Бухорода доривор ўт ва гуллар етиштирилмокда
Асли касби фармацевт бўлган Миршод Бобоев гулчиликни ривожлантириш, кўплаб доривор ўтлар тайёрлашга киришганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.
Асли касби фармацевт бўлган Миршод Бобоев гулчиликни ривожлантириш, кўплаб доривор ўтлар тайёрлашга киришганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. У ўзининг эзгу мақсадини амалга ошириш учун “ФАРМа актив” МЧЖ корхонасига асос солди.
Корхонани ташкил этишга киришди-ю, доривор ўтлар ва гулларни етиштириш учун ер керак эди. 2019 йилда яхши, пухта ишланган бизнес режа учун мазкур жамиятга Бухоро вилояти Вобкент тумани “Паноб” МФЙ ҳудудидаги нообод ерлардан 26 гектар ер ажратилди. Ерларга ишлов берилиб, гулхайри, нозбўй, мойчечак, тирноқгул ва атиргул кўчатлари экиб ўстирилди. Корхонага ҳудуддан ишсиз ёшлар ишга қабул килинди. Ёшлардан ташкил топган ишчиларнинг шу кеча-кундуздаги фаолиятлари, меҳнатлари эвазига ерларда униб чиққан доривор гиёҳлар ва гуллар чиройли бўлиб униб чиқмоқда.
– Мана бу атиргул плантацияси, – дейди жамият иш юритувчиси Шерзод Ҳамроев. – Бу гул апрель-май ойларида қийғос гуллайди. Биз иш кўпайган пайтда ишсиз юрган ёш йигит-қизлар ва аёлларни атиргулнинг гулини теришга жалб этамиз. Шу йил ҳам 100 нафардан кўпроқ ёшлар бизга кўмакка келди. Кўрганингиздек мана бу қоплардаги маҳсулот гуллар поясининг майдалангани. Галаосиёда доривор гул ва уларнинг поясини қадоқлаш цехимиз ишлаб турибди.
Жамиятда тадбиркорлик билан иш кўришга кенг йўл очиб берилган. Гулхайри гуллари ва нозбўйларни йиғиштириб олаётган ёш ишчиларни далада учратдик.
– Гул ва доривор ўтларни териш жуда ҳам завқли, – дейди юзига ниқоб тақиб олган Зулхумор Аҳророва. – Биз тераётган гуллар бугун-эрта қайта ишланиб, доривор ўтлар тайёрланади. Улар кўплаб юртдошларимизга соғлиқ ва тетиклик бахш этади. Жамият ташкил этилганидан буён мана шу майдон атиргулзор ва унумли ерларга айланди. Ойига 1 миллион сўмдан ортиқроқ маош олаяпмиз. Мавсумда кўплаб йигит-қизлар иш билан банд бўлишди. Бундан кўпчилик мамнун.
Темурмалик Расулов мазкур жамиятнинг жонкуяр ходимларидан бири. У бир неча йил аввал Россия Федерациясида гулчилик соҳасида ишлаб, анча тажриба тўплаб қайтган. Бугун мана шу тажрибасига суянган ҳолда фаолиятини ўз қишлоғида давом эттирмоқда. Тадбиркор томонидан атиргуллар орасида экилган тарвузларни кўриб одамнинг ҳаваси келади.
Далани айланар экансиз атиргул ўсаётган ҳамда турфа гуллар парваришланаётган ерларни кўриб, бу ерда гулчилик сердаромад соҳага айланиб бораётганига гувоҳ бўласиз. Шунингдек, жамият раҳбари ва ишчиларининг айни пайтдаги ғайрати ва тадбиркорлиги туманда гулчи ёшлар сафининг кенгаётганидан далолат бермоқда.