазизбек жанговар вертолётларга техник хизмат кўрсатиш вазифасини сидқидилдан бажармоқда.

– Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчидир, – дейди капитан Лазизбек Тошбоев. – Ватаннинг онадек улуғ ва муқаддаслигини, ҳар бир қарич тупроғи азиз ва мўътабарлигини хизмат давомида янада чуқур англамоқдаман. Дўстларим, айниқса, ёшлар билан учрашганимда уларнинг менга ҳавас билан қарашини ҳис қиламан. Келажакда ҳарбий бўлишни орзу қилган ёшларнинг саволларига жавоб берар эканман, шарафли соҳага кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибордан, Ватан ҳимояси юртимизда том маънода шон-шараф ишига айланиб, ҳарбий соҳага қизиқиш ортиб бораётганидан қувонаман. Ота-онам, яқинларим, умуман, халқимизнинг осуда ҳаётини таъминлаш йўлида хизмат қилаётганимдан фахрланаман. Бу йил Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан тадбирлар "Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!" шиори остида ўтказилаётгани, байрамга ҳар қачонгидан ҳам қизғин тайёргарлик кўрилаётгани биз, ҳарбий хизматчиларнинг қалбини янада ифтихорга тўлдирмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
3 561






Все о погоде - Pogoda.uz