Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2018 15:46 Чоп этиш версияси

Бундай қишлоқда яшашнинг гашти ўзгача

Бундай қишлоқда яшашнинг гашти ўзгача
Фарғона вилоятининг Қува туманидаги Толмозор ва Акбаробод қишлоқлари "Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари туфайли кун сайин чирой очмоқда.

– Дастурга асосан туманимиздаги Толмозор ва Акбаробод қишлоқларини обод ҳудудга айлантириш, уларнинг замонавий қиёфа касб этиши учун барча манбалар ҳисобидан қарийб 9 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган, – дейди Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров. – Тегишли соҳалар мутахассислари хулосаси, маҳаллий аҳолининг таклиф-истаклари ҳамда ҳудуд шарт-шароити ҳисобга олинган ҳолда, қишлоқларни ободонлаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бугунги кунда бу ҳудудларда бунёдкорлик ишлари қизғин паллага кирган. Айниқса, аҳолини тоза ичимлик суви, суюлтирилган газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хонадонларга кўрсатилаётган кўмак ҳар бир оиладаги беш-ўн одамни хурсанд қилаётган бўлса, кўча ва йўллар, газ, сув, электр тармоқларидаги, мактаб ва боғчалардаги таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари юзлаб одамларнинг оғирини енгил қилиб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

3.JPG

Айни кунларда қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, шу асосда аҳоли турмуш маданиятини юксалтиришга асосий эътибор қаратилган. Хусусан, "Толмозор" маҳалла фуқаролар йиғинида 16 нафар кам таъминланган фуқаронинг уйи таъмирлаб берилди. 2 километр ичимлик суви қувури ҳамда электр тармоғи тортилди, 5 километр ички йўллар таъмирдан чиқарилди. 26-, 12-умумтаълим мактаблари, 23-мактабгача таълим муассасасида ҳам қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

1.JPG

“Толмозор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла одамлари миришкорлиги билан машҳур. Толмозорликлар гилос, анор, олма етиштириш ҳадисини олган. Бугун кўчалар ораста ва янада обод бўлаётгани уларнинг ғайратига ғайрат қўшмоқда. Айниқса, қишлоқнинг бош режаси ишлаб чиқилиб, замонавий меъморчилик асосида уй-жойлар, маиший хизмат шохобчалари ва мажмуалар барпо этилаётгани ҳудуд чиройини очмоқда.

Ака-ука тадбиркорлар Бахтиёр ва Абдуқаюм Эминчаев томонидан соғломлаштириш маркази ва маиший савдо шохобчалари барпо этилмоқда. Маҳалла гузари, бахт уйи, гўзаллик салони каби 20 дан ортиқ маиший объектлар бутунлай янгидан қад ростламоқда.

"Акбаробод" маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бунёдкорлик ишлари авжида. Кўчаларга 160 та тунги чироқ ўрнатилмоқда, 7 километр ички йўлларга асфальт ётқизилмоқда. 4 километр йўлакчалар таъмирланиб, гулзорлар ташкил этилди.

Айни пайтда мазкур ҳудудларда, афсуски, баъзи нохуш манзаралар ҳам учраб турибди. "Толмозор" маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор Акромжон Муҳиддиновга қарашли ҳаммом таъмирдан чиқарилмоқда, лекин унинг атрофи умуман қаровсиз ҳолга ташлаб қўйилган. Ҳожатхона ҳам талабга жавоб бермайди. Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 20 дона чиқинди ташлаш контейнери сотиб олиш ва ўрнатиш белгиланган бўлиб, бу ҳам ҳозиргача бажарилмаган. Ваҳоланки, ёз кунлари ғанимат, демак, бу каби ишларга асло бепарво қараб бўлмайди.

Ҳа, бугун қишлоқларимизда одамларнинг ҳайратига, қувончига арзийдиган тарихий ишлар рўй бермоқда. Ободлик ва фаровонлик сари юз тутаётган манзилларда улуғвор мақсадларга бўлган ишонч бўй кўрсатиб турибди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
4 277