Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.02.2018 09:10 Чоп этиш версияси

Бундан 8 йил олдин ёпиб қўйилган Ўзбекистон-Тожикистон чегара-божхона пости очилди

Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги “Андархон” халқаро мақомга эга бўлган чегара-божхона пости очилди. Бу эса ўзбек ва тожик халқлари дўстлиги, жипслиги ҳамда ҳамжиҳатлиги йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Бундан саккиз йил олдин ёпилган Ўзбекистон —Тожикистон чегарасида жойлашган “Андархон” чегара-божхона постининг очилиши аҳоли учун катта қулайликларни яратмоқда. Бу ерда аҳолига соддалаштирилган тартибда чегарадан ўтиш тизими жорий қилинди. Ўзаро бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларга барҳам берилаётгани, айниқса, асрлар давомида елкадош яшаётган икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди. Эндиликда бу ерда телеграмма ва таклиф хатисиз бемалол ҳаракатланиш мумкин. 

— Ҳақиқатдан ҳам икки қўшни халқ ўртасидаги тўсиқлар сабабли қариндош-уруғларимиз билан борди-келди узилиб қолган эди, – дейди Бешариқ туманидаги “Қияли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Қўчқоров. – Ҳатто тўй-маъракаларда ҳам қатнаша олмасдик. Ахир биз асрлар давомида қўшни бўлиб яшаганмиз, борди-келдиларимиз мустаҳкам бўлган. Мана бу постнинг очилиши ҳам аҳоли учун катта имконият бўлди. Бу кунни барчамиз интиқлик билан кутганмиз. Барчамиз яқинларимиз билан дийдорлашдик. 

Бу ерда бир кунда 650 нафар фуқароларнинг ҳаракатланганини ўзи ҳам барча учун катта қулайлик бўлганидан далолатдир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
6 160