Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.08.2018 15:41 Чоп этиш версияси

Бунда юрт мадҳини куйлаш бахт

Бунда юрт мадҳини куйлаш бахт Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев юртимизни улуғлаш, ёшларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик туйғусида тарбиялашда ижодкорлар зиммасида ғоят улкан масъулият бор эканини таъкидлади.

Жорий йил ўнинчи марта ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов Ватанимизни шарафловчи энг яхши қўшиқларни саралаш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир. Бу йилги танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, туман, шаҳар, вилоятлар босқичларида 32 минг 600 нафардан ортиқ ижрочи ўз қўшиқлари билан иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ санъат байрами “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилди. Танловда Мудофаа, Ички ишлар, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси томонидан кўплаб янги қўшиқлар тақдим этилди. 

20.jpg 

Ижодий лойиҳада Самандар Алимов, Рустам Алимардонов, Раҳим Мирзакамолов сингари опера усталари Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлари билан қатнашгани мумтоз санъатимиз жозибаси ва мафтункорлиги, хонандаларимизнинг бетакрор овози, ижодий салоҳиятидан баҳраманд бўлиш имконини берди.

– Танловда "Яхшилик зиёси" номли қўшиқ билан қатнашдим, – дейди Ўзбекистон халқ артисти С.Алимов. – Танлов ёши, профессионал даражаси турлича бўлган хонандаларнинг ижодий имкониятларини томошабинга тақдим этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳакамлар ҳайъати раиси, композитор Аваз Мансуровнинг таъкидлашича, бугунги кунда турли тантаналар, давраларда баралла янграётган "Юрт ишқида ёнаман", "Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!", "Улуғимсан, Ватаним!" каби халқимизнинг севимли қўшиқлари ҳам "Ўзбекистон Ватаним – маним", "Ўзбекистон қўшиқ байрами" каби ижодий лойиҳалар самарасида яратилган.

24.jpg

...Саҳнада қўшиқ янграйди. Улар таъсирчан, жўшқин, тантанавор. Ўзбекистонни қадрлашга, эъзозлашга, тинч ва осойишта кунларимиз учун шукроналик туйғуси билан яшашга чорлайди.

– Сўз ва мусиқа – қўшиқнинг икки қаноти, – дейди шоира Фарида Афрўз. – Шу қанотлар мустаҳкам бўлганидагина пухта, тингловчи қалбидан ўрин оладиган қўшиқ яратилади.

Анъанага кўра, "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танловининг мамлакат босқичи ғолиб ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинади.

Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
3 690