ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Бухорода 30 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган шифо маскани қурилиши нега оқсамоқда?

Бухорода 30 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган шифо маскани қурилиши нега оқсамоқда?

Аҳоли ҳам мутасаддилар ҳам шифо маскани тезроқ ишга тушушини истамоқда. Айниқса, бугунги пандемияли вазиятда бундай тиббиёт муассасасига эҳтиёж кун сайин ортиб турибди. Аммо эътиборсизлик, айрим масъулларнинг масъулиятсизлиги ортидан бирламчи қурилиб битказилиши зарур бўлган муассасанинг қурилиши якунланиши нима учундир ортга сурилмоқда.

Бухоро вилояти Когон шаҳрини темир йўл вокзали икки қисмга ажратиб туради. Шаҳарнинг ичида кўплаб ижтимоий объектлар билан бирга замонавий шифохона ва касалхона қад ростлаган.

Темир йўл вокзалининг орқа томонида яшовчи аҳолига эса тиббий хизмат кўрсатадиган биронта ҳам шифохона ёки поликлиника йўқ эди. Аҳолининг талаб ва истаги асосида Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” Давлат дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида"ги қарорига кўра 2019 йил “Обод маҳалла” Давлат дастури доирасида ҳудуднинг “Маҳтумқули” маҳалла фуқаролар йиғини Халқобод кўчаси ҳудудида 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника қурилиши учун 3000 кв. метр ер ажратиш тўғрисида шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди.

photo_2020-08-05_18-09-14.jpg

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси буюртмачи, “Ғиждувон Зарангари қурилиш” ИТКТ корхонаси бош пудратчи этиб белгиланди.

Хўш, бугунги кунда мазкур шифо масканининг қурилиши қай аҳволда. Унинг ўз вақтида фойдаланишга топширилишига нима тўсқинлик қилмоқда? Биз шу масалада мутасаддиларга мурожаат қилдик.

– Умумий қиймати 5 миллиард 966 миллион 27 минг 388 сўм этиб белгиланган мазкур объектни қуриш 2019 йилнинг баҳор ойида бошланган эди, – дейди “Ғиждувон Зарангари қурилиш” ИТКТ корхонаси ишлаб чиқариш бўлими муҳандиси Сухроб Шарипов.Корхонамиз томонидан объект қурилиши учун барча имкониятлар сафарбар этилди. Мазкур объект 2019 йилнинг охирида топширилиши керак эди. Корхонамиз ҳисоб рақамига мазкур объект буюртмачиси томонидан жами бўлиб 1 миллиард 850 миллион 450 минг сўм маблағ келиб тушди. Шунга қарамасдан ишимизни режадан ортда қолдирмасдан бажаришга ҳаракат қилдик. Бугун объектдаги қурилиш ишларининг 80 фоизи бажарилган. Пандемия бошланиши билан мазкур объектда барча ишлар тўхтаб қолди. Сабаби бажарилган ишлар буюртмачи томонидан ўз вақтида молиялаштирилмади. Агар объект буюртмачи томонидан молиялаштирилса бир ой ичида барча ишлар амалга оширилади. 


photo_2020-08-05_18-09-37.jpg

– Когон шаҳар аҳолисига сифатли тиббий хизматни ташкил этиш, аҳолининг узоғини яқин қилиш мақсадида 2019 йил баҳор ойларида мазкур оилавий поликлиника қурилиши бошланган эди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиев. – Мазкур поликлиника шаҳардаги Зирабод, Нав Зирабод, Хўжабарги, Ибн Сино Маҳтумқули ҳудудларидаги 30 минг аҳолига хизмат қилади. Поликлиника замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Мазкур объектнинг фаолияти айни пандемия авж олган кунларда жуда ҳам зарур ҳисобланади.

photo_2020-08-05_18-09-41.jpg

– Ҳаммага маълумки, шаҳримизда Темир йўл вокзали мавжуд, – дейди шаҳар ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Дилфуза Эргашева. – Шаҳримизда замонавий касалхона ва поликлиника мавжуд. Лекин мазкур объектлар шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган. Темир йўл кесишмасининг нариги томонидаги аҳолига қулайликлар яратиш, узоғини яқин қилиш мақсадида 2019 йил “Обод маҳалла” Давлат дастури асосида қурилиши бошланган мазкур поликлиника тез вақт ичида қад ростлади. Лекин бугунги пандемия даврида замонавий қиёфа касб этган поликлиникадан самарали фойдалана олмаяпмиз. Айрим сабабларга кўра қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

– Ҳудудимизда 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Маҳтумқули” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Муҳаббат Баширова. – 865 та хонадон, 10 та кўча мавжуд. Аҳолимиз поликлиникага бориши учун вақт сарфлаб темир йўл вокзалининг нариги томонига ўтиши керак. Агар мана шу замонавий тиббиёт маскани фойдаланишга топширилса, қариялар, ногиронлар, аёллар ўз ҳудудидаги оилавий поликлиникага қатнар эди. Айниқса, бугунги мураккаб вазиятда мазкур тиббиёт масканининг иш бошлаши аҳолига сув ва ҳаводек зарур.

Пандемия бутун дунёни эгаллаётган бугунги таҳликали замонда аҳоли саломатлигини асраш энг муҳим вазифалардан биридир. Шундай экан мазкур шифохонанинг фойдаланишга топширилиши энг муҳим масала ҳисобланади. Наҳотки мутасаддилар бу масаланинг нақадар муҳимлигини тушунишмаса? Маҳаллий бюджет маблағидан қурилиши белгиланган мазкур муассаса учун ажратилган пуллар қаерга ишлатилган. Ахир уни дастурга киритишдан олдин маблағ масаласи ҳам ҳал этилган-ку. Нега ўтган йили қурилиши тугалланиши керак бўлган шифо маскани ҳанузгача фойдаланишга топширилмаяпти?

Мутасаддилардан жавоб кутамиз.

6 259
Зариф Комилов, ЎзА