ЎзА Ўзбек

15.03.2019 11:20 Чоп этиш версияси

Бухорода норасмий фаолият юритаётган ишчиларни легаллаштиришга қаратилган ўзига хос акция бошланди

Бухорода норасмий фаолият юритаётган ишчиларни легаллаштиришга қаратилган ўзига хос акция бошланди Вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилаётган мазкур акцияда иштирок этувчилар, яъни фаолиятини 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб қонунийлаштирган норасмий ишчилар, тадбиркорлар ва иш берувчиларга қимматбаҳо совғалар берилади.

Акцияда, 200 та дазмол, 200 та мобиль телефони, 150 та чангютгич, 100 та электр чойнак,100 та микротўлқинли печ, 100 та телевизор,100 та музлатгич ва 50 та велосипед иштирокчилар учун совға сифатида ҳозирлаб қўйилган.

Мазкур акцияда 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб норасмий меҳнат фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда янгидан меҳнат шартномаси тузиш орқали қонунийлаштирганига камида икки ой тўлган норасмий ишчилар, янгидан давлат рўйхатидан ўтганига ёки фаолиятини тиклаганига камида икки ой тўлган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, фаолиятини қонуний расмийлаштирганига камида икки ой тўлган норасмий ишлаётган фуқароларнинг иш берувчиси иштирок этиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолиятини қонунийлаштирган шахс меҳнат дафтарчаси ва паспортидан ҳамда янгидан давлат рўйхатидан ўтган ёки фаолиятини тиклаган тадбиркорлар эса тадбиркорлик гувоҳномасининг нусхасини, шунингдек, иш берувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишга қабул қилинган ишчиларининг исми шарифи, СТИР рақами, ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхасини вилоятнинг ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига тақдим этиши керак.

Ушбу акция адашган ва хато қилган иш берувчилар, тадбиркорлар ҳамда меҳнат дафтарчасисиз фаолият юритаётган фуқароларимизни тўғри йўлга бошлашда муҳим аҳамият касб этади.

Эслатиб ўтамиз, эълон қилинган акциянинг биринчи босқич жорий йилнинг 5 июнь, иккинчи босқичи 4 сентябрь, учинчи босқичи эса 6 декабрь кунлари бўлиб ўтади.

Баҳодир Файзиев, Бухоро вилояти ДСБ
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.

ЎзА
1 928