ЎзА Ўзбек

07.03.2019 Чоп этиш версияси

Бухорода биринчи ўзбек электромобили модели яратилди

Бухорода биринчи ўзбек электромобили модели яратилди

Ғоя, лойиҳа муаллифи ҳамда конструктори, яқинда 28 ёшни қаршилайдиган Саидбек Ғуломов. 

Ёш ихтирочи асли Фарғона вилояти Қувасой шаҳридан. У Фарғона политехника институтининг кимё-технология факультетининг, аввал бакалавриат ва кейинчалик магистратура босқичини тугатган.

У ҳали мактабда ўқиб юрган кезлари автомобилларга қизиқар эди. Бу унинг хоббиси эди. Интернет орқали ўша кезлардан бошлаб ўзи қизиққан автомобилларининг хусусиятларини, устунлиги ва камчиликларини ўрганди.

– Икки йил олдин менда Ўзбек миллий автомобили брендига асос солиш ғояси пайдо бўлди ва буни амалга ошириш учун атрофимга қобилиятли ёшларни тўплаб кичик жамоа тузиб, ишни бошладим, – дейди Саидбек Ғуломов. – Ижодий изланишлар натижасида ғоя ишланмаси бўйича чизмаларнинг вариантлари муҳокамалар жараёнида такомиллаштирилди. “Saidbek dream cars” корхонасини ҳам ташкил этдик. Аммо...

Қоғоздаги лойиҳани амалиётга жорий қилиш учун шароит ва маблағ зарур эди. Суҳбатдошимиз мулоқот чоғида бу масалада ёрдам сўраб, соҳага алоқадор бир қанча ташкилотларга мурожаат қилганини, афсуски, улардан умидбахш жавоб олмаганини айтди. Балки, мутасаддилар у бошлаган ишнинг муваффақиятига ишонишмаган. Лекин Саидбекда ўз ғоясига ишончи собит эди. Шу боис ҳам ёрдамга қўл узатадиганларни излашда давом этди.

1.JPG

Ўтган йил август ойи бошларида унинг ғоясига қизиқиш билдирган асли бухоролик бўлган Россия фуқароси, Когон туманидаги “ Когонремстройкомплект” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси раҳбарларидан бири Шамсиддин Ҳасанов билан учрашгач, ҳамкорликка киришилди.

Саидбек, ўтган йилнинг сентябрь ойида Бухоро вилояти Когон туманидаги қўшма корхона каттагина цехининг бир қисмида иш бошлади. У зарур материаллар билан таъминланди. Орадан икки ой ўтгач, Бухоро вилояти ҳокими ҳудуддаги турли мулк шаклидаги корхоналар билан танишиш жараёнида қўшма корхонада ҳам бўлди. Табиийки, Саидбекнинг ғоясига қизиқиш билдирилди. Бу ҳам ўзига хос рағбат эди.

2.JPG

– Таъкидлаш керак, мақсадга эришиш осон кечмади, – дейди ёш ихтирочи. – Чизмаларни гипсдан ишланадиган моделга айлантириш босқичларида автомобиль қулайлигини ошириш учун айрим ўлчамларни неча бор ўзгартиришга тўғри келди. Албатта, жараёнда жамоамдагилар менга масофадан ёрдам бериб туришди. Декабрь ойи сўнгига келиб моделлаштириш ишлари якунланди.

Цехда ушбу ишланмани кўздан кечирдик. Маълум бўлдики, моделни тайёрлаш жараёнида унинг баландлиги бир мунча оширилиб, 1,53 метрга етказиш мақбул кўрилибди. Беш ўринли бу автомобилнинг узунлиги 4,75 метр, эни эса 2 метр. Ғилдираклари 18 дюмли бўлади. Вазни тахминан 1 минг 450 килограмм. Мотор қуввати 169 от кучига тенг.

– Енгил машина кузовини алюминийдан тайёрлашни лозим топдик, –дейди Саидбек. – Боиси, унинг вазни бошқа металлардан анча енгил. Демак, машинанинг тезлигини ошириш учун ҳам қулай. У 6,5 сонияда соатига 100 километр тезликка эришиши ҳисоблаб чиқилган. Яна бир муҳим масала. Ҳозирча, автомобилга 220 вольтли кучланишли электр таъминот нуқтаси орқали зарядланадиган 40 киловат сиғимли аккумулятор ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Дастлабки, ҳисоб-китобларга кўра, электромобиль тўлиқ олинган заряд билан 350 километр масофа йўл босиши мумкин.

6.JPG

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, хориждаги айрим енгил автомашиналардан қолишмайдиган техник кўрсаткичларга эга электромобиль чизмаларини ўз ичига олган ҳужжатлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига тақдим этилган бўлиб, улар ҳозирда кўриб чиқилаётган экан.

– Ўтмишда мамлакатимиз заминидан жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшган буюк аждодлар етишиб чиққан, – дейди Саидбек. – Улардан бири Аҳмад Фарғонийдир. Бу улуғ зот Европада Al-FRAGANUS (ал Фарганус) номи билан машҳур. Мен яратаётган электромобиль ана шундай ном билан ишлаб чиқарилади.

Кўпчиликни янги машинанинг намуна нусхаси қачон ишлаб чиқарилиши қизиқтиряпти. Ҳозирда бу масала устида бош қотирилмоқда. Аниқроғи, эҳтиёт қисмлар муаммоси бор. Саидбекнинг айтишича, унинг изланишларидан яқинда воқиф бўлган тегишли мутасадди ташкилотлар инновацион лойиҳани амалга оширишда ҳамкорликка тайёрликларини билдиришаётган экан.

5 082
Эркин Ёдгоров, Т.ИСТАТОВ (сурат), ЎзА