Бухорода ер ости йўли топилди
Бухоро мадрасаларидан бирида кўп йиллар давомида яширинган яна бир сир ошкор бўлди.
Бухоро мадрасаларидан бирида кўп йиллар давомида яширинган яна бир сир ошкор бўлди. Мадрасанинг ён томонидан яширин ер ости йўли топилди. Уни археолог Е.Некрасова ва “Қадим Бухоро“ маданий ва маънавий меросни ўрганиш илмий-тадқиқот маркази раҳбари К.Икромовлар аниқлади.
– Бухоро ҳудудида ер ости йўлларининг мавжудлиги ҳақида қадимги афсона ва ҳикояларни кўп эшитганман. Шунингдек, кекса уста-таъмирловчилар Арк қалъаси ҳудудида Регистон дарвозасидан (Аркнинг ғарбий дарвозаси) шарқий – Гўриён дарвозасигача (ҳозирда сақланмаган) ер ости йўли мавжудлигини таъкидлашарди.
1996 йилда Аркнинг жанубий ва ғарбий томонларида гумбазли ғиштли дарвоза қолдиқлари топилади, афсуски, Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан олиб борилаётган тайёргарлик ишлари натижасида, қалъа деворларини таъмирлаш ва тиклаш жараёнида уларнинг устига ғишт териб ёпилади.
Ўтган асрнинг 90-йилларида Арк қалъасининг шарқий қисмида жойлашган собиқ электр станцияси биноси бузилганда, гумбазли ер ости йўли топилади ва ёпиб ташланади. Ва ниҳоят биз археолог Е.Некрасова билан биргаликда Амир Олимхон мадрасаси девори ёнидан бошланган ҳақиқий ер ости йўлини топдик.
Айтганча, ер ости йўлига кириш қисми аллақачон тикланган ва бугунги кунда ер ости лабиринтининг ичкаридан қадай кўринишини билиш мумкин. Ушбу топилманинг сувоқава тизими эмас, айнан ер ости йўли эканлигини Ўзбекистоннинг машҳур археологи Е.Некрасованинг илмий изланишлари тасдиқлади. Шундай қилиб, ер ости йўлидан олинган тупроқ таҳлил қилинганда, унинг таркибида совун, кир ювишдан қолган чиқиндилар ёки оқава сув борлиги аниқланмади. Шунинг учун ундан сув оқиб ўтмаганлигини ишонч билан айта оламиз. Ер ости йўлагига кириш қисми қум билан қопланган эди.
Агар ер ости йўлининг маълум бир қисми очилиб, қайта таъмирланса, у ҳолатда шаҳар яқин ва узоқ хориждан ташриф буюрадиган сайёҳларни жалб қиладиган яна бир диққатга сазовор жойга эга бўлади. Буларнинг барчаси қадимий Бухоро замини янада гўзал ва обод бўлишига, ундаги қадимий ёдгорликлар янги ҳаётга эга бўлишига умид уйғотади.
Шундай қилиб, қадимий Бухоро сир-асрорларининг яна бир саҳифаси очилди. Бухоронинг бунга ўхшаш очилмаган сир-асрорлари ҳали кўп. Айниқса, ер ости йўли таъмирланганидан сўнг, Бухорода туризмни ривожлантириш дастурига асосан, у сайёҳлик йўналишига киритилса нур устига аъло нур бўлар эди. Айни пайтда, ушбу жой таъмирталаб аҳволда. Уни ҳомийлар ёрдамида ҳам таъмирлаш мумкин, у яна қайтадан ўз ҳолига келади ва янги сайёҳлик масканига айланади.
Айтишларича тарих – бу достонлар, афсоналар ва маросимлар, тарихий обидалар, моддий маданият намуналарида мужассамлашган халқ қалби. Халқнинг тарихий хотирасини асраб-авайлаш, бу билан дунё тамаддунини бойитиш – муқаддас ва олижаноб вазифа ҳисобланади. Аслини олиб қараганда бу катта масъулият талаб этадиган барчамизнинг вазифамиздир. Бундан ташқари, ушбу ер ости йўлини таъмирлаш учун арзимаган маблағ сарфлаш қисқа вақт ичида ўз натижасини кўрсатади – иқтисодий салоҳият ва даромад янада кўпаяди, аҳоли бандлиги таъминланади, сайёҳлик оқими кўпаяди, шунингдек, миллий туризм маҳсулотини жаҳон бозорида фаол ва ҳар томонлама тарғиб этилишига сабаб бўлади.
Ер ости йўлининг тикланиши республикада, хусусан Бухоро вилоятида туризм соҳасининг янада ривожланишига янги туртки бўлиши мумкин. Янги сайёҳлик объектининг кўпайиши хорижий сайёҳлар сонининг ва туристик хизматлар кўрсатиш ҳажмининг ошиши, соҳада янги иш ўринлари яратиш орқали бандлик даражасининг кўпайиши, шунингдек, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари ҳамда туризм соҳасида фаолият юритадиганлар сонининг ошишига имкон беради.
Мамлакатимизда бой маданий меросимизни тиклаш, туризм ва экотуризмни ривожлантириш ёш авлоднинг тарихимиз ва маданий меросимизни тушунган ҳолда маънавий билим олишига хизмат қилади. Шуни таъкидлаш керакки, дунёдаги ҳеч бир давлатни туризмни ривожлантиришда жуда ҳам бебаҳо бўлган маданий меросимиз билан солиштириб бўлмайди.
Бу ер сайёҳларни ўзига жалб этадиган ноёб тарихий жой. Ҳозирги кунда сайёҳлар ўзига янги бўлган нарсаларни ўрганиш ва кашф этиш мақсадида мамлакатимизнинг турли бурчагидан, шунингдек, яқин ва узоқ хориждан ташриф буюрмоқда. Бунга ўхшаш сайёҳларни ўзига жалб қиладиган сирлар ва ғайритабиий ҳодисаларга бой бўлган туристик объектлар мамлакатимизда жуда ҳам кўп.
Ушбу тарихий объект инфратузилманинг йўқлиги сабабли сайёҳлик йўналишига киритилмаган, шу сабабли ер ости йўли макетининг моделини яратиш мақсадга мувофиқ ва ер ости йўли таъмирланганидан сўнг, сайёҳлар уни томоша қилишлари ва нафақат ушбу объект, балки ҳудуддаги барча сайёҳлик йўналишлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишлари мумкин.
Лойиҳанинг мазмун-моҳияти Бухоро шаҳрида янги сайёҳлик йўналишини яратишдан иборат. Шунингдек, Буюк Ипак йўли жадал ривожланган, бир вақтлар ҳаёт қайнаган, қадимий маданият марказлари вужудга келган, қадимги Сўғдиёна заминида давлатчилик асослари яратилган, бой тарихий меросимизни бутун дунёга намойиш этишдир. Ушбу лойиҳани амалга ошириш объектларни тиклаш ва инфратузилма яратиш, кўплаб тарихий обидаларни қайта таъмирлаш учун ва бу ўз навбатида янги иш ўринлари пайдо бўлиб, вилоят бюджетига қўшимча маблағ келиб тушиши учун бутун дунёдан инвестор ва сайёҳларни жалб этишнинг асосий механизми бўлиб хизмат қилади.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Бухоро вилоятида туризм соҳасини ривожлантиришда яна бир муҳим бир восита бўлишига аминмиз.
К.Икромов,
“Қадим Бухоро“ маданий ва маънавий меросни
ўрганиш илмий-тадқиқот маркази раҳбари