Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида энергоресурслар билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди
Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ромитан туманининг Газли шаҳри яқинидаги чўл ҳудудида Хоразм вилояти Хазорасп туманида яшовчи Ф.Норбоев ўзига тегишли бўлган “ISUZU” русумли автомашинада 7,4 тонна газоконденсат маҳсулотини ноқонуний равишда олиб кетаётган вақтда қўлга олинди.

Дастлабки суриштирув ишлари натижасида ушбу газоконденсат маҳсулоти Қоракўл туманида яшовчи фуқаролар Э.Нуруллаев, С.Қувонов, Қ.Рўзиев, Р.Наврўзов ҳамда Ж.Қозоқовлар томонидан мазкур туманининг чўл ҳудудидан ўтган қувурни яширинча тешиб, қўлбола мослама ёрдамида тортиб олинганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Қоракўл туманида ўтказилган бошқа бир тадбир давомида ҳам газ қувурининг ер остидан ўтувчи қисмини тешиб, ўғрилик қилиш ҳолати фош этилди ва маҳаллий фуқаро Н.Жумаев воқеа жойида қўлга олинди. Маълум бўлишича, Н.Жумаев ва унинг шериклари чўл ҳудудидан ўтган газ қувуридан 2,5 тоннадан ортиқ газоконденсат маҳсулотини ноқонуний ўзлаштиришган.
Бундан ташқари, ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида Ғузор туманида жойлашган “Ҳамро” МЧЖ раҳбари Ф.Муянов аҳолига имтиёзли нархда берилиши керак бўлган суюлтирилган газ маҳсулотини талон-тарож қилганлиги маълум бўлди. Текширувлар давомида мазкур МЧЖга қарашли маиший газ баллонларни тўлдириш шахобчасидан унга яқин ҳудудда жойлашган Ф.Муяновнинг автомобилларга газ қуйиш хусусий шаҳобчасига яширин тарзда қувур ўтказилганлиги ошкор бўлди. Шунингдек, ушбу шахобчадан “Зил” автомашинасида газ маҳсулоти олиб чиқилиб, Қарши шаҳар, “Човқай” маҳалласида жойлашган “Автоҳамкор” МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шахобчасига сотиш учун етказиб берилаётганлиги ҳам аниқланди.
Ҳозирда юқорида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.