Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2018 17:23 Чоп этиш версияси

"Бундай ҳарбий техникаларни фақат кинофильмларда кўрганман"

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучларининг Жиззах вилоятидаги ҳарбий аэродромида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга бағишланган тадбир ўтказилди.

Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик туманларидаги таълим муассасаларидан 300 дан зиёд ўқувчи иштирок этди. Иштирокчилар ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, учувчиларнинг махсус кийими, ҳимоя воситалари, қидирув-қутқарув анжомлари кўргазмаси билан танишди.

– Ҳаммаси ажойиб, менда катта таассурот қолдирди, – дейди Шароф Рашидов туманидаги 16-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жўрабек Қудратов. – Илгари бундай ҳарбий техникаларни фақат кинофильмларда кўрганман. Бугун эса, мана қўлим билан ушлаб кўришим мумкин. Тасаввурим жуда бойиди. Ҳарбий бўлиш орзуим бугун қатъий мақсадга айланди. Бунинг учун аъло баҳоларга ўқиб, аскар акаларим каби Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш учун бор имкониятимни ишга соламан.

Тадбир якунида Жиззах гарнизони офицерлар уйи ҳарбий оркестри ҳамда 29-Меҳрибонлик уйи бадиий жамоаси томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 617