ЎзА Ўзбек

23.01.2018 03:52 Чоп этиш версияси

Бундай шароитда ёмон аскар бўлиш мумкин эмас

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигини, унинг ҳудудий яхлитлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир миллий армиямиз шакллантирилди. Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки улкан шон-шараф ишига айланди.

Ўтган йили Гулистон шаҳридан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ўғлим Бобурмирзо Абдураҳмонов йигитлик бурчини ўтаётган Урганч шаҳридаги Шимоли-ғарбий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактабига оиламиз билан бордик. Ҳарбийларимиз учун яратилган шароитларни ўз кўзим билан кўриб, давлатимиз томонидан Ватан ҳимоячиларига қаратилаётган эътибордан ота сифатида ғурурландим.

Айниқса, ўғлим ва унинг сафдошлари билан суҳбатлашганимда, уларнинг қалбига ота-онани ҳурмат қилиш, Ватанни саждагоҳ деб билиш, уни ёмон кўзлардан ва ҳаракатлардан асраб-авайлаш, керак бўлса, жон фидо қилишдек буюк инсоний фазилатлар сингдирилганидан суюндим, фахрландим. Ҳақиқатдан ҳам, Ватан туйғуси, юрт тушунчаси биз учун саждагоҳдай муқаддас, саждагоҳдай пок ва улуғ бўлмоғи керак.

Сержантлар тайёрлаш мактаби раҳбарияти томонидан мамлакатимиз мустақиллигини асраб-авайлайдиган, соғлом ва бақувват фарзандларни ўстирган ота-оналарга ташаккурнома жўнатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам таҳсинга сазовор. Буни қарангки, мана шундай эътиборга биз ҳам муносиб топилиб, мазкур сержантлар тайёрлаш мактаби раҳбари, подполковник Азизбек Парманов имзоси билан ташаккурнома олганимизда, онаси иккимизнинг бошимиз кўкка етди. Унда биз, ота-оналар шаънига айтилган илиқ сўзлардан дилимиз яйради, қалбимизда фахр-ифтихор туйғулари жўш урди.

Аскарлик либосини кийиш, Ватаннинг посбони бўлиш улкан бахт ва масъулиятдир. Шахсан мен фарзандимнинг оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга, давр шиддати билан баробар қадам ташлайдиган, Ватан тинчлиги ва сарҳадларимиз мустаҳкамлиги учун жонини ҳам аямайдиган инсон бўлиб улғайишига устозларининг қаттиққўллиги, талабчанлиги, қолаверса, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароитлар сабаб, деб биламан.

Ушбу ҳарбий таълим муассасаси 2016 йили Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги тизимида “Энг илғор сержантлар тайёрлаш мактаби” кўрик-танлови ғолиби бўлиб, махсус диплом ва кубок билан тақдирлангани бу ерда иш қандай йўлга қўйилганини кўрсатиб турибди.

Мактабнинг маънавият ва маърифат хонасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган хотира бурчаги ташкил этилган, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган, шунингдек, 5 мингдан зиёд китоб фондига эга кутубхона ҳамда интернет тармоғига уланган “ZiyoNET” ахборот маркази фаолият кўрсатяпти экан. Ошхона, ётоқхонадаги шароитлар ҳам ота-оналарнинг фарзандидан хотиржам бўлиши учун етарли. Спорт ва машғулот майдончаларини кўриб, ҳавасинг келади. Бундай шароитда ёмон аскар бўлиш мумкин эмас. Ҳа, менинг фарзандим шундай замонавий шароитлар ва барча имкониятлар муҳайё этилган армияда хизмат қилаётганидан фахрланаман.

Баҳодир Абдураҳмонов,
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри.

ЎзА
9 896