ЎзА Ўзбек

11.01.2019 19:24 Чоп этиш версияси

Бундай амалиёт вазирлар ва мансабдор шахсларнинг парламент ва жамоатчилик олдидаги жавобгарлигини оширади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С.Отамуродов, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А.Курманов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ва бошқалар 253 бандни ўз ичига олган Давлат дастури лойиҳасида Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида келтирилган асосий ғоялар ва таклифлар, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ўз аксини топганини таъкидлади.

Хусусан, Давлат дастури лойиҳасида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат олиб бориш каби йўналишларда жорий йилдаги устувор вазифалар акс этган.

Давлат дастури лойиҳаси 2019.strategy.uz веб-сайти ҳамда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали – regulation.gov.uz сайтларига жойлаштирилди. Шу кунга қадар 2019.strategy.uz веб-сайтига жами 2 мингдан ортиқ таклиф қабул қилинди, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига эса 300 дан зиёд таклиф келиб тушди. Ўтган йилнинг сентябрь-ноябрь ойлари давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2018 йилда амалга оширилган ислоҳотларнинг дастлабки натижаларини сарҳисоб қилиш ҳамда 2019 йил учун алоҳида таклифлар қабул қилиш мақсадида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилиб, юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлардан ҳам янги таклифлар олинган эди. Мазкур таклифлар жорий йилги Давлат дастури лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Давлат дастури лойиҳасининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналиши бўйича аҳолини энг кўп ташвишга солаётган масалалар бўйича 247 таклиф ва изоҳлар билдирилган. Жумладан, паспорт хизмати кўрсатиш тизимини соддалаштириш, доимий прописка ва Тошкент шаҳри ҳамда вилоятида иккиламчи бозордан турар жой сотиб олишга бўлган чекловни бекор қилиш, Жиноят ва жиноят процессуал қонунчиликни қайта кўриб чиқиш, айрим ҳаракатлар учун нотариал тасдиқланиши шарт бўлган талаблардан воз кечиш таклиф этилмоқда.

Давлат дастури лойиҳасига кўра, Ҳукумат аъзоларини Олий Мажлис томонидан, ҳудудий давлат органлари раҳбарларини эса тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқлаш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бундай амалиёт вазирлар ва жойлардаги мансабдор шахсларнинг парламент ва жамоатчилик олдидаги жавобгарлигини ошириш имконини беради. Янги механизмнинг жорий этилиши орқали юқори лавозимларга номзодларни тайёрлайдиган партиялар демократик жараёнларда фаол иштирок этади. Шу муносабат билан тадбир иштирокчилари томонидан жорий этилаётган механизм самарали ишлаши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳокама этилаётган ҳужжатда иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестицияларни жалб қилиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мамлакатимиз иқтисодиётини тубдан модернизациялашга, бюджетлараро муносабатлар изчиллигини, истеъмол товарлар нархлари барқарорлигини таъминлашга, тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб қилишнинг янги механизмларини жорий этишга, олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар назарда тутилган.

2020 йил 1 январдан миллий ҳисобларнинг замонавий тизимини тўлиқ жорий этиш, 2019 йил 1 сентябргача эса солиқлар бўйича имтиёз ва преференцияларни бекор қилишни назарда тутган Солиқ кодексининг янги таҳририни, Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқиш, суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантириш, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, Давлат дастури лойиҳасида “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш ва унинг ЯИМдаги улушини кескин камайтириш орқали мамлакатимизнинг халқаро суверен кредит рейтингини ошириш ва Глобал рақобатбардошлик рейтингига кириш бўйича ишлар назарда тутилган. Бундан ташқари, банк-молия тизимини янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ҳисобига тадбиркорлик муҳитини соғломлаштириш, жаҳон бозорига интеграциялашув йўли билан мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кучайтириш ва ҳудудларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш орқали ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, илғор технологияларни жорий қилиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишлари амалга оширилиши қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон Республикасида 2019-2025 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш концепциясининг муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Ҳужжат мамлакатимизда туризм инфратузилмасини янада такомиллаштиришга, туризм маҳсулотлари ва хизматларини диверсификация қилишга, машҳур халқаро меҳмонхона тармоқларини жалб этишга, шунингдек, меҳмонхоналар қурилишининг узоқ муддатга мўлжалланган дастурини амалга оширишга, туризм тармоғи учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган.

Давлат дастури лойиҳасида давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга, улар ишининг самарадорлигини оширишга, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, мазкур йўналишдаги нуқсонларни бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уй-жойга муҳтож инсонларга кўмаклашиш, кам таъминланган фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш, жумладан, имтиёзли уй-жой ажратиш, аҳоли саломатлигини асраш чора-тадбирлари режалаштирилган.

Тадбир иштирокчилари хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишларни муҳокама қилдилар. Мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудратини ошириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва Интернет тармоғида миллий контентни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар қўллаб-қувватланиши билдирилди.

Қайд этилганидек, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Оролбўйи минтақасида янги муҳофаза этиладиган, жумладан, трансчегаравий табиий ҳудудларни ташкил этиш 2019 йилги Давлат дастурининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонуннинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши халқаро майдонда мамлакатимиз сиёсий-иқтисодий манфаатларини илгари суришга, давлатимизнинг ташқи иқтисодий ва сиёсий фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари муҳокама этилган Давлат дастури лойиҳасининг барча бандлари бўйича ўз фикрларини билдирди. Экспертлар томонидан 2019.strategy.uz ва regulation.gov.uz веб-сайтлари орқали фуқаролардан тушган амалий таклифлар кўриб чиқилди.



Нурилло Насриев, ЎзА
1 203