Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.09.2017 17:05 Чоп этиш версияси

Бухорода “Тоза ҳаво" ойлиги тадбирлари доирасида тарғибот ишлари олиб борилди

Бухоро вилоятида “Тоза ҳаво" ойлиги тадбирлари доирасида кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.

Мутахассисларнинг фикрича, атмосферанинг ифлосланиши ва экологик мувозанат бузилишида нафақат саноат корхоналари, балки автотранспорт воситаларининг ҳам улуши ортмоқда. Автомобиллардан чиқаётган тутун таркибидаги зарарли газлар атмосфера ҳавосини ифлослантириш билан бирга, инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини ўрганиш ва табиий мувозанатни яхшилашга қаратилган мазкур ойлик доирасида турли тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилди. Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорлигида автокорхоналарда, шаҳарга кириш жойлари ва йўл-патруль масканларида транспорт воситалари чиқараётган заҳарли газ миқдорини аниқлаш мақсадида махсус ускуналар ёрдамида экологик кўрикдан ўтказилди.

– Ойлик давомида 12 мингдан зиёд автотранспорт воситаси текширилди, 120 тасида чиқинди газлар миқдори давлат стандартида белгиланганидан кўплиги аниқланди, – дейди Бухоро вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Д.Муҳаммедова. – Ушбу автомашиналар ҳайдовчилари огоҳлантирилди ва транспорт воситаларининг техник хизмат кўрсатиш устахонасида тузатилиши таъминланди. Шу тариқа бу машиналардан бир йил мобайнида қарийб 950 килограмм заҳарли модда ҳавога чиқариб юборилишининг олди олинди.

Ойлик тадбирлари доирасида автокорхоналар жамоаси ва шахсий автомашиналар ҳайдовчиларига машиналарнинг экосозлиги атмосфера ҳавосининг тозалигини таъминлаш, саломатлигимизни асрашда нечоғли аҳамиятга эга экани тушунтирилди.

Газ ёқилғисида ҳаракатланадиган машина атроф-муҳитни нисбатан кам заҳарлайди. Бинобарин, мамлакатимизда хўжалик субъектлари ва шахсий автомобиль эгаларининг автотранспорт воситаларини суюлтирилган ёки сиқилган газда ишлашга ўтказишига алоҳида эътибор қаратилаётир. Жорий йилда Бухоро вилоятида яна 1100 автотранспорт воситасини ана шундай техник жиҳозлаш кўзда тутилмоқда.

Юртимизда ҳаво мусаффолигини таъминлашга оид бундай тадбирлар билан бирга, халқаро стандартларга мос ёқилғи ишлаб чиқариш, автомашиналарни экологик соф ёқилғига ўтказиш бўйича ҳам кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ҳавога чиқарилаётган зарарли моддаларни бир неча баробар камайтириш имконини бераётир.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 107






Все о погоде - Pogoda.uz