ЎзА Ўзбек

06.09.2018 20:29 Чоп этиш версияси

Бухоро – юраклардан жой олган шаҳар

Бухоро – юраклардан жой олган шаҳар Миср Араб Республикасининг бир гуруҳ олимларидан иборат делегация 5-6 сентябрь кунлари Бухоро шаҳрида бўлди.

Қоҳирадаги олий ўқув юртлари вакилларидан иборат делегация ташрифни Когон туманининг Қасри Орифон қишлоғидаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси ва бу ерда фаолият юритаётган Мир Араб олий мадрасаси билан танишишдан бошлади.

Меҳмонларга Бухоронинг бой тарихи, ислом тамаддунида тутган ўрни, бу заминдан етишиб чиққан улуғ алломалар ҳаёти ҳақида сўзлаб берилди.

Бухоро бўйлаб зиёрат сафари Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий мақбараси, Мир Араб ва Жўйбори Калон ўрта махсус ислом билим юртлари, шунингдек, Пойи Калон мажмуаси каби меъморий ёдгорликлар билан танишиш асносида давом этди.

Миср делегацияси аъзолари бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, соф ислом маърифатини тарғиб қилиш, буюк аждодларимиз қадамжоларини янада обод этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.

– Ўзбекистоннинг кўпгина шаҳарлари, жумладан, Бухоро менга яхши таниш, – дейди Қоҳира университетининг меъморчилик кафедраси профессори Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ. – Бу заминда кўплаб фундаментал фанлар ривожига ва ислом маданиятига улкан ҳисса қўшган улуғ зотлар камол топган. Сафаримиз давомида Бухоронинг кейинги минг йиллик тарихига мансуб меъморий ёдгорликлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Улардаги нақшларнинг бирортаси бири-бирини такрорламаслигидан ҳайратга тушдим. Таассуротларим ва илмий хулосаларим ҳақида мамлакатингиз тарихига бағишланган навбатдаги китобимда ҳам алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Миср делегацияси аъзолари, шунингдек, бир қатор таълим муассасаларида бўлиб, баркамол авлод камолоти йўлида яратилаётган шароит ва имкониятлар, таълимда жорий этилаётган замонавий ишланмалар билан танишди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
6 339